Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

8 йил муқаддам Туркияда давлат тўнтаришига уриниш бўлганди…

8 йил муқаддам Туркияда давлат тўнтаришига уриниш бўлганди…

2016 йил 15 июл кечаси Туркияда демократик йўл билан сайланган ҳукуматни ағдаришга ва давлат тўнтаришига уриниш амалга оширилган эди. Ушбу тўнтаришни амалга оширишни режалаштирган Фатҳуллоҳчи террор ташкилоти ўша куни Истанбулдаги кўприкларни ёпган ва 35 та самолёт, 37 та вертолёт, 74 та танк ҳамда 4 мингга яқин қурол-яроғ билан Туркия кўчаларига чиққан эди.

«Кўплаб давлат муассаса ва ташкилотлари, бошда Туркия Буюк Миллат Мажлиси, Президент мажмуаси ва Анқара вилояти Хавфсизлик бошқармаси бомбардимон қилинди. Тез орада бу воқеаларнинг алоҳида ҳодиса эмас, балки мувофиқлаштирилган ҳужум эканлиги маълум бўлди.

Фатҳуллоҳчи террор ташкилоти (ФЕТО), ҳурматли Президентимиз Ражаб Тоййиб Эрдўғонга суиқасд уюштириш мақсадида ҳужум қилди. Президентимизнинг миллий телевидение орқали қилган чақириғидан сўнг халқимиз ўз демократиясини ҳимоя қилиш учун майдонларга чиқди. Миллионлаб фуқароларимиз тун бўйи давлат тўнтаришини режалаштирган террор ташкилотига қарши курашди.

16 июл тонгида Турк Қуролли Кучлари, Хавфсизлик Бош бошқармаси ва ўз демократиясини ҳимоя қилган халқимизнинг саъй-ҳаракатлари билан ҳиёнаткорона тўнтариш ташаббуси бостирилди ва тўнтариш ташаббускорлари қўлга олинди. Ҳарбий ва ноҳарбий аҳолидан жами 252 ватандошимиз шаҳид бўлди, 2 740 фуқаромиз эса жароҳатланди. 15 июл кечаси Махсус кучлар қўмондонлигини ҳимоя қилиш учун жони эвазига қаршилик кўрсатган ва тўнтаришнинг асосий жамоаси таркибида бўлган генерални таъсирсиз ҳолга келтирган шаҳид Ўмер Ҳалисдемир каби қаҳрамонлар тўнтарувчиларга қарши тўсиқ бўлди. Фуқароларимиз ёпилган Бўғоз кўпригида ҳаётларини хавф остига қўйиб, уларнинг жонига қасд қилишга уринган давлат тўнтарувчиларини зарарсизлантиришга муваффақ бўлди. Бу халқимизнинг ҳамжиҳатлиги, азму шижоати синовдан ўтган тарихий лаҳзалардан биридир», – деб ёзади Туркия Республикаси Президенти ҳузуридаги Коммуникация Бошқармаси бошлиғи проф. др. Фаҳреттин Алтун ўзининг «Хоинона давлат тўнтаришига уриниш» мақоласида.

Давлат тўнтаришига уринишнинг дастлабки дақиқалариданоқ Туркия ҳукумати тартибни ўрнатиш ва айбдорларни жавобгарликка тортиш чораларини кўрди. Бу жараёнда эса тўнтаришга уриниш Турк Қуролли кучлари ичига кириб келган ноқонуний бир гуруҳ томонидан амалга оширилганлиги маълум бўлди.

Мавзуга доир: Бугун турк қардошлар «Демократия ва Миллий бирлик куни»ни нишонлаяпти

Тўнтариш ташаббуси ортида ФЕТО ташкилоти тургани аниқланди. АҚШда истиқомат қилувчи ташкилот раҳбари бу ҳиёнатни давлат ичидаги параллел тузилмаси ёрдамида амалга оширгани маълум бўлди.

Давлатга хиёнат қилганлар устидан қозонилган ғалаба нафақат Туркияда, балки бутун дунёда демократия тарихидаги энг шарафли қаршилик кўрсатишлардан бири сифатида қайд этилди.

«Бугун ҳам курашини давом эттираётган Туркия, айниқса, чет элда яширинган қочқинлар ва ФЕТО етакчиларининг экстрадиция қилиниши мавзусида дўст ва иттифоқдош давлатлардан бирдамлик кутмоқда. Халқаро ҳамжамиятда Туркияни қўллаб-қувватлаган ва бирдам бўлган давлатлар кўп бўлса-да, тўнтариш ташаббусига баъзи иттифоқчиларимизнинг жавоби етарли бўлмади.

Бу давлатларнинг оммавий ахборот воситаларида давлат тўнтаришига уринишнинг ёритилиши ҳам Туркия давлатини қаноатлантирадиган даражада бўлмади. Халқаро масъулиятли Ғарб оммавий ахборот воситалари 15 июл кечаси содир бўлган воқеани соддалаштиришга ҳаракат қилди. Мамлакатимиз демократиясини нишонга олган қонли тўнтариш ташаббусини “икки томон ўртасидаги тўқнашув” шаклидаги ҳаққоний бўлмаган ибора билан хабар қилдилар», – дейди Фаҳреттин Алтун.

Мақолада таъкидланишича, 15 июлдаги давлат тўнтаришига уринишдан сўнг, АҚШнинг Пенсилвания штатида яшаб турган ФЕТО ташкилоти раҳбарини экстрадиция қилиш учун Туркия ҳукумати кўплаб уринишлар қилган, бироқ бу борада ижобий натижага эришилмаган.

Туркия президенти ҳузуридаги Коммуникация Бошқармаси расмийсининг таъкидлашича, ФЕТО иттифоқдош давлатлар билан бир қаторда кенг миқёсдаги минтақаларда фаолиятини давом эттирмоқда. Туркия ҳукумати нафақат мамлакат ичида, балки унинг чегараларидаги барча давлатларнинг хавфсизлигига таҳдид солаётган ушбу ташкилотга қарши ҳар соҳада курашни давом эттиради.

«Хоинона тўнтариш ташаббусидан кейин демократик ташкилотларини янада мустаҳкамлаган давлат сифатида фуқароларимизнинг ҳаётини ва мамлакатимиз мустақиллигини ҳар соҳада нишонга олган террор ташкилотига қарши курашни давом эттирамиз.

Ўша қонли кечада жонини фидо қилган фуқароларимиз хотирасини Туркиянинг мустақиллиги ва истиқболини ҳимоя қилган ҳолда шарафлашда давом этамиз», – деб ёзади профессор Фаҳреттин Алтун.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг