Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Халққа ҳисобдор давлат». Қозоғистон элчиси мамлакатнинг асосий мақсади ҳақида гапирди

«Халққа ҳисобдор давлат». Қозоғистон элчиси мамлакатнинг асосий мақсади ҳақида гапирди

25 октябрь Қозоғистонда Республика куни сифатида байрам қилинади. 1990 йилнинг мазкур санасида Қозоғистон Давлат мустақиллиги тўғрисида декларация қабул қилинган эди.

Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Бейбут Атамқулов «Xabar.uz» мухбири билан суҳбатда ушбу сананинг тарихий аҳамиятига тўхталар экан, кўп миллатли мамлакатда давлатчиликни қуриш синовларга бой кечганини айтди.

«Республика кунини нишонлар эканмиз, биз мамлакатимиз мустақиллик йилларида қандай йўлни босиб ўтгани ва истиқболда олдимизга қандай мақсадларни қўйишимиз кераклиги борасида мушоҳада қиламиз. Чунки бу кун мустақилликка эришиш рамзи бўлиб қолмай, мамлакатнинг келгуси равнақи учун бирлик ва жипсликни қўллаб-қувватлаш қанчалик муҳим эканига эслатма ҳамдир», – дейди Б.Атамқулов.

Қайд этилишича, Қозоғистон 1991 йилда мустақилликка эришгач, кўп миллатли давлатда тинчликни сақлаш, иқтисодиётни мустаҳкамлаш ва демократик институтларни шакллантиришдек оғир вазифа кун тартибига чиққан. Тарихнинг ана шундай мушкул паллаларида халқ бирлиги асқотган.

«Мангу Ватан» миллий ғояси қозоғистонликларнинг бирлик, тинчлик ва ўзаро аҳилликка интилишини акс эттиради. Қозоғистон – 130 дан зиёд этник гуруҳ ва 18 та диний конфессия учун умумий уйдир. Ана шундай хилма-хиллик муҳитида элатлараро тотувлик моделини яратдик ва у халқаро миқёсида эътироф этилди», – дейди дипломат.

Мамлакат халқи тараққиётнинг ҳозирги босқичида «Адолатли Қозоғистон»ни барпо этишга бел боғлаган. Президент Қосим-Жўмарт Тўқаев илгари сурган бу ғоя ҳар бир фуқаро муносиб тарзда ҳаёт кечириши ва эртанги кунга ишонч билан яшашини англатади.

«Адолатли Қозоғистон ғояси ҳар бир фуқарога тенг ҳуқуқ ва имкониятларни англатиб қолмай, иқтисодиётдан сиёсатга қадар – жамият ҳаётининг барча жабҳаларида шаффофликни таъмин этишни тақозо қилади. Бу борада ҳукумат фаолияти фуқаролар ва жамият томонидан назорат этилиши таъминланган, самарали ва ҳисобдор давлатчиликни қуриш муҳим вазифа саналади», – дейди Қозоғистон элчиси.

Ҳозирда олиб борилаётган сиёсий ислоҳотлар (кўп партиявий тизимни кучайтириш, парламент ва маҳаллий вакиллик идоралари фаолиятини жонлаштириш), иқтисодий ўзгаришлар (адолатли ва  инклюзив иқтисодий ўсишни таъминлаш), ижтимоий янгиланишлар (ижтимоий ҳимоя, таълим ва соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш) ҳам шу мақсадга қаратилган.

Дипломат 2022 йилда мамлакат Конституциясига ўзгартириш киритиш бўйича ўтказилган референдум ҳуқуқий давлат қуриш йўлида муҳим қадам бўлган деб ҳисоблайди.

«Қозоғистон тинчлик, ҳамкорлик ва мулоқотга йўналган фаол ташқи сиёсат туфайли халқаро майдонда ҳам катта ютуқларга эришди. Мустақилликнинг илк йилларида қабул қилинган кўп векторли ташқи сиёсат мамлакатимизга глобал жараёнларнинг муҳим иштирокчиси бўлишга йўл очди», – дейди суҳбатдошимиз.

Элчи Б.Атамқулов Қозоғистон ва Ўзбекистон яқин иттифоқчи ва стратегик ҳамкорга айланганини ҳам мамнуният билан қайд этди.

«Мамлакатларимизни тинчлик, барқарорлик, тараққиёт каби муштарак қадриятлар бирлаштиради. Бу турли соҳаларда яқин ҳамкорлик асоси бўлиб хизмат қилади. Айниқса, кейинги йилларда Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳамкорлиги жуда ҳам мустаҳкамланди. Халқларимизнинг қардошлик ва ўзаро ҳурмати бутун минтақадаги барқарорлик ва фаровонликни таъмин этишда муҳим омил саналади», – дейди у.

Дипломатга кўра, муносабатларнинг кун сайин мустаҳкамланишида икки давлат раҳбарлари ўртасидаги дўстлик ва самимий ҳурмат муҳим ўрин тутади. 

Аввал хабар берганимиздек, Қозоғистон элчиси Бейбут Атамқулов Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг фармонига асосан «Дўстлик» ордени билан мукофотланганди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг