Ғизосиз қолган Ғазо
Ғазо секторида Исроилнинг жанговар ҳаракатлари давом этар экан, минтақада гуманитар инқироз янада кучаймоқда, минглаб оилалар кунлик ғизо — озиқ-овқатдан маҳрум қолмоқда.
Халқаро ташкилотлар Исроил Ғазо ҳудудига инсонпарварлик кўмагини ўтказишга тўсқинлик қилаётганини танқид қилиб келади. Тел-Авив БМТ томонидан ҳозирланган озиқ-овқат ва егуликларнинг фақат уч фоизини ўтказишга рухсат берган. Масалан, 18–22 декабр оралиғида Ғазога фақат иккита гуманитар миссия кира олган, холос.
75 кун давомида озиқ-овқат кўмагидан узиб қўйилган Ғазо шимолидаги Байт-Ҳанун шаҳрига инсонпарварлик ёрдами етиб борганида БМТ ходимлари маҳзун манзарага гувоҳ бўлишган: очлик туфайли силласи қуриган одамлар бир қултум сув, бир кафт ун ёки бир қути консерва олиш учун жон олиб жон бергудек алфозда ҳаракат қилган.
БМТ бош котиби расмий вакилининг муовини Стефани Трамбле Исроил гуманитар кўмак ортилган машиналар ўтишига тўсқинлик қилиб қолмай, ўзи рухсат берган машиналарни ўққа тутаётганини ҳам қайд этган.
Қиш келиб, ҳаво ҳарорати манфийга ўтган бир пайтда минглаб ғазоликлар очиқ осмон остида тунашга мажбур бўлмоқда.
БМТнинг фавқулодда кўмак бўйича мувофиқлаштирувчиси Том Флетчер Ғазо сектори, хусусан, шимолий минтақа бутунлай қамал остида экани, қиш келгач, инсоний ҳалокат кўлами янада ортганидан огоҳлантирган.
БМТ вакили Ғазода минглаб одам сув, егулик, электр энергияси ва тиббий хизматдан маҳрум қолаётганидан хавотир билдирган.
Қароргоҳи Лондонда жойлашган Oxfam халқаро ташкилотига кўра, инсонпарварлик кўмаги етиб бормаётгани сабаб Ғазо аҳолиси ҳатто чиқиндихоналардан егулик қидиришга мажбур бўлмоқда.
«Вайрон этилган Ғазо аҳолиси азоб-уқубатга гирифтор бўлди. Давлат сектори ишдан чиққан. Инсонпарварлик кўмаги тизими аранг оёқда турибди. Биз халқаро ҳамжамиятдан бунга барҳам беришни ёлвориб сўраймиз. Исроилни тўхтатиш учун иқтисодий ва дипломатик воситаларингизни ишга солинг!», — дейилади Oxfam баёнотида.
Исроил ҲАМАС ҳаракати ҳужумига жавобан Ғазога бостириб кирган 2023 йил 7 октябрдан буён 45 436 нафар фаластинлик ҳалок бўлди, 108 038 киши яраланди.
Amnesty International Исроилнинг Ғазо секторида содир этаётган қилмишларини геноцид (қатлиом) деб атаган.
БМТнинг Фаластин қочқинлари бўйича бош комиссари Филипп Лаззаринига кўра, Ғазо секторида беш ой давомида Исроил бомбардимонлари оқибатида 12 300 дан зиёд бола ҳалок бўлди. Бу охирги тўрт йил ичида бутун дунёдаги урушларда ҳалок бўлган болалар сонидан (12 193 нафар) ҳам кўпроқдир.
Маълумот ўрнида: БМТ комиссари Филипп Лаззарини келтирган рақамлар 2023 йил 7 октябрдан 2024 йил февралга қадар бўлган ўлимларни ўз ичига олади. Исроил ҳарбийларининг ҳали-ҳамон давом этаётган бомбардимонларида яна кўплаб болалар нобуд бўлди, фожиавий статистика ошиб бормоқда.
17 йил қисман блокада шароитида яшаган Ғазо сектори 2023 йил октябр ойидан буён тўлиқ қамал остида. Ҳудудга сув, озиқ-овқат, ёнилғи кириши чекланган.
Айни пайтда 2,3 миллион аҳоли ҳаётига Исроил бомбаларидан ташқари очлик, ташналик ва юқумли хасталиклар хавф солиб турибди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter