Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Яндекс такси» бозорнинг 86 фоизига эга – Рақобат қўмитаси

«Яндекс такси» бозорнинг 86 фоизига эга – Рақобат қўмитаси

«Yandex Go» такси агрегаторлари бозордаги хизматнинг катта қисмини – 86,3 фоизини кўрсатмоқда ва компания хизмат нархи ва сифатига бир томонлама таъсир кўрсатиши мумкин, дейилади Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларни ҳимоя қилиш қўмитаси хабарида.

«Ўзбекистон Республикасидаги «Yandex Go» иловаси орқали кўрсатилган такси хизматларининг 2022 йилдаги молиявий натижалари юзасидан расмий статистик маълумотлар Ridetech International B.V. компанияси (Нидерландияда рўйхатдан ўтган) томонидан тақдим этилган», – дейилади хабарда.

Хабарда айтилишига кўра, «Yandex Go» платформаси 2023 йил 1 декабрдан бошлаб Ўзбекистон ҳудудида агрегаторлик хизматларини республикада рўйхатдан ўтган «YandexGo UB» МЧЖ орқали амалга ошира бошлаган.

Шунингдек, Рақобатни ривожлантириш қўмитаси Нидерданднинг Ridetech International B.V. компанияси ҳамда Ўзбекистондаги «YandexGo UB» МЧЖни – ягона (умумий) иқтисодий манфаатга эга бўлган шахслар деб ҳисоблашини маълум қилган.

Шу билан бирга, Ўзбекистонда жами 66 та корхона такси-агрегаторлик хизматлари кўрсатаётгани ва шундан 58 таси диспетчерлик хизмати орқали (телефон) ҳамда 8 таси мобил илова орқали агрегатор хизматини кўрсатаётганлиги маълум бўлди.

Таҳлил жараёнида «Yandex Go»нинг такси хизматлари бозоридаги улуши 86,3 фоизни ташкил қилиши ва ушбу компания жами хизматнинг асосий қисмини кўрсатаётганини сабабли хизмат нархи ва сифатига бир томонлама таъсир кўрсатиш хавфи мавжудлиги ҳам аниқланган.

Шу боис 4 декабрь куни қўмита томонидан «Рақобат тўғрисида»ги қонунининг 13-моддасига асосан «YandexGo UB» МЧЖ йўловчиларни ташиш (такси) учун буюртмаларни жойлаштириш ва такси хизматларини кўрсатишга имкон берувчи воситачилик (агрегатор) хизматлари бозорида «Устун мавқега эга хўжалик юритувчи субъект» деб эътироф этилган.

«Қўмита ушбу бозорда барча иштирокчилар томонидан «Рақобат тўғрисида»ги Қонуннинг мувофиқлаштирилган ҳаракатлар, инсофсиз рақобат, устун мавқеини суиистеъмол қилиш каби ҳаракатларни олдини олиш ва бартараф этиш юзасидан тизимли равишда мониторинг олиб боради», – дейилади хабарда.

Давлат солиқ қўмитаси жамоатчилик вакилларининг эътирозлари ортидан бир неча йилдан бери Ўзбекистонда расмий солиқ резиденти сифатида рўйхатдан ўтмай фаолият юритиб келаётган «Yandex.Go» хизмати блокланиши ҳақида хабар бериб, компанияга ўз фаолиятини қонун ҳужжатлари асосида ташкил этиш бўйича бир қатор талаблар қўйилганини билдирганди.

Унга кўра, хизмат 1декабргача Ўзбекистонда солиқ резиденти сифатида рўйхатдан ўтиш ва белгиланган солиқларни тўлаши лозим эди. Шундан сўнг «Yandex.Go» давлат рўйхатидан ўтгани ва бошқа такси хизматлари билан бирхилда солиқ тўлай бошлагани айтилганди.

Бироқ амалда бундай бўлиб чиқмади. «Yandex.Go» гарчи де-юре солиқларни тўлаётган бўлса-да, де-факто буни ҳайдовчилар ҳисобидан қоплаётгани аниқланди.

Иқтисодчи-блогер Отабек Бакиров «Yandex.Go» агрегатор ушлаб қоладиган хизмат комиссияси улушини 13 фоиздан 14,6 фоизгача кўтаргани ҳақида ёзди. Блолерга кўра, бу ҳақда Тошкент шаҳридаги «Yandex.Go» платформасига уланган таксист ҳайдовчилар тармоқларда маълум қилишган.

Бундан ташқари «Yandex.Go»нинг қатор ҳамкор таксопарклари ҳам ўз улушларини 4,0-5,0 фоиздан 5,0-6,0 фоизгача кўтаришган. Келиб чиқадики, 1 декабрдан кейин ҳайдовчи таксистларнинг кўрсатилган хизмат учун оладиган улуши 2,6 фоиз бандигача қисқарган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг