Оппоқ чўл бўйлаб: эко-марафончилар Орол туби бўйлаб 42 километр югуришди
14–15 сентябр кунлари Қорақалпоғистон Республикасидаги ноёб табиий маскан – Борсакелмас ҳудудида «Сайёрамиз келажагига қўшган ҳиссамиз» халқаро экомарафони бўлиб ўтди.
Тадбир Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги томонидан ProRun югуриш мактаби ҳамда «Ўзбекнефтгаз» АЖ билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Жорий йилда марафонда рекорд даражадаги – Ўзбекистон, Ҳиндистон, Кения, Того, Судан, Иордания, Испания, Канада, Дания, Беларус, Россия каби 11 давлатдан 250 нафар профессионал ва ҳаваскор югурувчи иштирок этди. Югурувчилар орасида Nike компаниясининг мусулмон аёллар ўртасида югуришни тарғиб қилувчи элчиси Фараҳ Мажид ва Adidas вакили Ғани Сулаймон бор. Иштирокчиларнинг турли давлатлардан эканлиги тадбирнинг халқаро мақомга эга эканлигини ва тобора оммалашиб бораётганини кўрсатади.
Иштирокчилар хавфсизлиги ва қулайликни таъминлаш мақсадида марафонни ташкил этишга 200 киши жалб этилди. Икки кунлик тадбир дастурида ўтов лагерида жойлаштириш, маданий дастур, этно-шоу, Борсакелмас шўрхок ҳудудига саёҳат, 42 км марафон, 21 км ярим марафон ва 5 ҳамда 10 км масофага югуриш ўрин олди.
Таъкидлаш жоизки, Борсакелмас марафони нафақат спорт тадбирига, балки инсон ва табиат бирлигининг ҳақиқий байрамига айланди. У спорт нафақат мусобақа, балки атрофимиздаги ҳайратланарли оламни кашф этиш ва уни асраб-авайлашга ҳисса қўшиш воситаси бўлиши мумкинлигини исботлади. Ушбу марафон югурувчиларни, экотуристларни ва атроф-муҳитга ғамхўрлик қилаётганларни сайёрадаги ноёб жойларни сақлаш учун ягона ҳаракатга бирлаштирди. Иштирокчиларга ҳақиқатан ҳам муҳим бўлган табиатимизни қўллаб-қувватлаб, ўз куч ва матонатини намойиш қилиш имконияти берилди.
Ташкилотчилар Борсакелмас марафони ҳар йили ўтказиладиган тадбирга айланиб, иштирокчилар ва эътиборни экологик муаммолар ва ноёб табиий объектларни асраб-авайлаш масалаларига тобора кўпроқ жалб этишига умид билдиришди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter