Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Мирзиёев коррупцияга қарши муҳим ташаббусларни илгари сурди

Мирзиёев коррупцияга қарши муҳим ташаббусларни илгари сурди

Фото: Президент матбуот хизмати.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 19 декабрь куни Тошкент шаҳридаги Конгресс марказида Коррупцияга қарши курашиш бўйича юксак халқаро мукофот билан тақдирлаш маросимида иштирок этди.

Тадбирда мукофот асосчиси – Қатар Амири шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти вакиллари, 40 дан зиёд мамлакат делегациялари, шу жумладан ушбу халқаро мукофот совриндорлари қатнашди.

Давлатимиз раҳбари форум иштирокчиларини қутлар экан, Қатар Амири ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчиликка қарши курашиш бошқармасига тадбирни Ўзбекистонда ўтказиш таклифи учун миннатдорлик билдирди. Қатар делегацияси ва халқини 18 декабрь куни кенг нишонланган Мустақиллик байрами билан самимий табриклади.

Ўзбекистон етакчиси  бугунги кунда Қатар глобал ҳамкорлик ва дипломатия марказига айланиб бораётганини, юксак савияда ўтказилган футбол бўйича жаҳон чемпионати, Кам ривожланган давлатлар бўйича халқаро конференция ва «Экспо Доҳа– 2023» бутунжаҳон кўргазмаси, кўплаб халқаро ташаббуслар бунинг тасдиғи эканини таъкидлади.

Давлатларимиз ўртасидаги муносабатлар мутлақо янги босқичга кўтарилгани мамнуният билан қайд этилди. Бугунги тадбир ҳам мақсадларимиз уйғун ва ҳамоҳанг эканининг ёрқин рамзий ифодасидир.

Ўзбекистон Президенти таъкидлаганидек, шиддат билан ўзгараётган дунёдаги энг долзарб муаммолардан бири бўлган коррупцияга қарши курашиш соҳасида глобал мукофотнинг таъсис этилгани ва уни топширишга бағишланган маросимлар барча қитъаларда ўтказиб келинаётгани юксак эътирофга сазовордир.

– Зеро, коррупцияга қарши курашиш ҳар бир соф виждонли инсоннинг, демократик жамият ва давлатнинг муқаддас бурчидир, - деди Шавкат Мирзиёев.

Ушбу нуфузли мукофот орқали коррупцияга қарши курашишга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшаётган жаҳондаги энг фаол шахсларнинг эътироф этилиши 2003 йилда қабул қилинган БМТнинг Коррупцияга қарши курашиш конвенцияси талабларини ҳаётга изчил ва тўлиқ татбиқ этишга хизмат қилиши таъкидланди.

Давлатимиз раҳбари коррупция бутун инсониятга, барча жамиятлар асосига, иқтисодий тараққиётга зарба берадиган, қонун устуворлигини бузадиган ва халқнинг давлат сиёсатига ишончини кескин сусайтирадиган, демократик институтлар ривожига тўсқинлик қиладиган хатарли таҳдид эканини қайд этди.

Таҳлилларга кўра, ҳозирда коррупциянинг дунё миқёсидаги зарари 3 триллион АҚШ долларига яқин миқдорни ташкил қилмоқда. «Аммо мен бу катта рақамлар ҳақиқий ҳолатни ва коррупция натижасида кўрилаётган реал зарарнинг аниқ ҳажмини тўлиқ ифода эта олмайди, деб ҳисоблайман», деди Ўзбекистон етакчиси.

Бугун Ўзбекистон коррупцияга қарши курашиш жараёнида ҳуқуқий ва институционал ислоҳотларни тизимли амалга ошираётгани, БМТ, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти каби нуфузли халқаро тузилмалар билан яқин ҳамкорлик қилиб келаётгани таъкидланди. Коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги қонун қабул қилиниб, махсус ваколатли Агентлик ташкил этилган.

Ҳукумат фаолиятининг очиқ ва ошкоралигини таъминлаш ва масъулиятини ошириш, бюрократияни камайтириш ва давлат хизматларини соддалаштириш, коррупциянинг олдини олишга қаратилган превентив механизмлар амалиётга кенг жорий этилмоқда.

Хусусан, барча давлат идораларида комплаенс ва самарадорликни баҳолаш рейтинг тизимлари йўлга қўйилди. Давлат харидлари тўлиқ рақамлаштирилди.

Ўзбекистон 2021 йилда Халқаро Очиқ маълумотлар хартиясига аъзо бўлди. Мамлакатимиз Истанбул ҳаракатлар дастури, Глобал оператив тармоқ, Евроосиё ва Эгмонт гуруҳлари, бошқа кўплаб платформаларда самарали иштирок этиб келмоқда. Ғарбий ва Марказий Осиё давлатларининг активларни қайтариш тармоғининг Котибияти вазифасини бажармоқда.

Ҳар йили Тошкентда анъанавий Халқаро аксилкоррупция форуми ўтказиб келинмоқда.

Кейинги йилларда мамлакатимиз «Transparency International» индексида 42 поғонага кўтарилди ва бу борада минтақамизда энг юқори ўринни эгалламоқда. 2030 йилга қадар мазкур рейтингдаги ўрнимизни яна 50 поғонага яхшилаш мақсадини кўзлаганмиз.

«Open Data Inventory» рейтингида эса жорий йилда 30-ўринга кўтарилдик. Очиқ маълумотлар манбалари бўйича Ўзбекистон дунёда 4-ўриндан жой олган.

- Демократик ислоҳотлар ортга қайтмас тус олган Янги Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш борасида ҳам катта режа ва вазифаларни ўз олдимизга қўйганмиз, - деди давлатимиз раҳбари.

Уларга эришиш мақсадида Президентимиз қатор таклиф ва ташаббусларни илгари сурди.

Энг аввало, Коррупцияга қарши курашиш бўйича 2030 йилгача мўлжалланган миллий стратегия ишлаб чиқилиб, ҳаётга татбиқ этилади.

Унда давлат идоралари фаолиятининг янада шаффофлигини таъминлаш ва ҳисобдорлигини ошириш, очиқ маълумотлар тизимини такомиллаштириш, соҳанинг ҳуқуқий асослари ва институционал механизмларини мустаҳкамлашга алоҳида урғу берилади.

Шунингдек, Ўзбекистон коррупцияга қарши курашдаги минтақавий ва глобал ташаббус ва янги лойиҳаларни қўллаб-қувватлайди ва уларда фаол қатнашади. Бу борада ўтган ойда Тошкентда ишга тушган Коррупцияга қарши курашиш конвенциясининг Минтақавий платформасидан кенг фойдаланилади.

Шу билан бирга, нодавлат нотижорат ташкилотларини фаол жалб этган ҳолда, ўзаро тажриба алмашиш ва мулоқотларни кучайтириш, илмий изланишлар олиб бориш мақсадида Коррупция муаммолари бўйича минтақавий тадқиқот марказини ташкил этиш таклиф қилинди.

Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг хорижий турдош муассасалар билан яқин ҳамкорлиги кучайтирилади, бу унинг салоҳиятини янада оширади.  Энг илғор халқаро тажрибага асосланган янги механизмлар татбиқ қилинади, жумладан, коррупция ҳолатлари бўйича «дастлабки ўрганиш» – коррупцион суриштирув институти жорий этилади.

Болаликдан «ҳалоллик вакцинаси» билан эмланган янги авлодни камолга етказиш устувор вазифа сифатида қайд этилди. миздир. БМТнинг Коррупцияга қарши таълим ва ёшларнинг имкониятларини кенгайтириш глобал ресурси дастурини Ўзбекистонда кенг жорий этиш режалаштирилган.

Ўзбекистон Президенти коррупцияга қарши курашиш бўйича журналистлар имкониятларидан унумли фойдаланиш ва улар таъсирини янада ошириш учун Глобал медиа форумни ўтказиш таклифини билдирди.

Сўзининг якунида давлатимиз раҳбари нуфузли мукофот билан тақдирланганларни дилдан қутлаб, уларга адолатни таъминлаш йўлидаги саъй-ҳаракатларига катта муваффақиятлар тилади.

Ўзбекистон Президенти Қатар Амири билан биргаликда Коррупцияга қарши курашиш бўйича юксак халқаро мукофотини унинг эгаларига тантанали топширди.

«Коррупцияга қарши курашдаги ютуқлар» номинациясида «Transparency International» халқаро ташкилотининг собиқ раиси Хосе Карлос Угас Санчес Морено (Перу) совриндор бўлди.

«Таълим ва академик тадқиқотлар» номинациясида Сингапур Миллий университети собиқ профессори Джон Куа (Сингапур) ва Загреб университети профессори Сунчана Роксандич (Хорватия) ғолиб бўлди.

«Коррупцияга қарши курашишда ёшлар ижоди ва фаоллиги» учун мукофотлар «Youth4IntegrityBuilding» нодавлат ташкилотига (Кения) – директор Дамарис Асвега ҳамда «All4Integrity» нодавлат ташкилотига – асосчиси Андре Корреа Д’Альмейдега топширилди.

«Инновациялар ва журналистик суриштирувлар» номинациясида суриштирувчи мухбир Клэр Рюкасл-Браун (Буюк Британия) ва Буюк Британия Халқаро тараққиёт вазирлиги коррупцияга қарши курашиш бўлимининг собиқ раҳбари Фил Мейсон совриндор бўлди.

«Спортни коррупциядан ҳимоя қилиш» номинациясида мукофотларга журналист ва «BBC» бошловчиси Вайхига Мваура (Кения) ва «Central European News» ахборот агентлиги муҳаррири Шантану Гуха Рэй (Ҳиндистон) муносиб топилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг