Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Даниялик талаба викинглар хазинасини топди

Даниялик талаба викинглар хазинасини топди

Фото: Moesgaard Museum

Данияда Орхус университетининг археолог-талабаси қадимги викинглар хазинасини топди. Хойбергдаги Моесгард музейи (MOMU) хабарига кўра, топилма манзили — Олстед шаҳри яқинидаги қишлоқ хўжалиги фойдаланувидаги ерлар.

Талаба бир пайтлар скандинавлар қўрғони бўлгани тахмин қилинган ушбу манзилда металл қидиргич ёрдамида аввалига кумуш билагузук топган. Орадан бир неча кун ўтгач, жами оғирлиги 500 грамм бўлган шундай тақинчоқлардан яна олтитасини топишга муваффақ бўлган.

У топилма ҳақида маҳаллий ҳокимиятга хабар берди. Музей экспертлари буюмлар милодий 800-йилларга мансуб деган хулоса чиқаришди, бу викингларнинг илк даврлари (793–1066 йиллар)га тўғри келади.

Олимларнинг фикрича, кумуш билагузуклар шунчаки тақинчоқ эмас, шунингдек, викинглар ўртасида валюта вазифасини ҳам бажарган. Топилмаларнинг барчаси Дания ҳудудида тайёрланган. Бироқ металл ҳалқаларнинг бири услуби бўйича Қадимги Рус тақинчоқларига, яна учтаси эса Ирландия заргарлик намуналарига ўхшаб кетади.

Бу хилма-хиллик ўша даврларда викинглар турли минтақалар билан кенг маданий ва савдо алоқаларини ўрнатганидан далолат беради.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг