Вояга етмаган боланинг ўлимига сабаб бўлган ҳайдовчига ҳукм ўқилди
Бухорода вояга етмаган боланинг ўлимига сабаб бўлган ҳайдовчи қамалди.
Жиноят ишлари бўйича Қоракўл тумани суди раиси Бобораҳим Очиловнинг «Xabar.uz»га билдиришича, 30 ёшли фуқаро О.Я. ўз бошқарувида бўлган «Nexia» русумли автомашинасини Қоракўл туман ҳудудидан ўтувчи 4К198-сонли автомобиль йўлидан «Қоракўл-Камолот» маҳалла фуқаролар йиғини йўналишида бошқариб борган.
Мазкур йўлнинг «Човли»маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидан ўтган 11-километрига етганда, амалдаги йўл ҳаракати қоидаларини қўпол равишда бузган. Автомашинасини 70-80 км/соат тезликда бошқариб бориши жараёнида йўл транспорт ҳодисасини содир қилган.
У велосипедда ҳаракатланиб келаётган вояга етмаган 16 ёшли К.Қ.ни уриб юборган. Кучли зарбдан велосипед йўл четига чиқиб кетган. Бола машинанинг олд капоти устига учиб тушган. Автомашина тахминан 20 метрча тормозлаб бориб тўхтаган. Шунда велосипед ҳайдовчиси сидирилиб ерга тушиб кетган. Қишлоқ одамлари тўпланиб, биринчи ёрдам кўрсатилгунига қадар оғир тан жароҳати олган вояга етмаган бола ҳодиса жойида вафот этган.
Автомашина ҳайдовчиси ўз айбига иқрор бўлган. Ёш боланинг ўлимига сабабчи бўлган ҳайдовчи марҳумнинг таъзиясида унинг оиласига 40.000.000 сўм пул ёрдам қилиб, велосипед олиб берган.
«Айбдорман. Ҳолат кутилмаганда содир бўлди. Ўз вақтида ёрдам кўрсата олмадим. Қонун доирасида тегишли жазони ҳам тайинлашди. Ёш боланинг уволига қолдим. Вақт-ку, ўтади. Аммо, бу азоб мени бир умр виждон азобидан қийналиб ўтишим тайин»,-деган айбдор судда.
О.Я. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 266-моддаси (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли, деб топилди. Унга шу модда билан 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Айбдор ўз жазосини манзил тартибли колонияларда ўтайдиган бўлди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter