Адабиёт йўналишида «нобел»чилар қандай танланади? Аъзам Обид жавоб беради
Кеча, 5 октябрь куни норвегиялик ёзувчи ва драматург Юн Фоссе адабиёт бўйича Нобель мукофотига сазовор бўлди. Танлов қўмитаси Ю.Фоссе «ўз асарларида гапириш ҳуқуқидан маҳрум бўлганларга сўз бергани»ни алоҳида қайд этган.
Хўш, ушбу нуфузли мукофотга адабиёт йўналишидаги номзодлар қай тартибда сараланади? Таниқли таржимон ва шоир, Бутунжаҳон шеърият ҳаракатининг (WPM) Ўзбекистондаги координатори Аъзам Обид Телеграмдаги каналида ушбу саволга батафсил жавоб берган.
Унга кўра, Швеция академияси ҳамда тузилиши ва мақсади бўйича унга ўхшаш бошқа илмий муассаса ва жамият аъзолари, университет ва коллежларнинг адабиётчи ва тилшунос профессорлари, маълум мамлакатлардаги муаллифлар жамиятлари президентлари ҳамда аввал адабиёт соҳасидаги Нобель мукофотини қўлга киритган ижодкорлар тегишли қўмитага мукофот учун номзод тавсия қилиш ҳуқуқига эга.
Анъанага мувофиқ, сентябрь ойида адабиёт бўйича Нобель қўмитаси мукофотга номзод тавсия этиш ҳуқуқига эга шахсларга таклифнома юборади.
Номинациялар юбориш февраль ойида тугайди. Тўлдирилган номинация шакли келгуси йилнинг 31 январига қадар қўмитага етиб бориши шарт. Шундан сўнг қўмита номинацияларни кўздан кечириб, академия тасдиғи учун рўйхат тақдим этади.
Апрель ойида ўтадиган бошланғич муҳокамада 15-20 нафар, май ойидаги якуний муҳокамада эса 5 нафар энг яхши номзод танлаб олинади.
Июнь–август ойларида академия аъзолари финал босқичига чиққан ижодкорларнинг асарларини ўқиб баҳолайди. Шунингдек, ҳар бир номзод ижоди ҳақида индивидуал ҳисобот тайёрланади.
Академия аъзоларининг сентябрь ойидаги йиғинида номзодлар эришган ютуқлар якуний тарзда муҳокама қилинади. Ниҳоят, октябрь ойида лауреатнинг исм-шарифи эълон қилинади. Номзод овозларнинг ярмидан кўпини олиши лозим. Тақдирлаш маросими эса 10 декабрь куни Стокҳолм шаҳрида бўлиб ўтади.
Лауреатларни танлаб олишга Швеция академияси масъул саналиб, унинг 18 нафар аъзоси мавжуд.
Адабиёт соҳасидаги Нобель қўмитаси номинацияларни баҳоловчи ҳамда тавсияларни Швеция акамедиясига тақдим этувчи 4-5 аъзодан иборат.
«Нобель жамғармаси низомига кўра, мукофотга тавсия этилган номзодлар тўғрисидаги маълуомотларни оммага ёки алоҳида шахсларга ошкор қилиш 50 йил давомида чекланади. Бу чеклов тавсия этган ва тавсия этилганларга, шунингдек, мукофотлаш билан боғлиқ текширув ва фикрларга ҳам тегишлидир», – деб ёзади А.Обид.
Халқаро лойиҳаларда фаол қатнашиб келаётган ижодкор «Ўзбеклар ичидан адабиёт соҳасида Нобель мукофоти соҳиби чиқиши мумкинми?» деган саволга ҳам жавоб берар экан, «Аллоҳ тақдирига ёзган бўлса негаям чиқмасин!» дейди.
«Аммо тахмин қилиш мумкинки, ҳозирги қолоқ адабий жараён, халқаро адабий ҳамкорлик, таржимачилик ва ижодкорнинг дунё ижодкорлари ва умуман дунё билан бўйлашишга уринишининг аҳволи ўта қониқарсиз бўлгани боис Ўзбекистондан лауреат ҳали-вери чиқмайди», – деб ҳисоблайди А.Обид.
Унга кўра, нуфузли мукофотни олиш учун фақат яхши ёзиш етарли эмас.
«Маҳаллий қобиққа ўралиб қолиш ва асаридан аввал ижодкорнинг ўзи дунёга чиқиб, ўқувчилар билан ҳеч йўқ инглиз тилида равон сўзлашишга тайёр эмаслиги яна бир катта тўсиқдир», – деб таъкидлайди ижодкор.
Аъзам Обид ўнлаб мумтоз ва замонавий ўзбек ижодкорлари асарларини инглиз тилига таржима қилиб чоп эттирган. Ўзбек шеърияти ва насридан қилган таржималари Буюк Британия, Ҳиндистон, Германия, Франция, АҚШда китоб ҳолида ҳамда босма нашрларда босилган. У Ўзбекистонда илк бор «Халқаро ёзувчи ва рассом резиденцияда» ижодий туризм лойиҳасига ҳам асос солган.
А.Обид UzLAB дастури доирасида Нобель мукофоти соҳиби бўлган ижодкорлар – Ўрхон Помуқ, Ҳерта Мюллер ва Мо Янни юртимизга таклиф қилган.
Ижодкор аввал ҳам миллий адабиёт ва санъатни ривожлантириш борасида салмоқли таклиф ва ташаббусларни илгари сурган эди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter