Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Қозоғистонда референдум: Тўқаевдан муҳим баёнот, овоз бергани келган 100 ёшли отахон (фото)

Қозоғистонда референдум: Тўқаевдан муҳим баёнот, овоз бергани келган 100 ёшли отахон (фото)

Фото: Xabar.uz

Бугун, 6 октябрь куни Қозоғистонда атом электр станцияси қурилиши бўйича референдум бўлиб ўтмоқда.

Овоз бериш участкаларининг умумий сони 10 323 тани ташкил этади.

Xabar.uz мухбири чет эллик журналистлар қаторида жараённи кузатиш учун Остона шаҳридаги 60- ва 256-овоз бериш участкаларида, шунингдек, Оқмола вилояти Қосши шаҳридаги 750-овоз бериш участкасида бўлди.

Мамлакат Марказий сайлов комиссияси овоз бериш учун 12 миллион 244 минг 683 нафар фуқарони рўйхатга олган.

Референдумга келган фуқаролар «Сиз Қозоғистонда атом электр станцияси қурилишига розимисиз?» деган саволга  жавоб қайтармоқда.

Эрта тонгдан овоз берган Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев референдумни «тарихий ҳодиса» деб атаган.

«Халқ қандай қарор қабул қилишидан қатъи назар, давлат уни қабул қилади. Оқилона қарор қабул қилинишига ишонаман», – деган у.

Қозоғистон Энергетика вазирлиги аввалроқ кўпчилик аҳоли референдумда АЭС қурилишини ёқлагудек бўлса, пудратчи сифатида Хитой, Жанубий Корея, Россия ва Франция компанияларидан бири танланишини маълум қилган эди. Президент Қ.Тўқаев овоз бериш участкасида журналистлар саволларига жавоб берар экан, АЭС қурилиши учун бир давлат ширкатини эмас, балки илғор технологияларга эга компанияларнинг халқаро консорциумини танлаган маъқул эканини таъкидлади.

Участкаларда алоҳида эҳтиёжли, яъни ногиронлиги бор фуқароларга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Овоз бериш қулайлиги учун пандуслар, тактил белгилари, брайл алифбоси билан жиҳозланган кабиналар, махсус қулоқчин ва компьютерлар ўрнатилган.

Дарвоқе, референдум куни Остона, Туркистон, Ақтўбе каби йирик шаҳарларда жамоат транспорти бепул қилиб қўйилган.

Ҳукумат ва парламент вакиллари асосан пойтахтда овоз бермоқда. Остона шаҳридаги 60-овоз бериш участкасида Қозоғистон Республикаси Рақамли ривожланиш, инновациялар ва аэрокосмик саноат вазири Жаслан Мадиев овоз бераётганига гувоҳ бўлдик.

Плебисцитни 30 давлатдан келган 177 нафар кузатувчи, шунингдек, МДҲ, ШҲТ, Туркий давлатлар ташкилоти, Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш каби халқаро ташкилотлар вакиллари кузатиб бормоқда.

Туркий давлатлар ташкилоти бош котиби ўринбосари Саъди Жаъфаров Xabar.uz мухбирига айтишича, халқаро тузилма Қозоғистонга қисқа миссия билан келган.

«Биз овоз бериш ва овозларни ҳисоблаш жараёнини кузатиб борамиз. Овоз бериш жараёнига бағишланган матбуот анжуманида қатнашамиз.  Соат 7 дан буён участкаларда қонунчиликка нечоғли риоя этилаётганини ўрганмоқдамиз», – дейди ТДТ бош котиби ўринбосари.

АЭС қурилиши умуммиллий аҳамиятга молик масала бўлгани сабаб қозоғистонликлар бу борада ўз позициясини фаол билдиришга уринмоқда. Масалан, Оқмола вилояти Қосши шаҳрида яшовчи 100 ёшли уруш фахрийси Нурқосим Ажитай ўғли участкага ўзи келиб овоз берди.

Қозоғистон президенти АЭС қурилиши масаласини умумхалқ муҳокамасига қўйишни 2023 йил 1 сентябрда таклиф этган. 2024 йил 2 сентябрь куни референдумни 2024 йил 6 октябрда ўтказиш тўғрисидаги фармонни имзолаган.

Овоз бериш соат 7:00 дан 20:00 гача давом этади. Референдумнинг якуний натижалари 7 кун ичида эълон қилинади.

Овоз бериш ҳуқуқига эга фуқароларнинг ярми қатнашган тақдирда референдум бўлиб ўтган деб ҳисобланади.

МСК маълумотига кўра, соат 12 да овоз бериш ҳуқуқига эга 4 804 182 нафар қозоғистонлик (электоратнинг 39,23 фоизи) конституциявий ҳуқуқидан фойдаланиб бўлди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг