«Салимбойвачча» – Салим Абдувалиев қамоқдан озод қилинди – ОАВ
Салим Абдувалиев саломатлигидаги муаммолар туфайли озодликка чиқди. У ўтган йилнинг март ойида 6 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган эди.
«Kun.uz» нашрининг ўз манбасига таяниб хабар беришича, халқ орасида «Салимбойвачча» номи билан таниқли С.Абдувалиев жазони ижро этиш муассасасидан 12 январ куни соғлигидаги муаммолар туфайли озод қилинган.
75 ёшли Абдувалиев 2023 йилнинг декабрида ўқотар қуролни қонунга хилоф равишда сақлашда гумонланиб ушланган ва Жиноят ишлари бўйича Миробод тумани суди 2024 йил 19 март куни уни ЖКнинг 248-моддаси (Ўқотар қуролнинг, ўқ-дориларнинг, ўқотар қурол асосий қисмларининг, портловчи моддаларнинг, портлатиш воситаларининг ёки портлатиш қурилмаларининг қонунга хилоф муомаласи) 2-банди билан айбдор деб топиб, 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилган эди.
«Салим Абдувалиев хасталиги туфайли 2025 йил 12 январ куни ЖКнинг 75-моддаси тартибида жазодан озод қилинган ва озодликка чиқарилган», – деб ёзмоқда нашр.
Маълумот учун, ЖКнинг 75-моддаси (Касаллик ёки меҳнат қобилиятини йўқотиш оқибатида жазодан озод қилиш) ҳукм чиқарилганидан кейин жазони ўташга тўсқинлик қиладиган оғир касалликка чалинган шахс жазони ўташдан озод қилинишини назарда тутади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter