Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Путин танқидчиси, Украина кўмакчиси». НАТОга янги бош котиб келди

«Путин танқидчиси, Украина кўмакчиси». НАТОга янги бош котиб келди

Бугун, 1 октябрдан эътиборан Нидерландия собиқ бош вазири Марк Рютте НАТО бош котиби сифатида фаолиятини бошлади. Сўнгги 10 йил ичида ҳарбий иттифоққа раислик қилган норвегиялик Йенс Столтенберг эса истеъфога чиқди.

Марк Рютте Брюссель шаҳрида ташкил этилган янги вазифага киришишга бағишланган тадбирда Украинага кўмак Шимолий Атлантика ҳарбий альянси учун устувор мақсад бўлиб қолишини таъкидлади. 

«Биз Украина суверен, мустақил ва демократик давлат бўлиб қолиши учун барча чораларни кўришимиз керак», – деган Рютте.

Янги бош котиб, шунингдек, 32 давлатни ягона байроқ остида бирлаштирган НАТО мудофаа салоҳиятини кучайтириш учун ушбу йўналишда ажратилаётган маблағларни кўпайтириш лозимлигини ҳам урғулаган.

«(Бош котиблик давримда) бир нарса ўзгармаслиги аниқ. НАТОнинг асосий миссияси шундаки, биз одамларимизни, давлатларимизни ва албатта қадриятларимизни ҳимоя қиламиз», – деган у. 

57 ёшли Марк Рютте 13 йил давомида Нидерландияни бошқарган. Ўтган йили миграция сиёсати борасида келишмовчиликлар ортидан ҳукумат раҳбарлигини тарк этган.

Таҳлилчиларга кўра, у НАТО тарихидаги энг мураккаб даврда бош котиблик лавозимига киришмоқда.

Россиянинг Украинага қарши босқинчилик уруши ортидан НАТО давлатлари ҳарбий салоҳиятни янада кучайтириш ёки аввалгидек АҚШ дастагига кўз тикишдек дилемма қаршисида турибди. Марк Рютте биринчи навбатда ҳарбий альянс аъзоларини ЯИМнинг камида 2 фоизини мудофаа соҳасига ажратишга кўндириши лозим.

НАТО давлатларининг Украинага кўмак ҳажми камайиб бормоқда. Украинани қуроллантириш тарафдори бўлган Рютте альянс аъзоларини Киевга кўпроқ кўмак кўрсатишга илҳомлантириши ҳам зарур.

Янги бош котиб Россия президенти Владимир Путинни Украина босқини сабаб кескин танқид қилиб келади. У, шунингдек, 2014 йили Украина шарқида уриб туширилган ва юзлаб нидерландияликнинг ўлимига олиб келган самолёт ҳалокатида ҳам Москвани айблагани маълум. Эндиликда Рютте ҳарбий альянс етакчиси сифатида аксилпутин иттифоқини янада кучайтириши айтилмоқда.

Яна бир ойдан кейин, 5 ноябрь куни АҚШда президентлик сайлови бўлиб ўтади. Сайловда демократлар вакили Камала Ҳаррис ғалаба қозонса, Европа Иттифоқи ва НАТО аъзолари учун айни муддао. Бироқ президентлик пойгасида республикачилар номзоди Дональд Трампнинг қўли баланд келса, у ҳолда иттифоқчилар учун янги даҳмазалар туғилиши аниқ. Гап шундаки, АҚШ манфаатлари биринчи ўринда эканини айтиб келаётган Трамп президенликка келгудек бўлса, Украинага ҳарбий кўмак ҳажми камайиши, НАТО билан ҳамкорлик ҳам иккинчи планга тушиши мумкин. Демак, воқеалар бу тахлит ривожланса, янги бош котиб Трамп билан ҳам тил топишиши талаб этилади.

Рютте НАТОнинг етакчи сиёсатдонлари – Германия канцлери Олаф Шольц, Франция президенти Эммануэль Макрон, Италия бош вазири Жоржа Мелони, Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон билан яхши муносабатда. Бу эса унинг бош котиблик фаолиятида қўл келиши мумкин.

Кўп болали оилада туғилиб ўсган Рютте ҳашаматдан холи тарзда ҳаёт кечиради. У Ҳаага шаҳридаги камтарона уйидан бош вазир офисига ҳам велосипедда қатнагани маълум ва машҳур.

Дарвоқе, Марк Рютте Нидерландия бош вазири бўлган кезларда мамлакат парламенти биносида «фаррошлик» қилиб ижтимоий тармоқлар қаҳрамонига айланганди. Ўшанда эҳтиётсизлик ортидан қўлидаги қаҳвани тўкиб юборган сиёсатчи фаррошларга иш қолдирмай, бирпасда ҳаммаёқни ёғ томса ялагудек тозалаб қўйганди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг