Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Бу йил 5,1 млрд куб метрдан ортиқ ортиқ газ захираси йиғилди – энергетика вазири

Бу йил 5,1 млрд куб метрдан ортиқ ортиқ газ захираси йиғилди – энергетика вазири

Жорий йилда Ўзбекистонла катта ҳажмда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиб, генерация қувватларини оширишга эришилди. Барча турдаги захиралар, жумладан, ёқилғи захиралари тайёрланди. Биринчи ўринда табиий газни ер остига йиғиш жараёни бошланди.

Бу ҳақда энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов Youtube’даги «Лолазор» подкастида айтиб ўтди.

«Бугунги кунда энергетика соҳасида биз фақат куз-қиш мавсумига эмас, балки ёзги мавсумга ҳам тайёргарлик кўрмоқдамиз. Сабаби шундаки, ёзда ҳарорат ошиши билан энергия истеъмоли ҳам ортмоқда. Бу ҳолат фақат бизда эмас, бошқа давлатларда ҳам кузатилмоқда. Ҳатто Россия каби барқарор энергия тизимига эга давлатда ҳам, бу ёзда айрим ҳудудларда чекловлар жорий этилди.

Шунинг учун энергетикларимиз ҳар доим тайёр туришади, лекин бу йил куз-қиш мавсумига тайёргарлик алоҳида эрта бошланди. Президентимиз тизимларни тайёрлаш бўйича топшириқлар берган эдилар. Мавжуд камчиликлардан сабоқ олган ҳолда, ҳамма тизим — қазиб чиқариш, етказиб бериш, тақсимлаш ва энг асосийси генерация масалаларига катта эътибор қаратилди. Қўшимча қувватларни ишга тушириш ҳам муҳим бўлди, чунки олдинги йилларда энг катта муаммо генерацияда эди. Истеъмол ошиб боргани билан янги қувватлар етарлича қўшилмаган эди.

Бу йилда эса катта ҳажмда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиб, генерация қувватларини оширишга эришилди. Агар кейин рақамларда кўрсатилса, қанча қувват қўшилгани ва унинг натижалари яққол кўринади. Энг асосийси, тайёргарлик юқори даражада бўлди. Барча турдаги захиралар, ёқилғи захиралари тайёрланди. Биринчи ўринда табиий газни ер остига йиғиш жараёни бошланди», – деди вазир.

Мирзамаҳмудов, шунингдек, айни кунларда мамлакат ер ости газ омборларига йиғилган газ захираси ҳақида ҳам маълумот бериб ўтган.

«Ҳозирда ер остидаги газ омборларига 5,1 миллиард кубометрдан ортиқ газ захираси йиғилди. Бу, ўтган йилга нисбатан қарийб 1 миллиард кубометр кўпроқ газни англатади. Бу жараённи ўтган йилдаги ҳолатлар билан солиштирсак, захиралар тайёрлаш, техник хизмат ва таъмирлаш бўйича кўплаб ишлар амалга оширилди», – деган энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг