Россияда ЙТҲга учраган ўзбекистонлик Ватанга қайтарилди
Татаристон Республикаси ҳудудида содир бўлган йўл транспорт ҳодисасида оғир тан жароҳати олган фуқаро Ватанга қайтарилди.
Мамлакатнинг Қозон шаҳридаги Бош консулхонаси маълумотига кўра, жорий йилнинг 1 сентябр куни Татаристон Республикаси ҳудудидан ўтувчи Азнакаево–Алметевск трассасида Ўзбекистон фуқаролари иштирокида йўл транспорт ҳодисаси содир бўлган. Ушбу ҳодиса оқибатида Ўзбекистон фуқароси Т.Ж. оғир тан жароҳати олган ва у зудлик билан Алметевск туманлараро кўптармоқли шифохонасига ётқизилган.
Беморнинг онаси ўғлини Ўзбекистон олиб кетиш учун молиявий кўмак сўраб Бош консулхонага расман мурожаат қилган. Ўзбекистон дипломатлари жабрланган ўзбекистонликка барча турдаги консуллик-ҳуқуқий ва амалий ёрдам кўрсатдилар. Хусусан, шифокорлар ва бошқа идоралар билан зарур учрашувлар ўтказилди ҳамда ҳолат доимий назоратга олинди.
Шунингдек, мазкур ариза асосида Бош консулхона ходимлари томонидан беморни мамлакатга қайтариш учун зарур ҳужжатларни тайёрлаш ишлари амалга оширилди.
Натижада йўл транспорт ҳодисаси оқибатида оғир тан жароҳати олган Т.Ж. ва унинг онаси 26 сентябр куни Ватанга қайтарилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter