Тошкентда таниқли поляк режиссёри билан учрашув ўтказилади
Тошкентда IX Европа кинофестивали доирасида польшалик таниқли режиссёр Мацей Дригас (Maciej Drygas) билан ижодий учрашув ташкил этилади.
15 декабрь куни соат 15:00 да Миллий кино санъати саройида (собиқ «Панорама») ўтадиган учрашувда кино санъатига қизиқувчилар қатнашиши мумкин.
Учрашув Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси молиявий кўмагида FOCUS кинематография ва театр санъати мактаби томонидан ташкил этилмоқда.
Ҳужжатли фильмлар режиссёри, сценарийнавис ва продюсер сифатида шуҳрат қозонган Мацей Дригас кўплаб халқаро фестивалларда ғолиб бўлган. Ижодкорнинг «Поездлар» («Trains») деб аталган янги ҳужжатли фильми жорий йил ноябрь ойида Нидерландияда ўтказилган жаҳоннинг нуфузли халқаро ҳужжатли фильмлар фестивалларидан бири – DFA (International Documentary Film Festival Amsterdam)да гран-прини қўлга киритди.
Мацей Дригас Польшадаги Леон Шиллер номидаги кинематография, телевидение ва театр олий мактаби профессори сифатида сабоқ бериб келмоқда.
Аввал хабар берганимиздек, Тошкентда ЕИ кўмагида FOCUS кино ва театр мактаби фаолияти йўлга қўйилган.
Мацей Дригас мазкур санъат мактабининг халқаро ҳужжатли кино устахонасининг бадиий раҳбари ҳамдир.
Таниқли режиссёр «Менинг нидомга қулоқ тутинг» (1991), «Вазнсизлик ҳолати» (1994), «Умид овози» (2002), «Польша Халқ Республикасида бир кун» (2006), «Абу Ҳараз» (2013), «Поездлар» (2024) каби картиналарни суратга олган.
Кинорежиссёр билан учрашув ЕИ ва Ўзбекистон ўртасидаги расмий муносабатларнинг 30 йиллигига бағишлаб ташкил этилган IX Европа кинофестивалининг асосий тадбирларидан бири саналади.
Ташкилотчиларга кўра, Мацей Дригас билан учрашувда қатнашиш истагида бўлганлар ушбу ҳавола орқали рўйхатдан ўтишлари мумкин.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter