Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Исроил Эронга ҳужум қилди

Исроил Эронга ҳужум қилди

Исроил ҳарбийлари тунда Эрондаги ҳарбий объектларга зарбалар берди. Эрон Исроилнинг тажовузига жавоб беришга тайёрлигини маълум қилди.

1 октабр куни Теҳрон Исроилга 200 га яқин баллистик ракета учирганидан кейин Исроил ҳарбийларининг Эронга жавоби кутилган эди.

Исроилнинг жавоб ҳужуми кўлами ҳозирча аниқ эмас, бироқ Исроил жамоат телевидениеси ўнлаб қирувчи самолётлар Эрон ҳарбий объектларига зарба берганини қайд этди. Теҳроннинг ғарбий ва жануби-ғарбидаги бир қанча ҳарбий базалар Исроил томонидан ўққа тутилди, деб тасдиқлади Эроннинг Фарс ахборот агентлиги.

Нишонларга энергетика инфратузилмаси ёки ядровий иншоотлар киритилмаган.

Исроил зарбаларининг асосий мақсади Эрон мудофаа саноатининг марказий ҳарбий иншоотлари, жумладан, ракета заводлари, дронларни ишлаб чиарувчи ҳамда баллистик ракеталарни учириш базалари бўлган.

Эрон давлат телевидениеси Теҳрон яқинида «кучли портлашлар» содир бўлганини хабар қилди.

Шу билан бирга, Эрон разведкаси вакиллари давлат телевидениесига кучли портлашлар овози «Эрон ҳаво мудофаа тизимининг фаоллашуви билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини» айтишган.

Би-би-си форс хизматининг Теҳрондаги гувоҳларга таяниб хабар беришича, маҳаллий вақт билан соат 2:13 да Эрон пойтахти яқинидаги халқаро аэропорт атрофида 7 тадан 15 тагача портлаш содир бўлган.

Эрон давлат матбуоти ҳозирда Исроил ҳужумлари ҳақиқий зарар келтирганини инкор этиб, уларни муваффақиятсиз деб атамоқда.

Тонгга яқин ҳужумларнинг иккинчи тўлқини бошланди. Теҳрон шарқида яна тўртта портлаш овози эшитилган, пойтахтда «ҳаво ҳужумидан мудофаа воситалари ҳамон фаол» экани айтилди.

«Тасним» ахборот агентлиги манбаларга таяниб хабар беришича, Эрон Исроилнинг ҳар қандай тажовузига жавоб беришга тайёр.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг