Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Исроилнинг Эронга ҳужумига доир муҳим тафсилот маълум бўлди

Исроилнинг Эронга ҳужумига доир муҳим тафсилот маълум бўлди

Нетаняҳу ҳарбий базада Эронга тунги ҳужумни кузатмоқда.

Фото: Axios

Исроил шанбага ўтар кечаси Эронга ракета зарбалари уюштиргани ҳақида хабар берган эдик.

АҚШнинг Axios нашри ўз манбаларига таяниб ёзишича, Исроил расмийлари ҳужумдан аввал Эрон ҳукуматини бундан хабардор қилган ва ҳужумга жавоб қайтармасликни сўраган.

Тель-Авивнинг бу ҳаракати Теҳрон билан кенг кўламли урушни истамаслиги ва икки ўртадаги тарангликни юмшатмоқчи эканидан далолат беради.  

Таҳлилчиларга кўра, АҚШнинг босими остида Исроил Эрон билан жиддий ихтилофга бормасликни маъқул кўрмоқда. Қолаверса, Ғазо сектори ва Ливандаги қирғинбарот давомида яҳудий армияси анча ҳолдан тойган.

Исроил расмийлари бугун Эроннинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими ҳамда ракета, дронлар базаларига ҳужум уюштиргани ҳақида хабар берди. Зарбалар 100 дан зиёд учоқлар, жумладан, F-35 қирувчилари орқали йўлланган.

Тель-Авив бу Эроннинг 1 октябрдаги оммавий ракета ҳужумига жавоб эканини маълум қилган.

Эрон расмийлари таъкидича, Исроил ҳужуми муваффақиятли қайтарилган ва мамлакат жиддий талафот кўрмаган.

Кейинроқ ҳужум пайти Эроннинг икки аскари ҳалок бўлгани ҳақида хабар тарқалди.

Ўз навбатида, Исроил томони ҳам ҳужум самарали бўлганини даъво қилмоқда.

Вашингтон вакили АҚШ ҳужумда қатнашмагани, аммо Эрон яна жавоб қайтарса, Исроилни ҳимоя қилишини таъкидлаган. Хусусан, АҚШ мудофаа вазири Ллойд Остин Эронга ҳужумдан кейин исроиллик ҳамкасби Йоав Галант билан телефон орқали суҳбатлашиб, «Қўшма Штатлар Исроилни ҳимоя қилишда собит» эканини тасдиқлаган.

Президентлик сайлови яқинлашаётган паллада Оқ уй ашаддий рақиблар – Исроил ва Эрон ўртасидаги кескин муносабатни юмшатишга уринмоқда.

«Мақсадимиз – Яқин Шарқ минтақасида дипломатик чораларни ишга солиш ва тарангликни юмшатиш. Биз жанговар ҳаракатлар силсиласи тўхташи учун Эронни Исроилга ҳужумларни бас қилишга чақирамиз», – деган АҚШ Миллий хавфсизлик кенгаши вакили.

Ғарбдаги манбаларга кўра, Исроил аввал-бошда Эроннинг ядро ва нефть объектларига зарба беришни режалаштирган. Аммо Жо Байден ҳукумати Бинямин Нетаняҳу маъмуриятини бу қарордан қайтарган.

Тель-Авив ва Теҳрон ўртасидаги чигал муносабатлар сўнгги пайтларда янада таранглашди.

Охирги уч-тўрт йилда кечган «соядаги уруш» мобайнида Эроннинг етакчи ҳарбийлари ва олимлари ўлдирилди, ядро объектларига ҳужумлар уюштирилди.

Ҳозирги вазиятда эса яҳудий давлати ҳам, форс давлати ҳам ўзаро кенг кўламли урушни истамаслиги айтилади. Шунга кўра, икки ўртадаги ракета ҳужумлари «жамоатчилик учун қўйилаётган спектакль» деган тахмин ҳам мавжуд.

Сўнгги ойларда икки ўртада жосуслар ўйинлари ҳам кучайган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг