Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Дарахт шохларига «осилиб» мактабга қатнаётган болалар» мақоласига Вобкент тумани ҳокимлиги расмий муносабат билдирди

«Дарахт шохларига «осилиб» мактабга қатнаётган болалар» мақоласига Вобкент тумани ҳокимлиги расмий муносабат билдирди

Фото: YouTube

«Xabar.uz» «Дарахт шохларига «осилиб» мактабга қатнаётган болалар» сарлавҳаси остида видео ва фотолар илова қилинган каттагина мақолада Бухоро вилоятининг Вобкент тумани «Шанба» МФЙ ҳудудидаги муаммоларни ёритган эди. Мақолага Вобкент тумани ҳокимлиги расмий муносабат билдирди. Қуйида унинг матнини тўлиқ келтирамиз.


«Вобкент тумани ҳудудида жами 16 км халқаро аҳамиятдаги, 171 км умумфойдаланувдаги ва 688 км ички йўллар мавжуд бўлиб, сўнгги 4 йилда давлат дастурлари, “Очиқ бюджет”, “Менинг йўлим” дастурлари, шунингдек, маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан тумандаги 286,5 км йўллар, 2 та халқаро ва 2 та умумфойдаланув йўллардаги кўприклар таъмирланди. Жумладан, жорий йилда 1,9 км умумфойдаланувдаги йўллар, “Ташаббусли бюджет” жараёни 1-босқичида 3 та маҳалладаги 9,4 км, Маҳаллалар инфратузилмасини ривожлантириш манзилли дастурига асосан 6 та маҳалладаги 3,9 км йўл асфальтлаштирилган бўлса, “Ташаббусли бюджет” жараёни 2-босқичида 4 та маҳалладаги 14,0 км йўлларни асфальтлаштириш ишлари бажарилмоқда.

Халқаро аҳамиятидаги М-37 йўлидан «Шанба» маҳалласига олиб борувчи, маҳаллани туман маркази билан боғловчи умумфойдаланувдаги 4К-212 йўлининг умумий узунлиги 26 км бўлиб, шундан 22 км қисми 2021 йилгача таъмирталаб ҳолатда эди. Ўтган 4 йил давомида давлат дастурлари ва маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан мазкур йўлнинг 20,2 км қисми, шундан, 1,5 км қисми жорий йилда тўла таъмирланди, қолган 1,8 км қисмини таъмирлаш ишлари 2025 йилдаги устивор вазифа сифатида режалаштирилган, ҳозирги кунда йўлнинг 16-км даги («Шанба» маҳалласига ўтувчи) кўприкда реконструкция ишлари олиб борилмоқда.

Видеолавҳада кўрсатиб ўтилганидек, Вобкент тумани «Шанба» маҳалла фуқаролар йиғини аҳолисининг мурожаатларига асосан туман ҳокимлиги масъуллари, тегишли корхона ва ташкилотлар раҳбарлари иштирокида жойига чиққан ҳолда муаммолар ўрганилди.

«Шанба» маҳалла фуқаролар йиғини туман марказидан олис ҳудудда жойлашганлиги, аҳоли пунктлари тарқоқ (аҳоли пунклари орасидаги масофа узоқ)лиги, аҳоли хонадонлари марказлашган ичимлик суви билан таъминланмаганлиги, ички йўллари таъмирталаб ҳолатда эканлиги, электр таъминотини яхшилаш зарурати мавжудлигини инобатга олган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 18 сентябрдаги ПҚ-5246-сонли “Ислом тараққиёт банки ва ОПEК халқаро тараққиёт жамғармаси иштирокида “Қишлоқ жойларни барқарор ривожлантириш” лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан ушбу маҳаллада қурилиш ва ободонлаштириш ишларини амалга ошириш режалаштирилган.

Дастур доирасида «Шанба» МФЙда 4 та трансформатор пункти ўрнатиш ва 10 км тармоқлар тортиш, 18,0 км ичимлик суви тармоқларини тортиш ва 5,5 км ички йўлларни таъмирлаш, шунингдек, Маҳалла маркази ва 90 ўринли мактабгача таълим ташкилоти биноларини қуриш, 27-сон мактабни мукаммал таъмирлаш ишларини амалга ошириш режалаштирилган.

Ҳозирги кунда Маҳалла маркази ва 90 ўринли мактабгача таълим ташкилотини қуриш, ичимлик суви тармоқларини тортиш бўйича лойиҳалаш ишлари олиб борилмоқди, сув тармоқлари тортилгандан сўнг, кўчаларни асфальтлаштириш (таъмирлаш) ишлари бажарилади.

Шамсиобод қишлоғида ариқларни тозалаш жараёнида аҳоли томонидан қазилган тупроқлар йўл чеккасида уюлиб қолганлиги, ёғингарчилик сувларини қочириш имконияти бўлмаганлиги натижасида йўлларда ёғингарчилик сувлари йиғилиб қолган. Шунингдек, Облогўй қишлоғида 0,4 кВли тармоқда авария содир бўлиши натижасида ушбу қишлоқдаги 12 та хонадонларнинг электрон ҳисоблагичлари яроқсиз ҳолга келган.

Мурожаатларни ўрганиш кунида маҳалланинг Шамсиобод, Халқобод, Облогўй ва Обод маҳалла қишлоқларидаги ички йўлларнинг таъмирталаб (сув йиғиладиган) қисмларига шағал ётқизилди, Облогўй қишлоғидаги 12 та хонадоннинг электр ҳисоблагичлари туман электр таъминоти корхонаси томонидан алмаштириб берилди. Шамсиобод, Халқобод, Облогўй ва Обод маҳалла қишлоқларидаги мактаб ўқувчиларининг мактабга қатнаши учун транспорт воситаси бириктириш таклифи тумандаги аҳолига йўловчи ташиш хизмати кўрсатиш фаолиятини олиб бораётган тадбиркорлик субъектлари билан ўрганиб чиқилгандан сўнг, бу борада амалий ишлар бошланади.

Туманда 2024 йил баҳор ойларида ёғингарчиликлар кўп бўлганлиги сабабли ҳамда ёғингарчиликлар натижасида кутилётган сув лимитлари ортиқ миқдорида бўлганлиги натижасида аксарият ҳудудларда ер ости сизот сувлари сатҳи (2-2,20 м) меъёридан ортиқ бўлди. Айниқса «Хайробод» ва «Қўнғирот» ҳудудларида сизот сувлари сатҳи меъёридан 0,4-0,5 метрдан юқори бўлганлиги кузатилди.

Ер ости сизот сувлари сатҳи меъёридан ортиқча бўлганлиги сабабли зах сувларига чидамсиз айрим ёш кўчатларнинг қисман қуришига олиб келди.

Юқорида номлари келтирилган ҳудудларда яшовчи фуқаролар мазкур кўчатларнинг қуришига шоли экилиши сабаб бўлган деб мурожаат қилишган. Мурожаатлар соҳага алоқадор мутахассислар иштирокида жойига бориб ўрганилганда олдинги йилларда ҳам шоли экинлари экилганлиги аниқланган.

Сизот сувлари сатҳини меъёр даражасига тушириш учун ҳудуддаги 1,5 км коллекторлар механизм ёрдамида тозаланиб, 3 та зах қочириш тик қудуғи мунтазам ишлатиб борилди ва зах сувлари меъёр даражасига туширилди.

Айрим қуриган ёш дарахтлар бўйича ҳудудда фаолият олиб бораётган фермер хўжаликлари раҳбарлари билан маслаҳатлашиб ушбу фермер хўжаликлари томонидан ҳомийлик сифатида ҳар бир қуриган дарахт учун 10 донадан мевали кўчат олиб берилишига келишилди.

Ноябрь ойидан кўчат қуриш мавсуми бошланганлиги сабабли фермер хўжаликлари раҳбарлари томонидан қуриган кўчатларнинг ўрнини тўлдириш мақсадида мевали кўчатлар етказиб берилиши белгиланди.

Шу билан биргаликда Вобкент туманида амалга оширилиши керак бўлган ишлар ҳамда етарлича муаммолар мавжуд бўлиб, бу муаммолар келгусида туман дастурлари асосида босқичма-босқич амалга оширилиши режалаштирилган.

Ўз навбатида, Вобкент тумани ҳокимлиги тумандаги муаммоларга бефарқ бўлмаган «Xabar.uz» жамоасига ўз миннатдорлигини билдиради».

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг