АКТ камбағалликни қисқартириш ва аҳоли даромади ошишида ёрдам беради
Замонавий технологиялар одамлар ўртасидаги алоқани осонлаштириши ва ишчи-ходимларнинг меҳнат унумдорлигини ошириши боис ҳам ахборот технологиялари иқтисодий ўсишга ижобий таъсир қилади. Ривожланаётган ҳудудларда мутлақ камбағаллик даражаси барқарор равишда камайиб боряпти. Бу эса АКТнинг аҳоли ҳаётига бевосита таъсиридан далолат беради.
Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти (ПМТИ) экспертлари АКТ Ўзбекистонда камбағаллик даражасини пасайтиришга қандай таъсир қилишини баҳолашди.
Тадқиқот давомида қуйидаги натижалар олинди:
- Оптик толали интернет узунлигининг 100 километрга ортиши камбағаллик даражасини бир йилдан сўнг 0,06 фоиз пунктига, икки йилдан кейин эса 0,09 фоиз пунктига пасайтиришда ёрдам беради.
- Интернетдан фойдаланувчилар сонининг 1 фоиз пунктига ортиши икки йилдан сўнг камбағаллик даражасини 0,02 фоиз пунктига қисқартиради. Ушбу натижа бир йилдан сўнг олинган натижадан жиддий фарқ қилмайди.
Ризван Муштака ва Катрин Брюно томонидан 2001–2012 йиллар оралиғида дунёнинг 61 мамлакатида АКТ ривожи ва молиявий ташкилотлар фаолиятининг ортиши ўртасида ижобий корреляция борлиги аниқланди. АКТни молиявий хизматлардан фойдаланиш воситаси сифатида қўллаш иқтисодий ўсишни тезлаштиради, камбағаллик ва тенгсизлик даражасини пасайтиради. Бошқача айтганда, ахборот технологиялари молиявий хизматларнинг ривожланишига кўмаклашади ва шу орқали камбағаллик ва ижтимоий тенгсизликни қисқартириш жараёнини тезлаштиради.
АКТ микро-кичик ва ўртача корхоналар (МКЎК) билан интеграциялашган умумий иқтисодий тараққиётнинг асосий манбаларидан бири сифатида кўриб чиқилмоқда. Осиёнинг ривожланаётган мамлакатларида бизнес самарадорлигига эришишда электрон тижорат катта роль ўйнайди. АКТ ва электрон тижоратдан фойдаланувчи МКЎК камбағаллик ва ишсизлик даражасини пасайтиради ва шу билан бирга, бандлик даражасини оширади ва янги иш ўринларини яратади ҳамда шу орқали умумий иқтисодий ривожланишга кўмак беради.
АКТ ва камбағаллик даражасининг пасайиши ўртасидаги боғлиқлик таҳлили АКТ аҳолининг энг камбағал қатламлари учун оз бўлсада фойдали эканлигини кўрсатмоқда. Мобил телефон эса ўрта муддатли истиқболда (6–10 йил) аҳолининг энг ночор қатлами турмуш шароитини яхшилаш учун қммматли воситадир.
Интернет ва мобил алоқанинг ривожланиши Ўзбекистонда камбағаллик даражасига қандай таъсир қилишини таҳлил этиш учун Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси маълумотлари асосида ҳудудлар (12 та вилоят) ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси бўйича 2015–2020 йиллар учун (84 та кузатув) эконометрик моделлар ишлаб чиқилди.
Эконометрик моделлаштириш учун кам таъминланган аҳоли улуши (фоиз) кўрсаткичидан камбағаллик даражасини акс эттирувчи боғлиқ ўзгарувчи сифатида фойдаланилди.
Қуйидагилардан АКТнинг ривожланишини акс эттирувчи кўрсаткичлар сифатида фойдаланилди:
- Оптик толали алоқа линияларининг узунлиги, минг км;
- Асосий уяли алоқа станциялари сони, минг дона;
- Интернет тармоғидан фойдаланувчи абонентлар сони (100 кишига).
Эконометрик моделлар асосида оптик толали интернет линиялари узунлигининг 100 километрга ортиши бир йилдан сўнг камбағаллик даражасининг 0,06 фоиз пунктига, икки йилдан кейин эса 0,09 фоиз пунктига пасайишига олиб келади, деб хулоса чиқариш мумкин. Коэффициентлар аҳамиятлилик даражасида 1 фоиз аҳамиятли. Ўша йилнинг ўзидаги натижани акс эттирувчи коэффициент 10 фоиз даражасида аҳамиятли экани маълум бўлди. Бу эса оптик толали алоқа линиялари узунлиги мамлакатда камбағалликнинг қисқаришига узоқ муддатли таъсир кўрсатишини англатади.
Интернетдан фойдаланувчилар сонининг 1 фоиз пунктига ортиши икки йилдан сўнг камбағалликни 0,02 фоиз пунктига қисқартиради. Бу натижа бир йилдан кейинги натижадан катта фарқ қилмайди. Ушбу натижа С.Алими ва О.Окунаденинг аввалги тадқиқотлари (2020) хулосаларига мос келади, яъни интернетдан фойдаланиш тезда натижа бериши мумкин, бироқ узоқ муддатли истиқболга эга эмас.
Асосий уяли алоқа станциялари сони икки йил давомида сезиларли таъсир кўрсатмайди. Буни натижанинг анча узоқ давом этиши мумкинлиги билан изоҳлаш мумкин. Вақт оралиғи чеклангани туфайли мазкур тадқиқот доирасида уни пайқаш қийин.
Икки йиллик вақт оралиғининг олинишига сабаб камбағаллик даражасининг пасайиши етарлича узоқ давом этувчи жараён ва биринчи босқичда ахборот технологияларининг татбиқ этилиши қандай натижа беришини пайқаш қийин. Боз устига, юқорида айтиб ўтилган тадқиқотга кўра, АКТ аҳолининг камбағал қатламлари ҳаётини ўрта ҳисобда 6–10 йилда яхшилаш имконини беради.
Ушбу фавқулодда ҳодиса дунё мамлакатларида аҳоли даромадлари бўйича АКТнинг бир текис тақсимланмагани билан изоҳланади. Пировардида умумий турмуш даражаси аҳолининг кам таъминланган қатлами турмуш даражасига қараганда тезроқ ўсмоқда.
Шундай қилиб, ахборот-коммуникация инфратузилмаларининг ривожланиши ўрта муддатли истиқболда камбағаллик даражасини пасайтириш учун муҳим аҳамиятга эга. Яқин йилларда АКТни ривожлантириш бўйича ҳаракатлар режасини таҳлил этганда мазкур омилнинг аҳамияти ортиши ва у аҳолининг билим даражасини, рақамли хизматлардан, жумладан молиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини оширишини тахмин қилиш мумкин. Умуман олганда, АКТнинг ривожланиши мамлакатда аҳоли даромадларининг ортиши ва камбағалликнинг қисқаришига олиб келади.
Антон Костюченко,
ПМТИ лойиҳа раҳбари
Одилжон Назаров,
ПМТИ катта илмий ходими
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter