Британиялик Адриана Браунли дунёнинг энг баланд 14 чўққисини забт этиб рекорд ўрнатди
Британиялик 23 ёшли Адриана Браунли дунёнинг энг баланд 14 чўққисини забт этган энг ёш аёлга айланди, деб хабар берди Sky News.
Мўлжалдаги сўнгги нишон — Тибетдаги Шишапангма чўққисини 9 октябр куни ишғол қилган Адриана Браунли қувонганидан йиғлаб юборди. Чунки 8 минг метрдан баланд 14 та чўққини забт этиш — ҳар қандай алпинистнинг орзусидир.
2021 йилнинг майида, 20 ёшида Эверестни забт этган Адриана кейинги уч йил давомида қолган «саккиз мингликлар»ни бирин-кетин ишғол қилди.
Денгиз сатҳидан 8000 метрдан баланд чўққилар дунёда 14 та бўлиб, барчаси Непал, Тибет (Хитой), Ҳиндистон ва Покистон ҳудудларидаги Ҳимолий ва Қорақурум тоғларида жойлашган. Жомолунгма (Эверест) — 8 849 м, Чогори (К2) — 8 611 м, Дхаулагири — 8167 м, Нангапарбат — 8126 м шулар жумласига киради.
Аввалроқ непаллик 18 ёшли Нима Ринжи Шерпа баландлиги 8 минг метрдан баланд 14 та чўққининг барчасини забт этган энг ёш алпинистга айланган эди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter