Бугун Самарқанд куни нишонланмоқда
18 октябрь Самарқанд шаҳри куни! Аҳоли орасида байрам билан бир-бирларини табриклаган одамларни учратиш мумкин. Лекин, байрам тадбирлари, аввалига расмий доира вакиллари етакчилигида бошланди.
Эрталабдан вилоят ва шаҳар ҳокимлиги, давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, фаоллар Амир Темур мақбарасида бўлишди, Қуръон тиловати сўнгидаги дуода биргаликда қўл очишди.
Йиғилганлар шундан сўнг Амир Темур ҳайкали томон йўл олишди ва буюк бобокалонимиз ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйишди.
Самарқанд шаҳри куни муносабати билан тарихий обидалар, музейлар, театр ва кинотеатрларга кириш бепул бўлиши олдиндан эълон қилинган. Байрам муносабати билан «Шарқ юлдузи» кинотеатрида 16 октябрдан бошлаб намойиш этилаётган «Баҳодир Ялангтўш» фильми ана шу йўналишдаги тадбирлардан биридир.
Бугунги Алишер Навоий номидаги истироҳат боғидаги тадбир халқ сайли деб аталди. Бу ерда «Ер юзининг сайқалисан - Самарқанд» мавзусидаги расмлар танлови, миллий ва шарқона кўргазмалар, спорт ўйинлари бир-бирини тўлдириб яхлит мазмун касб этди. Шунингдек, озиқ-овқат кўргазмаси учун ҳам жой ажратилган эди.
Самарқанд кунида «Мўъжиза» амфитеатрида ҳамда Қорасув массивидаги «Янги Ўзбекистон» боғида гала-концерт бўлиши режалаштирилган. Ўзбекистоннинг таниқли санъаткорлари чиқишлари байрамона мушакбозликка уланади.
Самарқанд куни байрам сифатида биринчи марта 1996 йилда Амир Темур ҳайкали очилиши манзарасида эълон қилинган ва шундан буён ҳар йили нишонланади.
М.Жўрақулова
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter