«Тириклигим ўлимдан ҳам ортиқ жазо бўлди»: қотилнинг аянчли ҳикояси
Ромитан туманининг чекка қишлоқларидан бирига кириб борар эканмиз, маҳалла раиси айтганидек ҳақиқатан ҳам бизни йўл муюлишида қўлбола ёғоч ўриндиқда мункайиб олиб, этикдўзлик қилаётган киши қаршилади.
Юзларини бурама-бурама кексалик ажинлари қоплаб олган, ияги олдинга бўртиб чиққан бу одамнинг дўнқи пешонаси ва картошкадек бурни орасидаги кўзлари худди қисилиб қолгандек. Бўйни орасига ботиб кетган бошини кўтармай, пойафзал тикишдан тўхтамади. Бир баҳя уни сўзсиз кузатдик.
— Журналистмисан, кел, айтишганди,-бизга қараб-қарамай, сўзлади у.
— Ҳм-м... ассалому алайкум, — дея олдик худди болаликда қўрқитишган девни кўриб тургандек зўрға.
Ҳалиги киши худди нимадандир қўрқиб, сапчиб тушгандек бўлди:
— Ваалейкум ассалом..,— деди, кўзларидан ёш сизиб чиқди. Кўзёши шундоқ юзларида ўз изини қолдирди. Ҳайрон қолдик.
Бироз сукутдан кейин яна сўз бошлади:
«...Менга ҳеч ким шу пайтгача салом бермаган... Чунки шунга муносибман. Отамга ўғил, онамга умид, хотинимга эр, болаларимга ота бўлолмадим. Қўлларимни қонга булаб, 11 йилдан ортиқ вақт қамоқ жазосини ўтаб чиққан бўлсам ҳам, марҳумнинг таъқиби менга тинчлик бермайди. Ўзимни неча марталаб ўлимга маҳкум қилдим, йўқ, бўлмади. Тириклигим – менга ўлимдан ҳам ортиқ жазо бўляпти»,—қўллари қалтиради этикдўзнинг.
Шуҳрат Ортиқов - 1968 йилда, укаси Шерзод эса 1970 йилда Ромитан туманида туғилган.
Суҳбатдошнинг сўзига кўра, ота-онаси Ботир Ҳамроев ҳамда Хадича Ҳамроевалар ношуд ўғиллар касрига қолиб, бевақт ўлиб кетишган.
«Ҳеч эсимдан чиқмайди. Болалигимизда ота-онамиз мактабда яхши ўқишимиз учун даладан бери келмасди, қора терга ботиб ишлашарди. Биз эса мактабда ўқишни хоҳламас, уларга ёрдам беришни истамас эдик. Ҳар доим қўлимизга чўп ва таёқ ушлаб, бир-биримиз билан «ҳужум-ҳужум» ўйнардик, чўпларни пичоқ қилиб гўёки бир-биримизга санчардик. На тоғаю аммаларни, на амаки холаларни тан олардик. Мактаб борамиз, деб кўча-кўйларда сандироқлаб, кун ўтказардик. 18-19 ёшимизда ҳам бизга берилган «тарбия соат»лари бежизга кетган. «Худони балосисанлар!» дея бизга бақирган ота-онамизни ҳам хўрлаб, калтаклаганларимиз кўп бўлган. Ёз, ҳаммасини очиқ ёз, яширма, ўша пайтда бизни Худо уриб қўйган экан. Бечора ота-онам элдан кам қилмай, иккимизниям уйлантирди. Биримиз икки, биримиз уч нафар фарзандли ҳам бўлдик. Аммо, бизни на хотин, на фарзанд, на рўзғор ташвишлантирарди. Укамнинг хотини тикувчилик ортидан ота-онамга қарашса, мен хотинимни қишлоқдаги тўйларга раққосаликка чиқишига мажбурлаганман. Кунларнинг бирида укам: «Хотининг бузилиб кетган» дегани учун қирпичоқ бўлганмиз. Укам мени, мен укамни пичоқлаб, бир-биримизга яхшигина жароҳат етказганмиз. Кунора биз участкавой хонасида эдик, танбеҳ беришарди, маҳалла-кўй аралашиб, одамгарчиликка чақирарди. Бари бефойда эди. Укамнинг вояга етмаган ўз қизига тегажоқлик қилмоқчи бўлгани учун хотини болаларини олиб, ҳовлидан чиқиб кетди. Бу кўйдан отам қон босими кўтарилиб, вафот этди. Орадан кўп ўтмай, мен ҳам хотинимни ҳайдаб солдим. Ҳувиллаган ҳовлида укам, мен ва онам қолдик. Бизнинг бевошлигимиздан нолийверган онамизга кўп азоблар бердик. Урдик, тепдик, калтакладик. Онагинам раҳматлигимиз кўчага отилиб чиқмай, дардини ичига ютиб, умргузаронлик қилди.
Шуҳратнинг айтишича, шундай кунларнинг бирида уларнинг ҳовлисига узоқ йиллардан буён Россия Федерациясида тадбиркорлик билан шуғулланиб келаётган тоғаси Комил Жабборов келган. Опасига жиянлари Шуҳрат ва Шерзоднинг бекор юришгани, рози бўлишса, уларни четга ишлаш учун олиб кетмоқчи бўлганини, меҳнатга ўргатишини айтган. Аввалига тоғасининг таклифига кўнмаган ака-укалар яхшигина даромад, тўкин турмуш таклифидан кейин рози бўлишган.
«Санк-Петербургдаги ҳаётимиз бирмунча сокин ўтди. Тоғамизнинг у-бу ишига қарашиб турдик. Картон қутиларга мевалар жойлаштириш, уларни ташиш ва ўрни келганда, сотиш ишларидек. Жон куйдириб ишламасак-да, еганимиз олдинда, емаганимиз ортда бўлди. Бизга тоғамиз ишониб, ўзига тегишли дўконлардан тушадиган пулларни йиғиштириб олишни ҳам топширди. Биз эса пулларни тўлиқ йиғиб, ярмини тоғамга, ярмини «ҳали беришолмасмиш»га чиқариб, чўнтакка ура бошладик. Шу кўйи ярим йилча тоғамнинг қўлида ишладик. Орадан кўп ўтмай, тоғам Ўзбекистонга бир неча ойга кетаётгани, барча тадбиркорлик ишларини кўнглидагидай уддалашимиз лозимлигини таъкидлади. Бу бизга янаям қўл келди. Қишлоққа кетган тоғам икки-уч ойча қайтмади. Биз анча-мунча тадбиркорликка «пишиб» қолгандик. Савдо пулларини ўз вақтида бермаган дўкондорларни ишдан ҳайдадик. Дўконларимиз сифатли мева-чеваларга эмас, арзон-гаров маҳсулотларга тўлди. Бу бизга қизиқмас эди, шундай-да ҳам пулдан пул топиб, «ўзига хон-кўланкаси майдон» яшай бошлагандик. Биз шундай нонкўрликлар қилдикки..»,-жаҳл аралаш қўлидаги пойафзал тикув нинасини тахта столга уриб-уриб олди суҳбатдош. У қизариб-бўзариб, қиёфаси янаям хунуклашарди.
Шуҳратнинг сўзлашича, тоғаси қишлоқдан қайтгач, жиянлари узоқ йиллик заҳматли меҳнатлари эвазига эришганларини пароканда қилишганига гувоҳ бўлган. Уларни ишдан ҳайдамаган, аммо, яна шундай кўзбўямачилик қилишса, қатъий чора кўришини билдирган.
«Тоғам ўзига тегишли бўлган энг йирик дўконини сотди. «Қўлида энди катта пул бор. Бизга эмас, ўзига сарфлайди. Бунда бизнинг ҳам меҳнатимиз бор. Нима қилиб бўлса ҳам бу пулларни қўлга киритиб, кўздан ғойиб бўлиш керак!» Укам билан шу ўйга берилиб, хуфёна режа туза бошладик. Тоғам билан бир уйда яшасак. Барча пуллар сейфда туради. Сейфни бузиб, барча пулларга эга бўлиш иштиёқи бизни ўзига маҳв эта бошлади. Кунларнинг бирида ака-ука иккимиз уйга вақтли қайтдик ва режамизни амалга оширишга киришдик. Ертўладаги болта ва арматура бўлагини олиб чиқиб, сейф қулфини буздик. Сейфда биз етти ухлаб, тушимизда ҳам кўрмаган пуллар бор эди. Бир чақа ҳам қолдирмай, уйдан энди олиб чиқаётганимизда, эшикни ўз калити билан тоғам очиб кириб келди. Биз довдираб қолдик. Аввалига тоғам ҳеч нимани сезмади. Ҳатто: «Ия, уйдамидингизлар, шоввозлар. Ҳа, майли, тоға-жиянлар бир отамлашиб ўтирайлик. Сизларга ўзим қўлбола ош қилиб бераман»,-деди хушкайфият билан... Биз эса остонада қотиб қолгандик. Ичкари уйга тоғам кирар-кирмас биз жуфтакни ростлашга киришгандик. Тоғам уйга кирганда, ичкаридан эшикни қулфлаб улгурган экан. Бизнинг қилмишимизни англаб етишига улгурмай, укам арматура билан тоғамнинг ўнг қўлига зарб билан урди. «Бу пуллар сенларга уй-жой учун эди» деган сўзини айтгунига қадар мен тоғамнинг бошига болтани зарб билан уриб бўлган эдим. Тоғам полга ҳушсиз йиқилди. Кўп қон йўқотди. Аллақачон унинг жони узилган эди.. »,-бўғилиб сўзлади суҳбатдош.
Ҳолатга кўра, ака-укалар тоғасини болта ва арматура билан уриб ўлдиришгач, жасадни кўздан йўқотиш пайига тушишган. Ҳар қандай йўл билан жасадни олиб чиқишса ҳам шубҳа остига қолишлари мумкин...
«Энг паст ва ғайир режани туздик. Тоғамнинг мурдасини болта билан бир нечта бўлакларга бўлиб, селофан халталарга солдик. Ахлат олиб чиқиб ташлаётгандек халталарни тоғамга тегишли бўлган автомашина юкхонасига жойладик. Яшаш жойимиздан унча узоқ бўлмаган ўрмонзорга кириб келдик. Атрофда ҳеч ким йўқ, ҳаво совуқ, тупроқ қаттиқ. Чуқур қаздик, чоҳ ковладик. Тоғамнинг бўлакларга бўланган жасадини кўмиб ташлаб, ерни текисладик. Устидан қуриган шох-шаббаю, хазон баргларни ташладик. Уйга қайтдик. Битта ҳам из қолдирмай, қотиллигимизни «ёпдик». Одам пўстинини кийган ҳайвонга айландикми, шундай пайтда ҳам хеч нима бўлмагандек, пулларни олиб, Россиянинг бошқа манзилига қочдик»,- воқеликни худди шеър ёдлаб олган мактаб ўқувчисидек тез ва важоҳатда ўзига нафрат билан сўзларди суҳбатдош.
Унинг сўзига кўра, орадан уч-тўрт ой ўтса ҳам жиноятлари фош бўлмаган. Тоғасига тегишли дўконларни юритувчи ишчилар уни ва ака-укаларни бирорта азадорликми ёки бошқа сабаб биланми, Бухорога вақтинча муддатга қайтганга чиқаришган. Бироқ, сўраб-суриштирувларига кўра, ҳеч қаердан дарак бўлавермагач, унинг дом-дараксиз кўринмай қолгани ҳақида полицияга хабар беришган.
Айни шу вақтда ўрмонда тозалаш ва маълум қисмида қурилиш ишлари бошланган. Ва қазилма ишлари жараёнида номаълум шахснинг бўлакларга бўлинган кўмилган жасади топилган.
«2005 йилда содир этилган бу воқеа Россия полицияси томонидан очилган. Ҳали тўлиқ чириб-битмаган жасад эгнидаги костюм чўнтагидан Комил Жабборов шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар, Россия Федерацияси томонидан берилган фуқаролик паспорти ҳамда ҳайдовчилик гувоҳномаси бутунлигича сақланиб ҳолда топилган. Олиб борилган тезкор-қидирув ҳамда суриштирув тадбирлари давомида ака-ука Шуҳрат ва Шерзод Ортиқовларнинг қилмишлари фош этилган. Суд ҳукми билан уларнинг ҳар бири ўн бир йилдан ортиқ муддатга оғир тартибли колонналарда қамоқ жазосини ўташган»,-дейди ҳолат юзасидан иш олиб борган ички ишлар ходими Бахтиёр Раҳматов.
Содир этган қотиллиги учун 11 йилдан ортиқ муддат «ўтириб чиққан» Шуҳрат Ортиқов ўзи тикаётган пойафзалларга олазарак тикиларкан, одамлар орасида шу пойафзалларчалик қадри қолмаганини айтди.
«Тоғамни ўлдириб, жасадни бўлакларга бўлиб, кейин кўмиб, Россиянинг бошқа шаҳарларидан бирида бир ойча яшаб-яшолмай, қишлоққа қайтгандик. Жиноятимиз очилгач, бизга суд ҳукми ўқилаётганда, онам сўз олиб: «Илоҳим, ўлиб ўлмагин, ўлим сендан юз ўгирсин. Тиригингда хор бўлмасанг, одамлар юзингга қарай олмас даражада бадбашара бўлмасанг, оқ сутимга рози эмасман!»-деди. Қамоқда итдай хор бўлдим. Турмадошим билан жанжаллашдим, юзимга қайноқ сув сепди. Бурма-буриш бўлди юзларим. Укам касалликка чалиниб, қамоқдаёқ жон бериб, виждон азобидан қутилди. Мендан эса ўлим ҳам ҳазар қилди. Жазони ўтаб қайтдим. Одамлар нафратига сазовормасманми, бешикдаги боласигача худди мендан ҳазар қилгандек. Ўзимни осдим, ўлмадим. Ўзимни токка тутдим, ўлмадим. Бўйнимга тош боғлаб, сувга отдим, ўлмадим. Онамнинг қарғиши турма азобидан ҳам баттар мени ўтда куйдиряпти. Онамнинг тобутига маҳалла-кўй елка тутган. Биз, икки бевош ўғил на онамизнинг, на отамизнинг тобутини елкаладик. Ўтган-қайтган, катта-кичикка ўзим салом бераман, аммо, на алик ва на бирор сўз эшитаман. Мени танимаганлар эса бадбашаралигимдан ижирғаниб қўйишади. Шулардан бири – сен ҳам...»-эзилиб сўзлайди Шуҳрат.
«Агар мен ижирғанганимда келмас эдим»,-дейман.
«Сен ҳам бир қарғишга қолган мен – ҳайвондан ҳам баттар бир одамнинг башарасини очиш учун келгансан-да. Ҳа, майли, аммо, менга умуман раҳминг келмасин»
«Сизга раҳмим келиш ҳақида умуман ўйламадим, тўғриси!»
«Ўтган-қайтганнинг менга одамдай ўлим топ, деб сийлашига муҳтожман»
«Узр, мен қандай жиноят содир этганига қарамай, ўша жиноятчи қилмишидан ҳам ортиқроқ жазо олиши тарафдориман»
«Тушундим. Менинг жирканч ҳаётимни чиқар ва бу бошқаларга сабоқ бўлсин»
Мусофирчиликда қотилликка қўл урган кимса билан суҳбатимиз якунлангач, ортга қайтдик...
***
Яқинда қишлоқ чеккасидаги ариқлардан биридан унинг жасадини топишибди. Бир неча кун хазонлар тагида қолиб, бадбўй ҳид тарқатган экан. Одамлар қишлоқ мозорига кўмишган. Кетма-кет уч кун кўмилган жасаднинг гўрдан ташқарида ётганига гувоҳ бўлишган.
«Гўр қабул қилмади, дейишгани шу-да! Тўртинчи кун Шуҳратнинг мурдасини мозор четига кўмдик. Афсуски, бир неча кундан кейин жасади шоқоллар «ҳужуми»га ем бўпти... Жасаднинг суяк ва бўлакларини жамлаб, хатми қуръон тушириб, қайта кўмдик... »,— дейди қишлоқ оқсоқоли...
Лайло Ҳайитова
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter