Трамп ва Маск давлат хизматчиларига 48 соат муҳлат берди

АҚШ президенти Дональд Трамп маъмурияти 22 февраль куни федерал идоралар ходимларига бир ҳафта давомида қандай меҳнат ютуқларига эришгани хусусида ҳисобот беришни сўраб электрон мактуб йўллади.
Reuters агентлиги хабарига кўра, минглаб давлат мулозимларига 48 соат муҳлат берилган. Улар душанба куни кечқурунга қадар ҳафталик ютуқларини кўрсатиб бера олмаса ишдан бўшатилиши мумкин.
Давлат хизматчиларига етти кун давомида камида бешта жиддий натижа тақдим этиш талаби қўйилган.
Трамп томонидан ҳукумат самарадорлиги бўйича департамент (DOGE) раҳбарлигига тайинланган миллиардер Илон Маск давлат хизматчиларини ўз ваколатларини мукаммал бажармаётгани, яна минглаб штатлар ортиқча эканини айтиб келади.
«Президент Дональд Трампнинг кўрсатмасига мувофиқ барча федерал хизматчиларга ўтган ҳафта давомида нималар қилгани сўралган электрон мактуб юборилади. Тегишли тартибда жавоб бермаслик ишдан бўшашга олиб келади», – деган Маск.
Бундан аввалроқ Трамп Маскни ҳукумат самарадорлиги бўйича департамент раҳбари сифатида янада кескин ҳаракатларга ундади.
«Илон ўз ишини қойилмақом тарзда адо этмоқда. Аммо мен у янада кескинроқ ҳаракат қилса дейман. Унутманг, биз мамлакатимизни қутқаришимиз, кейин эса уни мисли кўрилмаган тарзда гуллаб-яшнатишимиз керак», – деган Трамп.
Январь ойида президентлик лавозимига киришган Трамп жамоаси икки миллионга яқин давлат хизматчисига сентябрь ойига қадар маошни сақлаб қолиш эвазига ихтиёрий равишда ишдан бўшашни таклиф қилган эди. Оқ уй шу тариқа штатларни қисқартириш ва Трамп сиёсий дастурини дастакламаётган ходимлардан воз кечишни кўзлаган.
Президент Трамп ва ҳукумат самарадорлиги департаменти раҳбари Маскнинг бюрократияни кескин қисқартириш кампанияси доирасида бир ҳафтада 9500 дан зиёд амалдор ишдан айрилган.
АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) тизимидаги 10 мингдан зиёд ходимларнинг 97 фоизи ишдан бўшатилган.
Қисқартиришлар Пентагон каби стратегик муҳим йўналишдаги вазирликларни ҳам четлаб ўтмаётир.
Қўшма Штатлардаги касаба уюшмалари оммавий ишдан бўшатишлардан хавотир изҳор қилган ва аллақачон бу масалада судларга шикоятлар киритмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter