Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Мамлакатнинг қарийб 26 миллион аҳолисига очлик хавф солмоқда

Мамлакатнинг қарийб 26 миллион аҳолисига очлик хавф солмоқда

Фото: БМТ

Африка шимолида жойлашган Судан давлатига мисли кўрилмаган очлик хавф солмоқда, дейилади БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти, Жаҳон озиқ-овқат дастури, Болалар жамғармаси каби тузилмаларининг қўшма баёнотида.

Бир ярим йилдан буён давом этаётган қуролли тўқнашувлар сабаб мамлакат бўйлаб озиқ-овқат тақчиллиги юзага келган. Айни пайтда 755 минг киши очликнинг “5 IPC” даражасида, бу хавф-хатарнинг энг юқори кўрсаткичи саналади. Яна  25,6 миллион аҳоли кучли очлик таҳдиди остида қолмоқда.

«Суданда озиқ-овқат хавфсизлиги билан боғлиқ вазият кун сайин ёмонлашмоқда. Миллионлаб одамлар ҳаёти хавф остида. Очарчиликнинг олдини олиш учун 60 миллион доллар миқдорида тезкор маблағ зарур. Бу маблағ олис ҳудудларда яшовчи аҳолига яқин олти ой ичида озиқ-овқат етказиш ва очликнинг олдини олишда асқотади», – дейди БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти бош директори Ку Донгю.

Ўз навбатида, ЮНИСЕФ ижрочи директори Кэтрин Рассел халқаро ҳамжамият эътиборини Судандаги юз минглаб оч-наҳор болаларнинг фожиали тақдирига қаратган.

БМТ тузилмалари Суданда озиқ-овқат таъминотини тиклаш учун ўт очишни тўхтатиш лозимлигини талаб қилган.

Аввалроқ «Save the Children» хайрия ташкилоти фуқаролар уруши давом этаётган Суданда 2,9 миллион нафар болалар бирламчи озиқ-овқатдан маҳрум экани ҳақида бонг урган эди.

Суданда 2023 йил апрель ойида фуқаролик уруши бошланган эди. Де-факто давлат раҳбари саналган генерал Абдулфаттоҳ Бурҳон қўмондонлигида мунтазам армия ва генерал Муҳаммад Ҳамдан Дагало бошчилигидаги Тезкор ҳаракат кучлари (RSF) ўртасида қуролли тўқнашувларда камида 14 минг киши ҳалок бўлди. 8,3 миллион аҳоли бошпанасини тарк этишга мажбур бўлди.

Суданни узоқ йиллар идора этган Умар Башир 2019 йилда ҳокимиятдан четлатилган эди. Ҳаагада жойлашган Халқаро жиноий суд уни қатлиом ва инсониятга қарши жиноятларда айблаган.

Умар Башир президентликдан кетгач, ҳарбий ва фуқаровий гуруҳлар ўтиш даври ҳукуматини тузишга келишган. Аммо мамлакатдаги турли сиёсий, ҳарбий гуруҳлар ўзаро тил топиша олмади. Пировардида генераллар Абдулфаттоҳ Бурҳон ва Муҳаммад Ҳамдан Дагало ўртасидаги зиддият росмона урушга айланиб кетди. Томонлар вақти-вақти билан ўт очишни тўхтатиш борасида битим тузаётган бўлса-да, қонли ихтилофни буткул ҳал этиб бўлмаяпти.

Уруш туфайли деҳқончилик, тижорат издан чиққан, қимматчилик авж олган. Халқаро инсонпарварлик ёрдами етказиш ҳам муаммо бўлмоқда. БМТнинг 2024 йилда Суданга 2,7 миллиард доллар кўмак кўрсатиш режаси 4 фоизга молиялаштирилган, холос.

Экспертлар хавотирига кўра, мамлакатда замонавий тарихдаги энг мудҳиш гуманитар ҳалокат етилиб келаётир.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг