Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Энергетика вазирлигига қуёш панелларини мажбурий ўрнатиш бўйича мурожаатлар тушди

Энергетика вазирлигига қуёш панелларини мажбурий ўрнатиш бўйича мурожаатлар тушди

Бир неча кун аввал Энергетика вазири ўз қабулхонаси рақамини қолдириб, қуёш панелларини ўрнатишга мажбурлаш ҳолатлари бўйича хабар беришларини сўраган эди.

Куни кеча ижтимоий тармоқларда қабулхонадаги +99871-231-14-41 рақамига қўнғироқ қилиб, боғлана олмаган юртдошимизнинг эътирози тарқалди.

Ҳолат бўйича Энергетика вазирлиги ахборот хизмати қуйидагиларни маълум қилди.

Қайд этилишича, 7 октябрь куннинг иккинчи қисмидан бошлаб, 8 октябрь соат 20:30 га қадар вазирлик қабулхонасига жами 1232 та қўнғироқ бўлган.

Уларнинг 131 тасига қабулхона ходимлари ҳамда вазирлик ахборот хизмати томонидан қабул қилиниб, жавоб берилган. Битта қўнғироққа ўртача 3 дақиқадан 6 дақиқагача вақт сарфланган. Мазкур вақт оралиғида қабулхонага яна 4-8 та атрофида қўнғироқ бўлиб турган. Қабулхонада бир киши телефонга жавоб берганлиги сабабли уларни қабул қилишнинг имкони бўлмаган.

Қабул қилинган қўнғироқларнинг 54 таси қуёш панелларининг афзалликлари, уни ўрнатишга давлат томонидан қандай имтиёзлар берилиши, қуёш панелини қаерда арзон сотиб олиш мумкинлиги тўғрисидаги саволлардан иборат бўлган. 28 та қўнғироқ эгаси маҳалласидаги электр таянч устуни ҳамда электр узатиш ҳаво тармоғининг эскилигини айтиб, янгилашда ёрдам сўраган. 31 та қўнғироқ қуёш панели ўрнатишга мажбурланаётганини айтган фуқаролардан тушган бўлиб, уларнинг 14 таси бу ҳодиса бир неча кун аввал бўлганини билдирган. Уларнинг 6 нафари Энергетика вазирлигининг «Қуёш панелига мажбурлаш йўқ» номли материалини асос қилиб келтирган ҳолда, бугунги кунда электр энергиясини ёқтириб олишганини маълум қилган, 8 нафар мурожаатчи эса қуёш панели қўйганини, бугунги кунда электр энергияси мавжудлигини, аммо бунга мажбурланганидан норози эканини айтган. Шу билан бирга, ўрнатилган қуёш панели фойдали эканини ҳис қилганликларини ҳам билдириб ўтишган.

Қолган 18 та қўнғироқнинг 6 таси вазирлик қабулхонаси рақами «Ҳақиқатан ҳам ишлаяптими ёки йўқми?» эканини билиш учун қилинган бўлса, 4 та қўнғироқ эгаси вазирликка ишга жойлашиш имконияти билан қизиққан. 8 та қўнғироқ эгаси Энергетика вазирига раҳмат айтиш учун телефон қилганликларини билдиришган.

17 та қўнғироқ эгаси бугунги кунда бу борада реал муаммога эга эканлигини маълум қилган. Вазирлик ходимлари уларнинг мурожаатларини ўрганиб, қуёш панели ўрнатмагани учун электр энергиясидан узиб қўйилган тадбиркорларнинг электр энергиясини улатиб берган.

Икки кун мобайнида Тошкент шаҳрининг Сергели, Яшнобод, Юнусобод ҳамда Бектемир туманлари, Сирдарё вилоятининг Боёвут, Сурхондарё вилоятининг Бандихон, Фарғона вилоятининг Бувайда, Тошкент вилоятининг Қуйи Чирчиқ туманларидаги бир қатор тадбиркорлар электр энергиясига қайта уланган.

Суҳбат давомида уларга ҳуқуқи тушунтирилиб, келгусида фаолиятларида яна қандайдир тўсқинликка учрашса, Энергетика вазирлигининг ахборот хизмати ҳамда Ижро назорати ва мурожаатлар бўлимига мурожаат қилишлари сўралган.

7 октябрь куни кечаси соат 23:00 дан 8 октябрь соат эрталабки 8:00 га қадар аҳолидан қабулхонадаги телефон рақамига 173 та қўнғироқ бўлган ва уларнинг биронтасига жавоб берилмаган.

Вазирлик ўтган икки кун мобайнида қабулхонага жуда кўп телефон бўлгани, битта рақам бунча мурожаатни қабул қилишда қийинчиликка дуч келиши табиий экани, бу вақт мобайнида барча қўнғироқни қабул қилишга имконият етмаслигини тўғри тушунишларини сўраган.

Мавжуд вазиятдан келиб чиқиб, 9 октябрдан бошлаб мурожаатлар нафақат бу рақам орқали, балки +99871-231-16-61 (ички 7046, 7037 ва 7057) рақамлари орқали ҳам қабул қилиниши билдирилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг