Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

ЕИ Украинани қўллаб-қувватлаш ниятида собит – Тойво Клаар

ЕИ Украинани қўллаб-қувватлаш ниятида собит – Тойво Клаар

ЕИ элчиси Т.Клаар Украина элчиси М.Дорошенко билан

Европа Иттифоқи Украинани қанча керак бўлса, шунча вақт қўллаб-қувватлайди. Бу ҳақда Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси Тойво Клаар томонидан Украинага Россия босқини бошланганининг уч йиллиги муносабати билан берилган баёнотда таъкидланган.

«Бугун Украина фақат ўз суверенитети учун эмас, балки барчамизни бирлаштирган тамойиллар – ҳудудий яхлитлик, халқаро ҳуқуқ ва тинчлик учун курашмоқда. Ҳеч ким Украинадек тинчликни истамайди. Украинага оид бирор бир қарор Украинасиз ҳамда Европасиз қабул қилинмаслиги керак», – деган Тойво Клаар.

Россиянинг тўлиқ миқёсдаги босқинига қарши Украинанинг уч йиллик қаршилигига эҳтиром рамзи сифатида Тошкентда 24 февраль куни кўргазма ҳам очилди. ЕИ делегацияси Украина элчихонаси билан ҳамкорликда ташкил қилган кўргазмада украин халқининг эрк ва озодлик учун мардонавор кураши ва собитқадамлиги визуал воситаларда акс эттирилган.

Фотокўргазма украин халқининг мардонавор курашига бағишланган.

«Европа Иттифоқи учун суверенитет ва ҳудудий яхлитлик халқаро тартибнинг асосий тамойилларидир. Россиянинг Украинага қарши тажовузкорлик уруши дунё учун хавфли ўрнак – прецедент яратмоқда. Халқаро даражада тан олинган чегаралар куч ишлатиш йўли билан ўзгартирилиши мумкин эмас», – деган кўргазманинг очилиш маросимида элчи Тойво Клаар.

Тошкентдаги 139 Documentary Center масканида ташкил этилган кўргазма доирасида ташриф буюрувчилар 2014 йилдан бери Россиянинг Украинага қарши тажовузига қарши кураш тарихига бағишланган вақт жадвалини ҳам кўриш имконига эга бўладилар.

Кўргазма 25 февралдан ўн кун давомида кенг жамоатчилик учун очиқ бўлади.

Маълумот ўрнида,  Россия босқинига уч йил тўлган 24 февраль куни Киевга Европа комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйен ҳамда Европа кенгаши раҳбари Антониу Кошта ташриф буюрди.

Европа комиссияси президенти ташриф доирасида қўшимча 3,5 миллиард евролик молиявий кўмак ҳақида маълум қилди. Бу ЕИ 2024 йилда ташкил қилган «Украина учун фонд» доирасида ажратиладиган 50 миллиард евро кўмакнинг бир қисмидир.

Урушнинг уч йиллиги муносатаби билан Европа кенгаши, Европа комиссияси ва Европа парламенти раислари номидан тарқатилган баёнотда ҳам Брюссель Украина томонида экани қайта-қайта таъкидлаган.

Уч йиллик муносабати билан ЕИ бошқарув идоралари Украина байроғи рангларида.

«Россия шафқатсиз уруш мобайнида Украинанинг инфратузилмаси ва фуқаровий объектларга қасддан зарба бермоқда. Украиналиклар ўз мамлакати ҳамда халқаро ҳуқуқнинг асосий тамойилларини жасорат билан ҳимоя қилмоқда. Биз Украина мустақиллиги ва ҳурлиги учун ўз жонини фидо қилган, яқинларидан айрилган барчага ҳурмат изҳор қиламиз.  Украина халқига қарши содир этилаётган ушбу уруш ва хунрезлик учун барча жавобгарлик Россия ва унинг раҳбарияти гарданида», – дейилади қўшма баёнотда.

Қайд этилишича, ЕИ ҳозирга қадар Украинага 135 миллиард евро миқдорида иқтисодий, гуманитар, молиявий ва ҳарбий кўмак кўрсатган.

«Украина – Европа уйининг бир қисми. Украиналиклар ўз келажагини Европа Иттифоқи билан боғлаш ниятини билдирди. Бунга жавобан биз Украинага ЕИга кириш учун номзод мақомини бердик ва тегишли музокараларни бошладик. Украина ва унинг фуқаролари келажаги Европа Иттифоқида», – дейилади ЕИ раҳбарияти баёнотида.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг