Путин Алиевдан кечирим сўради
Россия президенти Владимир Путин Озарбайжон президенти Илҳом Алиев билан телефон орқали мулоқотда Қозоғистоннинг Оқтов шаҳри яқинида юз берган йўловчи самолёти ҳалокатини батафсил муҳокама қилди.
Мулоқот Россия томони ташаббуси билан амалга оширилган.
Путин фожиа Россия ҳаво ҳудудида юз бергани сабабли узр сўраб, қурбонларнинг оилаларига чуқур ва самимий ҳамдардлик билдирган.
Суҳбатда таъкидланишича, жадвал бўйича аниқ йўналишда учаётган Озарбайжон ҳаво йўллари самолёти Грознийдаги аэропортга бир неча марта қўнишга ҳаракат қилган. Бу пайтда Грозний, Моздок ва Владикавказга Украина жанговар дронлари ҳужум қилаётгани боис Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими ишлаётган бўлган.
Ҳодиса юзасидан Россия тергов қўмитаси Жиноят кодексининг 263-моддаси бўйича жиноят иши очган, ҳарбий ва ҳарбий бўлмаган мутахассислар терговга жалб этилган.
Айни пайтда Озарбайжон бош прокуратурасининг икки ходими Грознийда Россия бош прокуратураси ва Тергов қўмитаси билан ҳамкорликда ишни ўрганмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter