Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Дамас»да ўқувчи бор, тўхтатинг!

«Дамас»да ўқувчи бор, тўхтатинг!

Касб тақозоси билан бир неча ой илгари Бухоро вилояти, Жондор туманидаги маҳаллалардан биридан келиб тушган мурожаат юзасидан манзилда бўлган эдик. Аҳолини қийнаб келаётган масалалар юзасидан кўплаб одамлар билан суҳбатда бўлдик. Мутасаддилар билан муаммоларнинг ечими юзасидан ваъдалар «олдик». То масала натижали бўлгунча, ўша манзилдга яна бир неча маротаба бордик.

2025 йилда битиши режалаштирилган бу долзарб муаммо туман ҳокими ваъдасига кўра, орадан роппа-роса 2 ой ўтгач, охирлай бошлади. Кўпсонли аҳолини қийнаб келаётган муаммонинг тез фурсатда кутилган ечимга эга бўлаётганидан аҳоли ҳам мамнунлигини билдирди.  Ечимнинг нечоғли ҳақиқатга яқинлигини ўз кўзимиз билан кўриш учун ҳолат содир бўлган манзилга яна бордик. Ва мавзу бўйича кейинги материални тайёрлаш учун ўпирилган кўприк қайта тикланаётган манзилларни, шунингдек, айнан шағал ётқизилиш ишлари амалга оширилаётган қумли, чангли йўлларни «Дамас»да  кездик.

Журналистик суриштирув ишлари якунлангач, шу «Дамас»да шаҳарга қатнов бекатигача боришни лозим топдик. «Дамас»да аҳоли яшаш хонадонлари оралаб ўтдик. Кенг дала, яйловларда ўтлаб юрган сурувларни кўрдик. Мол, қўй боқиш баҳонасида тўп тепиб юрган болаларни учратдик. Сал ўтмай, бошига ўзидан катта рўмолларни ташлаб, юзларини беркитиб, пахта даласида энкайиб ишлаётган хотин-халажларга қўл силкидик.

Хуллас, ўнқир-чўнқир, чанг-тор кўчаларни босиб, қишлоқ ҳаётидан завқ олган кўйи атрофни томоша қилиб, катта йўлга чиқиб қолганимизни сезмабмиз. Шундоқ катта йўл муюлишида йўл ҳаракати инспектори таёқчасини ўнгга йўналтириб, бизга йўл очиқлигини ишора қилди.  Шу пайт «Дамас»чи кулиб: «Опа, сиз «ҳорманглар» деб қўл силкиган аёллардан бири сизни чақирди-ёв»,-деб қолди. «Биз сезмабмиз» деб, ҳамроҳим билан «Дамас»чига қўшилишиб кулдик. «Дамас»чининг жиддий тортиб, буни ростлигини тасдиқлаганидан кейин кўнглимиз беҳузур бўлди. Балки нимадир дарди, ташвиши бордир. Ваҳоланки, бу манзилга аҳолини қийнаб келаётган ташвиш юзасидан бир неча марта келиб кетдик, балки таниб қолишгандир. Биз эса шунчаки қўл силкиб ўтиб кетибмиз, деган ўйда қийналдик. «Дамас»чи эса ортга қайтишга вақти йўқлигини бир оғизда тушунтириб қўя қолди. Нимаям дердик...

Йўлда яна давом эта бошладик. Орадан бир неча дақиқа ўтмай, ортимиздан ҳалиги йўл ҳаракати инспекторининг ўз хизмат машинасидан туриб, овоз узайтиргич орқали «Дамас»ни тўхтатиши юзасидан огоҳлантируви эшитилди. Ҳайрон қолдик. «Дамас»чи хуноб тортиб, тезликни оширмаганини, йўл ҳаракати қоидасини бузмаганини бизга билдираяпти. Йўл ҳаракати инспектори овоз кучайтиргич орқали яна огоҳлантираяпти: «Ҳурматли ҳайдовчи, автомашинангизни йўл четида тўхтатишингизни сўраймиз.  «Дамас»да ўқувчи бор, тўхтатинг!»

Биз донг қотдик. Ҳайдовчи шошилинчда йўл четига тўхтатди. Бу орада йўл ҳаракати инспектори ўз хизмат машинасида шундоқ ортимиздан етиб келган. Инспектор машинасини тўхтатиб-тўхтатмай, ичидан рўмолга ўраниб олган, тўладан келган аёл тушиб, биз томонга қараб, ҳалпиллаб чопиб келаяпти. Инспектор «тўхтанг, опа, тўхтанг, ўқувчини чўчитиб юборманг!» Биз гап нимадалигини билолмай, донг қотганмиз. Қанақа ўқувчи, «Дамас»да ўқувчи бўлмаса... Ҳаммамиз «Дамас»дан тушдик.

Шу  топ аёл югуриб, менга қараб, бағир очиб келаяпти. «Қизим, қизим, шаддотим, ана мани ўқувчим, жоним болам, уч мартадан бери сени ушлолмайман, охири, чидолмадим, сен кетаётган машинани ортидан югурдим», — дея қучоқлаб олди. Аёл юзининг офтоб тиғида куймаслиги учун рўмол билан ўраб олган, рўмолининг бир учи елкаси оралаб тўзғиган. Танимадим. Аммо, бағирга бағир билан жавоб бердим. Кўнглимдан кечгани: мени кимгадир ўхшатяпти...

Аёл бир кулиб, бир кўз ёш тўккан кўйи юзларини очди. Юрагим гурсиллаб кетди. Кексайган, сочлари оқарган, анча тўлишган, аммо, чеҳрасида менга таниш нимадир сийрат бор: ўқитувчим! Мактабни тугатганимга 34 йил бўлган. Шундан буён кўрмаганман. Эсим оғиб қолай, деди. Мия ағдар-тўнтар: ҳатто, ўқитувчимнинг исм-шарифини эслолмаяпман. Қалтираяпман. Ичимда нимадир ёняпти, аммо, эслолмаяпман.

— Мени танимадингми, ўқитувчингман, сени кўп изладим.., —  деди у исмимни айтиб.

— Танидим, эсладим, устоз (аммо, қайси фандан дарс бергани тугул, исми шарифини ҳам эслолмаганим рост).., — дедим.

Шу топда йўл ҳаракати инспектори бироз асабийлашган кўйи ёнимизга келди ва аёлга қараб: «Онахон, бу нима қилганингиз?! «Дамас»да ўқувчим бор, тўхтатинг», — деб важоҳат билан келганингизда, биз ҳам нохуш воқеа бўлибдими, деб «Дамас» узоқлашиб кетмасин учун «учиб» келибмиз... ҳайтовур, тинчлик экан...» — деди ҳафсаласи пир бўлиб.

— Ҳа, болам, ростдан «Дамас»да ўқувчим бор эди-да, мана, кўряпсиз-ку, борларингга шукур, болам... бир кекса ўқитувчини кечиринг, шунақа бўлиб қолди-да, ўзим ҳам шошиб қолдим.., —  узуқ-юлуқ сўзлади устоз ва, — ўқувчимни «тутиб» берганларингиз учун раҳмат!

Йўл ҳаракати инспектори аёлнинг гапидан сўнг анча вазмин тортди. Унинг елкаси узра қўл ташлаб:

— Аммо, шу ёшингизда эгатлар ичидан ҳаллослаб чиқиб, бизнинг олдимизгача югуриб келганингиз қойил қоларли, онахон. Ҳурматли ўқувчи, бундай ўқитувчингизни эъзозланг! (менга қарата) Майли, хизматчилик, бизга рухсат, — дея кулиб хайрлашди.

Инспектор билан хайрлашдик. Унинг «Ҳурматли ўқувчи, бундай ўқитувчингизни эъзозланг!» — деган гапидан виждоним куйинди. 34 йилдан бери шу ўқитувчимни эслаш тугул, ҳатто, бугун ҳам унинг исми-шарифини эслолмаётганимни қандай изоҳлаш мумкин?!

Турли манзилларга бориб, кўплаб аҳолининг дарду ташвиши, муаммоларини ечишга елка тутамизу, биргина сабоқ берган ўқитувчимизни йўқлаб бормаймиз. Казо-казолар даврасида соатлаб ўтириб, касбу-коримизга билдирилган яхши тилакларни ҳузурбахш қабул қиламизу, ҳарф танитган устозлар исми шарифини ёдга ҳам олмаймиз. Кечагина таниган ва «дўст-дугона» деб билганимизга, энг қимматбаҳо совға-саломларни ҳадя этамизу, сабоқ берган устозларга бир донагина гул олиб боришга вақт ажратмаймиз.

Мени бағирлаб, қўйворгиси келмаётган ва йиллар селида а-анча бегона туюлаётган чамаси, 70 ёшларга яқинлашган бу аёл эгатлар оша сакраб ўтаёганда, ҳуув, ўнқир-чўнқир йўл ва катта йўл кесишмасида турган ариқдан ҳатлаб ўтаётганда, юзларини беркитган рўмоли елкаси узра шилвираб тушганда нималарни хаёлидан ўтказган бўлиши мумкин: «ўқувчим мениям мен каби соғинган, мениям мен каби бағрига босади», — дея хаёлланган бўлиши мумкинми?!

Ўз хаёлларим оша беихтиёр аёлни қучдим, маҳкам, жуда маҳкам қучдим. Ундан келаётган ачимсиқ ҳид худди атирдек димоғимга бўй таратди гўё. Қабариқ кафтлари кафтларимга нафис гулмонанд ботди. Кўзларимдан дурқиллаб ёш чиққанини сезяпман, аммо бу виждон азобими, ёки менга сабоқ берган бир фан ўқитувчисининг йиллар оша шу қадар талпинишими?! Билолмасдим.

— Ия, сенам йиғлаяпсанми?

— Ҳа, устоз... сизни соғинибман (ёлғон гапираётгандим, ахир шу пайтгача соғиниш тугул, ҳатто, эслаб ҳам қўймаганман)

— ...

— тўғрироғи, энди шу соғинч ҳиссини туйяпман... Аммо, кечиринг, бир марта ҳам йўқламабман...

—Ишинг кўп-да, қизим. Маҳалламиздаги шунақа катта муаммони ечимига бош-қош бўлдинг, кўпнинг дуосини олдинг, болам. «Бу мани ўқувчим», деб қанча қувонганимни биласанми?

— ...

— Аслида, сени мен кўп изладим. Тақдирнинг чархпалаги мени не кўйларга солди. Чекмаган азобим, тортмаган дардим қолмади... Қисмат экан, мактабни сизлар тугатган йилингиз рўзғорим бузилди. Орадан бир неча йил ўтгач, тақдир тақозоси билан қўшни туманга келин бўлиб тушдим. Шу тумандаги бир мактабда яна биология фанидан ўқитувчиликни давом эттирдим...

Шу топда миямга хотиралар токдек урилди. Ҳа, биология фани ўқитувчимиз. Энг чиройли, энг хушмуомала, энг тажрибали ўқитувчи эди. Доим мени ёрдамга чақирар, доим мени алқар, доим мени қўлларди...

Кутилмаганда «Дамас»нинг безовта сигнал чалгани хаёлларимизни бузди, суҳбатимизни бўлди. Суҳбатлашгим, эслашгим келардию, аммо, кун оҳиста ортга чекинаётган палла эди. Телефонларни алмашдик. Ўзим устозни излаб топишим, тез кунда олдига келишимни айтдим. Узоқ суҳбат қуришимизни билдирдим. Хайрлашдик. Қайта-қайта бағирлашдик.  Устознинг кўзи кўринмай кетгунимизча, «Дамас» изларида қолди. Менинг кўзларим устознинг елкаси узра сирғаниб тушган рўмолию, унинг силкиб қолган қўлларида қолди. Юрагимнинг бир бурчида армон емирилди. Кўнглимнинг бир чеккасида синган кўзгу бўлаги қолди. Ўзимга нисбат бир нафрат қолди, ичимда бир дард қолди, дилимда оғриқ қолди. Тилимнинг учида устознинг мен эслаб-эслолмаган исми қолди...

Қўлимда исми шарифи эмас, «Устоз» деб телефон рақами ёзиб қўйилган қоғозни кафтимга қисганча пичирладим: «Мени кечиринг, ёнингизга қайтаман, устоз».

Мавзуга қайтаман.

Лайло Ҳайитова

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг