Хитой 1978 йилдан буён биринчи марта пенсия ёшини оширмоқда
Хитой шу пайтгача пенсия ёши энг паст мамлакатлардан бири бўлиб келган. Бироқ туғилишлар сони қисқариб кетиши ва аҳолисининг шиддат билан кексайиб бораётгани оқибатида дунёнинг иккинчи иқтисодиёти ишчи кучи тақчиллиги билан юзма-юз келди.
«Бир оилага — бир фарзанд» сиёсатининг аччиқ меваси шу бўлдики, оилада якка-ёлғиз ўсган авлод буёғига кўп сонли кексаларни боқишга мажбур. 2035 йилга бориб 65 ёшга кирганлар ва ундан катталар улуши Хитой аҳолисининг 30 фоизини ташкил этади (камида 400 млн киши!). 2021 йилда шу ёшли қатлам улуши 14,4 фоиз эди.
Ана шу демографик инқироз оқибатларини юмшатиш мақсадида, ХХР парламенти 1978 йилдан буён пенсия ёшини биринчи марта ошириш режасини тасдиқлади. Пенсия ёши барча эркаклар учун — 60 дан 63 ёшга, офисда ишловчи аёллар учун — 55 дан 58 ёшга, ишчи аёллар учун — 50 дан 55 ёшга оширилди.
Режа босқичма-босқич, 15 йил давомида амалга оширилади. Базавий ойлик пенсия олиш учун бадал тўланадиган минимал муддат ҳам 15 йилдан 20 йилга узайтирилди.
Янгилик қарсакбозлик, олқиш билан кутиб олингани йўқ, албатта. Норозилар ижтимоий тармоқларни «портлатмоқда». Бир фойдаланувчи аёлнинг ёзганлари: «Мен туғилганимда сизлар жуда кўпсизлар дейишганди. Ишламоқчи бўлсам қарилик қиласиз дейишди. Энди пенсияга чиқмоқчи бўлиб турганимда ҳали ёшсиз дейишяпти».
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter