Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Озгинаю созгина ёхуд овқатланишда минимализм

Озгинаю созгина ёхуд овқатланишда минимализм

Бугунги «минимализм» нафақат санъатда, балки ҳамма нарсада намоён бўлмоқда: кийим услуби, турмуш тарзи, уйларни безатиш... ҳатто овқатланишда. Бироқ, овқатланишда минимализм нима эканлигини ва у қандай намоён бўлишини тушунтиришдан олдин, атаманинг ўзига тўхталсак.

Минимализм мавзу, ҳодиса ёки концепциянинг моҳиятини тўлиқ очиб берадиган кичик нарса. Минимализм Японияда пайдо бўлган ва мамлакатнинг ички қисмида мукаммал акс эттирилган: кераксиз тафсилотлар йўқ, ҳамма нарса аниқ ва айни пайтда нафис. Бундан ташқари, функционал: услуб прагматик аҳамиятга эга бўлмаган нарсаларни кечирмайди. Минимализмни соддароқ тушунтирадиган бўлсак озгинаю созгина демак.

Юқорида айтганимиздек, дастлаб фақат санъат ва интерйер дизайнида қўлланилган услуб аста-секин инсон ҳаётининг барча соҳаларига ўтди. Бунинг ажабланарли жойи йўқ: ихчамлик – бу доимо ўзгариб турадиган, тез ривожланаётган дунёда яшайдиган одамларга жуда зарур бўлган нарса.

Демак минимал овқатланиш ғояларининг вужудга келиши табиий ҳодиса. Яъни чексиз овқатланишни чеклаш орқали кўпчилик маълум мақсадларга эришишни хоҳлайди. Шундай қилиб, озиқ-овқатда минимализм – бу юқори сифатли, фойдали ва табиий маҳсулотлардан фойдаланиш, зарарли маҳсулотлардан воз кечиш истаги асосида пайдо бўлган кенг тарқалган замонавий ҳодиса.  

Бугунги кунда соғлом турмуш тарзи ҳақида жуда кўп гапирилмоқда. Одамлар кўпроқ ҳаракат қилишга, вазн йўқотишга, тўғри, мувозанатли овқатланиш тизимини яратишга ҳаракат қилишмоқда. Бўкиб ва кўп овқат ейиш орқали соғлиғингиз билан хайрлашишингиз мумкин. Қайтариб бўлмайдиган иштаҳа билан бирга семириш, юрак-қон томир тизими билан боғлиқ муаммолар, нафас қисилиши ва бошқалар пайдо бўлади.

Озиқланишдаги минимализм сизни соғлом сақлаш билан бирга овқатланиш импулсларини тартибга солади. Бироқ, умумий концепцияга қарамай, ушбу озиқ - овқат истеъмол қилиш тизими ҳақида бир неча хил қарашлар мавжуд:

Веганизм

Озиқ-овқат минимализмининг баъзи тарафдорлари тирик мавжудотларга зарар етказишни истамай, ҳайвон, парранда гўштларидан (шу жумладан сут, тухум, балиқ) бутунлай воз кечишади.

Соғлом биоозиқланиш

Унинг тарафдорлари фақат ГМОни мутлақо истисно қиладиган экологик тоза, шу жумладан гўшт маҳсулотларни танлайдилар.

Балансли овқатланиш

Минималист ғояларга энг кам радикал ёндашув: тўғри ҳисобланган нисбатда танага керакли миқдордаги минераллар, витаминлар ва барча озиқ моддалар киритилиши керак. Ва улар орасида зарарли (ёғли, шўр, тўйинмаган) овқатлар йўқ.

Aсосий принциплар нималарда кўринади? Истеъмол қилинадиган озиқ-овқат маҳсулотларига эҳтиёткорлик ва соғлом назорат муҳим. Ортиқча тўйиб овқатланиш мумкин эмас. Ана шундан кейин одам енгилликни ҳис қилади, овқат ҳазм қилиш жараёни енгиллашади, кайфият яхшиланади. Шубҳасиз, бу озиқ-овқат минимализмининг ижобий фазилатлари. Aммо ҳар қандай тизимда бўлгани каби, салбий томонлари ҳам бор ва барча хавф яъни юзага келиши мумкин бўлган муаммоларни тушуниш муҳимдир.

Ижобий ва салбий томонлари: чекловлар борми?

Озиқ-овқат минималистларининг фикрига кўра, инсон танасига доимий равишда юқори сифатли ёқилғига муҳтож бўлган улкан, мураккаб тартибга солинган ва мукаммал ишлаб чиқилган машина сифатида қараш керак. Биз истеъмол қиладиган нарса нафақат органлар ва тизимларнинг ҳолатига, балки умр кўриш давомийлигига ҳам бевосита таъсир қилади.

Шунинг учун овқатланишдаги минимализм озиқ-овқат сифатига жуда эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлишни ва фақат чиндан ҳам янги, фойдали нарсаларни танлашни талаб қилади – бу овқатланишга бўлган бундай ёндашувнинг асосий, шубҳасиз ижобий томонидир.

Мувозанат ва мақсадга мувофиқлик...

Бу масалада сиз ҳаддан ошмаслигингиз керак. Озиқ-овқатдаги минимализм завқ келтириши, турмуш тарзи билан уйғунлашиши ва ҳеч қандай ноқулайлик туғдирмаслиги лозим.  

Иқтисодиёт принципига мувофиқлиги

Минимализм ва иқтисод ажралмас эканлиги аниқ. Яхши, сифатли, янги маҳсулотларга яхши маблағ керак... Шунга тайёрмисиз?  

Турли хил овқатлар

Минимализмнинг яна бир тузоғи: кўпинча одамлар кўплаб фойдали овқатларни билмайдилар ёки уларни истеъмол қилишга одатланмасдан диета пайти қийналадилар. Эсингизда бўлсин: минимал – бу камбағал дегани эмас, битта овқатдан воз кечиб, ўзингизга бошқасининг чексиз имкониятларини очасиз. Масалан, сабзавотлардан сиз нафақат картошка, помидор ва бодрингни, балки бошқа кўп нарсаларни ҳам истеъмол қилишингиз мумкин: брокколи, гулкарам, селдерей, шолғом, лавлаги, яшил нўхат, маккажўхори, бақлажон, қовоқ...

Стереотиплар

Жамиятда ёғли, тўйимли овқатларни кўпроқ ва тўйиб ейиш керак деган фикр бор. Масалан сомсалар, турли кабоблар, тандир гўштлар, турли газли ичимликлар, аччиқ ва шўр таомлар...  Aслида, сиз танангизни ортиқча калория билан тўлдирмасдан, минимализм руҳида мазали овқатланишингиз ҳам  мумкин. Aсосийси, стереотипик фикрлашдан воз кечиш ва дунёга бошқа томондан қараш.

 Минималистларнинг умумий тавсиялари:

Онгли истеъмол нима? Инсон ақлли мавжудотдир. У нима истеъмол қилаётганини ва нима учун эканлигини тушуниши керак. Сифат ҳақида ғамхўрлик қилиши, фақат чиндан ҳам соғлом, янги овқатлар истеъмол қилиши лозим. Миқдор масаласида ҳам бефарқ бўлманг. Ҳар куни қанча калория олишингизни назорат қилинг. Секин овқатланинг. Овқатни яхшилаб чайнаш, ошқозон учун жуда фойдали.

Суюқликдан энг яхшиси оддий, ичимлик сувидир. Қаҳвадан воз кечиш ва кўк чойни танлаш керак.

Хулоса қилиб айтганда минималист овқатланиш – бу соғлиқ билан боғлиқ муаммоларини енгишга ёрдам беради ва енгиллик туйғусини қайтаради, ҳаётни янада мазмунли қилади. Замонавий дунёда тобора кўпроқ одамлар бундай тартибга ўтаётгани ажабланарли эмас.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг