Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Олти ойда 236 минг фуқаронинг бузилган ҳуқуқлари тикланди

Олти ойда 236 минг фуқаронинг бузилган ҳуқуқлари тикланди

19 июль куни Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев раислигида кенгайтирилган ҳайъат мажлиси бўлиб ўтди.

Унда прокуратура органларининг мамлакатда қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилиш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида 2024 йилнинг 1-ярмидаги фаолияти натижалари кўриб чиқилди.

Таъкидланишича, 2024 йилнинг 6 ойида прокуратура органлари томонидан аниқланган қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан 102 мингга яқин назорат ҳужжатлари қўлланилиб, 236 минг фуқаронинг бузилган ҳуқуқлари тикланган.

Назорат тадбирлари ва дастлабки тергов давомида айбдор шахслардан фуқароларга ва давлат манфаатларига етказилганлиги аниқланган 1,8 трлн. сўмлик зарарнинг ундирилиши таъминланган.

Аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, бандлигини таъминлаш, муҳтож оилаларни, ёшлар ва хотин - қизларни ҳар томонлама қўллаб - қувватлашга оид қонунчилик ижросини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилган.

Бюджет тушумлари прогнози ижроси юзасидан кундалик назорат ўрнатилиб, 84,2 трлн. сўмлик режа 85,7 трлн. сўмга ёки 102 фоизга бажарилиши ҳамда бюджетга қўшимча 9,6 трлн. сўмлик тушумлар туширилиши таъминланган.

Ҳайъат йиғилишида прокурорлар томонидан долзарб йўналишларда, жумладан ёқилғи - энергетика, қурилиш, куз - қиш мавсумига тайёргарлик каби соҳаларда амалга оширилган ишлар ва мавжуд муаммолар алоҳида ўрин эгаллади.

Хусусан, аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектларини энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш мақсадида прокуратура органлари аралашуви натижасида кўплаб муаммолар бартараф этилишига эришилган.

Ёқилғи - энергетика соҳасида қонунийликни таъминлаш мақсадида ўтказилган қарийб 50 мингта рейд тадбирлари давомида, 48 мингдан ортиқ ноқонуний ҳолатлар фош этилиб, 217 млрд. сўм зарар ундирилган.

Қайд этилишича, прокурор назорати тадбирлари ўлароқ, давлат дастурларига киритилган 
140 та объектнинг ўз муддатида фойдаланишга топширилиши, 2,4 трлн. сўм маблағлар тежалиши таъминланган.

Йиғилишда Давлатимиз раҳбари белгилаб берган муҳим масала - яширин иқтисодиётга қарши курашиш соҳасидаги долзарб вазифаларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Хусусан, мамлакатимизда яширин иқтисодиётга қарши курашиш, хуфиёна айланмалар кўламини кескин қисқартириш, молия тизими барқарорлигини янада мустаҳкамлаш борасида юклатилган вазифалар ижроси устидан таъсирчан назорат ўрнатиш қайд этилди.

Ер ресурсларидан самарали ва оқилона фойдаланишни таъминлаш масалаларига ҳам тўхталиб, бу борада ўтказилган назорат тадбирларида ўзбошимчалик билан эгалланганлиги аниқланган 1 442 гектар ер майдонлари захирасига қайтарилиши таъминланганлиги, шунингдек, 1 752 гектар ер майдонларини талон - торож қилиш билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан 961 та жиноят иши қўзғатилганлигига урғу берилди.

Аҳоли муаммоларини ҳал қилиш, мурожаатлар билан ишлаш масаласи ҳам ҳайъат муҳокамасидан ўрин олди.

Маълум бўлишича, халқ билан очиқ мулоқот қилиш, фуқароларнинг қийнаётган муаммоларини ҳал этишга устувор аҳамият қаратилиб, ҳисобот даврида 137 мингта мурожаат бевосита прокуратурада ҳал этилган ва қарийб 30 минг нафар шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари тиклаб берилган.

Прокуратура органлари фаолиятига ошкоралик бериш, бунда кенг жамоатчилик, оммавий ахборот воситалари, блогер ва журналистлар билан алоқаларни мустаҳкамлашга устувор аҳамият қаратиш ҳақида яна бир бор эслатиб ўтилди.

Қолаверса, қонун ижодкорлиги, прокуратура ишига рақамли технологияларни кенг жорий қилишга оид кўрилаётган чора – тадбирларни жадаллаштириш лозимлиги қайд этилди.

Хусусан, прокуратуранинг электрон ахборот тизимида 35 дан ортиқ янги дастур ишга туширилиб, бошқа идораларнинг 100 дан зиёд тизимига интеграция қилинганлиги маълум қилиниб, бу борадаги ишлар янада жадаллаштириш қатъий таъкидланди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг