Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Эрсин Татар туркий давлатлар билан алоқаларни кучайтириш истагини билдирди

Эрсин Татар туркий давлатлар билан алоқаларни кучайтириш истагини билдирди

Шимолий Кипр турк республикаси Туркий давлатлар ташкилоти тизимидаги барча тузилмалар билан алоқаларни кучайтирмоқчи. Бу ҳақда Шимолий Кипр турк республикаси раҳбари Эрсин Татар 6 июль куни Шуша шаҳрида бўлиб ўтган ТДТнинг «Транспорт, ўзаро боғлиқлик ва иқлим ҳаракати орқали барқарор келажакни бунёд этиш» шиори остидаги норасмий саммитида гапирди.

Олий даражадаги тадбирга таклиф учун Озарбайжон президенти Илҳом Алиевга миннатдорлик билдирган Эрсин Татар кўп йиллар ишғол остида бўлган Шуша шаҳри озод этилгани муҳим ҳодиса эканини таъкидлади.

Сиёсатчи бу йил Кипр тинчлик амалиётининг 50 йиллиги нишонланишини қайд этиб, ТДТ мамлакатлари етакчиларини байрам тадбирларига таклиф қилди.

Шимолий Кипр турк республикаси президенти Эрсин Татар аввалроқ ОАВга берган интервьюсида 1974 йили Кипр операцияси амалга оширилмаганда, бугун оролда турклар мавжуд бўлмаслигини айтганди. У, шунингдек, федератив давлатда туркларнинг этник озчиликка айланиши, икки давлат келишуви энг мақбул сиёсий ечим эканини урғулаган.

Кипр – Ўртаер денгизида, ғоят қулай стратегик ҳудудда жойлашган орол. Сўнгги ярим асрда орол долғада қолган кема каби турфа зиддиятларга рўбарў бўлди. Бундан роппа-роса эллик йил аввал Кипрда тинчликни қўллаб-қувватлаш бўйича ҳарбий операция ўтказилган эди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг