Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Дам олиш ва байрам кунларида ишлаш тақиқланади

Дам олиш ва байрам кунларида ишлаш тақиқланади

Меҳнат кодексининг 209-212, 263, 396, 417,428-моддалари ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 49-моддаси ходимларнинг дам олиш ва байрам кунларида ишлаш ёки ишламаслик масалаларига доир ҳуқуқларини белгилайди.

Хусусан, Меҳнат кодексининг 209-моддасига кўра, дам олиш кунларида ва ишланмайдиган байрам кунларида ишлаш тақиқланади, бундан ушбу Кодексда назарда тутилган ҳоллар мустасно.

МК 210-моддасига кўра, дам олиш кунлари ва ишланмайдиган байрам кунлари ходимнинг розилигисиз ишга жалб этишга йўл қўйилмайди, бундан алоҳида ҳоллар мустасно…

Ушбу кодекснинг 211-моддасига кўра эса ходимлар ишга жалб этиладиган дам олиш ва ишланмайдиган байрам кунларининг сонини чеклаш, бундан ушбу Кодекс 210-моддасида назарда тутилган ҳоллар мустасно, жамоа шартномасида ёхуд иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси билан келишувга кўра белгиланиши мумкин.

Шунингдек, Меҳнат кодексининг:

  • 212-моддасига кўра, ходимларни дам олиш куни ёки ишланмайдиган байрам куни ишга жалб этиш иш берувчининг буйруғи билан расмийлаштирилади.
  • 263-моддасига кўра, дам олиш кунларидаги ёки ишланмайдиган байрам кунларидаги иш учун камида икки ҳисса миқдорида ҳақ тўланади.
  • 396-моддасига кўра, ҳомиладор аёллар, 14 ёшга тўлмаган боланинг (16 ёшга тўлмаган ногиронлиги бўлган боланинг) ота-онасидан бири (ота-онасининг ўрнини босувчи шахс) фақат ўз ёзма розилиги билан тунги ишларга, иш вақтидан ташқари ишларга, дам олиш кунларидаги ва ишланмайдиган байрам кунларидаги ишларга жалб қилиниши, шунингдек хизмат сафарига юборилиши мумкин.
  • 417-моддасига кўра, 18 ёшгача бўлган ходимларни хизмат сафарига юбориш, тунги ишларга, дам олиш кунларидаги ва ишланмайдиган байрам кунларидаги ишларга жалб қилиш тақиқланади.
  • 428-моддасига кўра, ногиронлиги бўлган ходимларни хизмат сафарига юборишга, тунги ишларга, иш вақтидан ташқари ишларга ҳамда дам олиш ва ишланмайдиган байрам кунларидаги ишларга жалб қилишга фақат уларнинг розилиги билан, агар ушбу ходимлар учун бундай ишлар тиббий-ижтимоий эксперт комиссияси тавсияларида тақиқланмаган бўлса, йўл қўйилади.

МжТКнинг 49-моддасига кўра, мансабдор шахс томонидан меҳнат ва меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчиликни бузиш, базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача  (3 миллион 400 минг сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Муҳаммадамин КАРИМЖОНОВ
Тошкент давлат юридик университети
Меҳнат ҳуқуқи кафедраси катта ўқитувчиси

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг