«Дидро эффекти» ёхуд қизил халат қулига айланган файласуф
Пул топиш қийин, аммо уни сарфлаш жуда осон. Биз ортиқча нарсаларни сотиб олиш учун кўп ишлаймиз. Кераксиз харажатни енгиш учун эса «Дидро эффекти»ни тушуниш керак. 18 асрда яшаб ўтган француз файласуфи Денис Дидро эски халати билан хайрлашганига афсусланади ва ўз битикларида ёзиб қолдиради. Бир куни Дидрога қизил халат совға қилишади. Ҳаммаси шундан бошланади. Янги халат шкафдаги эски буюмлар орасида ўзини жуда ноқулай «сезади». Дидро шу халатга мослаб мебелларни – аввал столни, диванни, кейин гиламни, ҳатто картинкаларни алмаштиришгача боради. Қарасаки, бу занжирнинг кети узилмайди. Анчагина пул сарфлайди. Шунда у айтади: «Мен эски халатимнинг эгаси эдим, янги халатнинг қулига айландим! Эски халатим билан хайрлашганимдан афсусдаман.»
Кўпчилик пул бўлгач ишлатиш керак-да деб ўйлайди. Тўғри пулни биз сарфлаш учун топамиз, аммо меъёрдан ошиб кетса аниқ мақсадларимиздан чалғиймиз – битта янги маҳсулот бошқа харидларни эргаштириб келади.
Масалан, сиз бу йил янги пальто олмоқчисиз, пулни шунга режалагансиз. Аммо янги пальтонгизга этик тўғри тушмаётгандек, ярашмаётгандек туюлади. Янги этик сотиб оласиз. Қарасангиз унга сумка мос келмаяпти –сумка оласиз. Шундай қилиб сиз режаланганидан кўра кўпроқ пул сарфлайсиз. Яна айтишингиз мумкин, ҳа нима қилибди, пулим бор сотиб олдим, деб. Аммо бир лаҳзалик қувонч сизни бутунлай бахтли қила олдими? Қувончингиз қанчага чўзилди? Гап мана шунда. Қолаверса шундоқ ҳам тўлиб-тошган шкафингиз янада бесаранжом бўлди, бу эса сизнинг ҳар куни асабингизга тегаяпти.
Танқислик пайтларида ҳамма фақат зарур нарсаларни сотиб олган, бугунги кунда шаҳарларда ҳар бир бурчакда дўконлар, чегирмали товарлар, акциялар мавжуд.
«Қўшнилар қимматбаҳо диван сотиб олишди, лекин бизники бутунлай эскирган», деб ўйлаймиз. Ва кейин сиз диван учун яна бир хона, креслолар ва кофе столи, журнал столи олишингиз керак бўлади. Психологларнинг фикрига кўра, биз доимо ўзимизни бошқалар билан таққослаб, янги нарсалар орқали ўзлигимизни яратмоқчи бўламиз. Ва бу жараён чексиз... Нарсалар сизга эгалик қила бошлайди, улар сизга эмас, сиз уларга хизмат қиласиз.
Ҳаётда бепул ва чинакам бахт келтира оладиган нарсалар кам. Биз ўша кам нарсаларга эришсак кўп нарсалар аҳамиятини йўқотади. Агар оилангиз, яқинларингиз ва саломатлик каби ҳаётдаги муҳимроқ нарсаларга эътиборингизни қаратмоқчи бўлсангиз, минималист ҳаётни кузатишингиз керак. Ҳаётдаги кераксиз нарсалар ва ортиқча анъаналардан халос бўлиш, сиз илгари ҳеч қачон бошдан кечирмаган бахтни топишга ёрдам беради.
Минималист турмуш тарзи нима?
Минималист турмуш тарзи – бу фақат керак бўлган нарсалар билан яшашни ва кераксиз нарсаларни ташлашни англатади. Минимализм сизга керак бўлмаган нарсаларни сотиб олмасликни ўргатади. Минималист кўп кийим-кечак, янги жиҳозни сотиб олмаслик, энг сўнгги гаджетга эга бўлмаслик ёки каттароқ уйга эга бўлишни хоҳлаш истагидан халос одам.
Кичкина уйда яшашни афзал кўрадиган, озгина кийим-кечакка эга бўлган ва кўп мебелга муҳтож бўлмаган минималистлар бор, баъзилари эса атроф-муҳитга камроқ чиқинди чиқариш учун минималист бўлади.
Минималист тафаккур
Минималист қандай фикрда? Улар оиласи билан вақт ўтказиш, ўзлари ёқтирган нарсалар билан шуғулланиш ва стрессдан холи бўлиш каби ҳаётдаги муҳимроқ нарсаларга эга бўлишади. Улар янги нарсаларни сотиб олиш учун ўзларини ички мажбурлашлардан воз кечадилар. Улар янги нарсаларга муҳтож эмаслигига ишонишади ва оддий ҳаёт кечиришади. Материализм ва истеъмолчилик уларни тарк этади.
Минималист бирор нарсани сотиб олишга қарор қилишдан олдин ўзидан сўрайди: «Бу нарса менга ҳақиқатан ҳам керакми? Мен усиз яшай оламан деб ўйлайман. Мен бу маҳсулотни сотиб олишдан олдин 30 кун кутаман. Ўша вақтга келиб, бу менга ҳақиқатан ҳам керакми ёки йўқлигини билиб оламан».
Фикрлашнинг ўзгариши бир кечада содир бўлмайди. Бу нозик ва секин қадамлар билан эришилади ва ҳар куни чалғитадиган нарсаларни олиб ташлашни ўз ичига олади. Чунки жуда кўп нарса сизни чалғитади.
Минимализмнинг афзалликлари
Минималист турмуш тарзида яшаётган одамнинг кўпроқ пулга эга бўлиш имкони бор. Минималистнинг заҳирада пули борми демак молиявий стрессдан ҳоли. Чунки у фойдасиз нарсаларни сотиб олишдан қутулган, яъни у пулини узоқ муддатли, фойдали, қиммат нарсага сафрлаши мумкин.
Сизни чинакам бахтли қиладиган нарсаларга кўпроқ пул сарфлашингиз мумкин. Яъни саёҳат қилиш ва асосий нарсага эътиборингизни қаратиш учун кўпроқ пулингиз бўлади.
Агар ҳаётингизда муҳим бўлмаган қиммат нарсаларни сотсангиз, пулингиз кўпаяди ва яна жой бўшайди. Минималист бўлишни кераксиз нарсаларни сотишдан бошланг. Уйни айланиб чиқинг, нарсаларингизни кўздан кечиринг ва ўзингиздан сўранг: «Мен буларни охирги 90 кун ичида ишлатганманми?» Агар сиз уларни сўнгги уч ой ичида ишлатмаган бўлсангиз, демак улар сизга керак эмас. Тежалган пулингизни ҳақиқий эҳтиёжларингиз учун ишлатасиз, балки хайр-эҳсон қиларсиз.
Минималист уйни тозалашга ҳам кам вақт сарфлайди, чунки унда ортиқча ашқол-дашқол бўлмайди. Стол-шкафларининг тагида чанг босган «даҳмаза»ларни уёқдан бу ёққа олиш учун вақт сарфламайди.
Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, ўртача америкалик хонадонда бир одам ойига камида 24 соат уй тозалайди. Агар одам камроқ нарсага эга бўлса, у тозалаш ишларига ҳам камроқ вақт ажратади. Уй тозалашдан ортган вақтини самаралироқ ва муҳимроқ юмушлар учун сарфлайди.
Катта, данғиллама уй катта жойни англатади, демак уни тўлдириш учун ҳам кўп нарса харид қилиш керак. Катта, нарсалари кўп хонани тозалаш учун ортиқча вақт ва куч талаб этилади. Биз ўзимизни чарчатиш ва тозалашга кўпроқ вақт кетказамиз, яъни керак бўлмаган нарсаларга пул сарфлаймиз. Бу мантиқий эмас, яъни биз ўзимиз учун ўзимиз ноқулайликни яратамиз.
Янги нарсаларни сотиб олиш ва тозалашга кўпроқ вақт сарфлаш ўрнига, бўш вақтингизда яқинларингиз билан боғланиш ёки севимли машғулотни ўрганиш учун фойдаланишингиз мумкин, бу сизнинг руҳий ва ҳиссий саломатлигингиз учун фойдалидир.
Минимализмнинг соғлиққа фойдаси
Мутахассислар ортиқча нарсаларнинг соғлиққа зарарини аниқладилар. Юқори қон босими, депрессия, уйқу ва овқатланиш тартибидаги ўзгаришлар, бош оғриғи, чарчоқ, овқат ҳазм қилиш муаммолари шулар жумласидан. Шунингдек, жавон ёки майда ҳайкалчалардаги чанг доғларини тозалаш астмаси бор одамларнинг нафас олишини қийинлаштиради.
Минимализм ва табиат
Минималист бўлиш фақат ўз манфаатингиз учун эмас. Сиз бу билан она заминга ёрдам берасиз. Камроқ нарсага эгалик қилиш орқали сиз чиқиндилар ва чиқиндихоналарни камайтиришга ҳисса қўшасиз.
Биз яшаётган она сайёрани авайлаш бизнинг моддий истакларимиздан кўра муҳимроқдир. Биз фақат бир ёки икки марта ишлатган нарсаларимизни ташлаб юбориш орқали атроф-муҳитга катта зарар келтираяпмиз. Яъни биз келажак авлодни тоза ҳаво ва сувдан маҳрум қилаяпмиз.
Ўзингиздан сўранг: Нима муҳим – миқдорми ёки сифат? Ҳаётингизда ўзгаришлар қилишни хоҳлайсизми ва минимализмга тайёрмисиз? Сизда салбий энергия борлигини ҳис қиляпсизми? Минимализм фақат камроқ нарсага эгалик қилиш эмас – бу эркинлик ҳамдир. Минимализмнинг афзалликлари ўз вақтингизга эгалик қилиш ва аксинча, мол-мулкингизга эгалик қилмаслик эркинлигини ўз ичига олади. Истеъмолчиликнинг ёлғон имтиёзлари ва ваъдаларига эмас, балки ҳақиқий бахтни топишга эътибор қаратинг.
Интернет материаллари асосида тайёрланди
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter