Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Қадимги Буюк ипак йўлини ўзаро энергетик боғлиқлик орқали тиклаймиз – Мирзиёев

Қадимги Буюк ипак йўлини ўзаро энергетик боғлиқлик орқали тиклаймиз – Мирзиёев

Ўзбекистон мамлакатда умуммиллий ҳаракат даражасига кўтарилган «яшил» тараққиёт йўналишда минтақавий ҳамкорликни янада кучайтириб, Марказий Осиёни «яшил» иқтисодий ривожланиш ва «тоза энергия» марказларидан бирига айлантириш ниятида.

Бу ҳақда малакат етакчиси «Абу-Даби Барқарор ривожланиш ҳафталиги» саммитидаги нутқида айтиб ўтди.

Давлат раҳбарининг таъкидлашича, қадимги Буюк ипак йўлини ўзаро энергетик боғлиқлик орқали тиклаш йўлида ҳам илк қадамларни ташладик. Яқинда «COP-29» доирасида қозоғистонлик ва озарбайжонлик ҳамкорларимиз билан имзоланган кўп томонлама битим Европага «яшил» энергияни экспорт қилиш имкониятини беради.

«Шуни алоҳида қайд этмоқчиманки, «яшил» энергия соҳасида Бирлашган Араб Амирликлари бизнинг ишончли ва стратегик ҳамкоримиздир. Сўнгги йилларда Амирликлар билан инвестициялар портфели 26 миллиард доллардан ошди. Улар орасида қайта тикланувчи энергетика лойиҳалари асосий локомотив бўлмоқда.

Бугунги глобал саммит ташкилотчиси – «Masdar» компанияси билан умумий қуввати 1,5 гигаватт бўлган 5 та электр энергия объектини ишга туширдик. Яна 1,6 гигаваттга тенг 3 та генерация лойиҳаси ва қарийб 520 мегаватт соат энергия сақлаш тизимлари барпо этилади», – дейди Мирзиёев.

Шунингдек, Ўзбекистон бу каби лойиҳаларни Амирликларнинг бошқа етакчи компаниялари ҳамда Саудия Арабистони, Қатар, Туркия, Хитойлик шериклар билан ҳам амалга ошираётгани таъкидланди. Минтақанинг улкан уран ва ўта муҳим стратегик хомашё захираларига бой эканлиги инобатга олиниб, Ўзбекистон бу йўналишда ҳам ҳар бир хорижий ҳамкорга қулай шарт-шароитларни яратиб беришга тайёр эканлиги айтилди.

«Анжуманимизда иштирок этаётган нуфузли илмий марказлар, эксперт ва олимларни Тошкентда очилган «Яшил» университет билан тадқиқотлар ва инновация дастурларини амалга оширишда фаол ҳамкорликка чақирамиз.

Мазкур Университет негизида Ер деградацияси ва чўлланишга қарши кураш бўйича халқаро илмий тадқиқот тармоғини яратишни таклиф этмоқчиман.

Шу билан бирга, биз Дубай ва Бокуда бўлиб ўтган «COP-28» ва «COP-29» саммитлари ва халқаро форумларда глобал иқлим ўзгаришларининг салбий оқибатларини бартараф этиш учун Иқлим туфайли йўқотиш ва зарарларни баҳолаш бўйича халқаро марказни таъсис этиш, дарё экотизимлари хавфсизлигини таъминлаш, Сув тежовчи технологиялар минтақавий хабини ташкил қилиш, Ўсимликлар генетик ресурслари банкини яратиш ташаббусларини илгари сурдик ва барча ҳамкорларимиз билан амалий ишларни бошлашга тайёрмиз.

Жорий йил Ўзбекистонда ўтиши режалаштирилган Марказий Осиёнинг глобал иқлим муаммоларига бағишланган конференцияда умумминтақавий Яшил тараққиёт концепциясини тақдим этамиз», – дейди Президент Мирзиёев.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг