Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Орият (яқин ўтмиш ҳикояси)

Орият (яқин ўтмиш ҳикояси)

Очарчилик замонлар эди. Кунжара еб шишиб ўлганни ўшанда кўргандим. Замон қай тариқа ўзгармасин борда бор, йўқда йўқ бўларкан болам. Кимдир очидан силласи қуриб ётган маҳалда яна кимнингдир қозонида палов пишгани ҳам рост. Акам, отам, хўжам қулоқ қилиниб олиб кетилган эдилар. Эркаклардан биргина Акобирхўжа амаким қолган, бир неча рўзғорга бош бўлиш ўша кишининг зиммасида эди. Маълумингиз, ўзига тўқ, бадавлат оила эдик. Советлар мол-мулкимизни мусодара қилгани билан йўлини қилиб эплаб олиб қолингани бор эди. Тошҳовуз бизнинг халоскоримиз бўлган. Ҳовузнинг деворини ёнига лаҳм ковлаб ўша ерда қовурдоқ қилинган қўйларнинг хумларга солингани, қопга солинган кепакли ун, жўхори, арпа, тариқ унлари, каллақандларни майдалаб кўзачаларга солиб яширишган экан. Ора орада оз оздан олиб чиқишар эди кеч, ярим кечда.

Хонадонимизда азалдан хизматда бўлган онахон ўша кунларда ҳам келар эдилар. Аввал замонлардагидек сахиёна пул беролмасакда, ҳар ҳолда ўзлари овқатланиб, невараларига ва тул қолган келинига қолган қутган таом ва нонлардан олиб кетар эдилар. Аллоҳ у кишини раҳмат қилган бўлсин. Озода, пазанда, ҳалол, пок инсон эдилар. Катта-кичигимиз эҳтиром билан Ойянга деб чақирар эдик. Хизматлари давомида уйимиздан бир чақа ҳам йўқолмаган, бир хасимизга берухсат тегмаган эдилар. Бир куни... Оҳ ойпочожонимаааа... Бир куни ёмон бир иш бўлди. Ойянга бетоб бўлиб у кишининг ўрнига келинлари келдилар хизматга. Давр даврони келганга боқиб, силласи қуриганни жонини сиқаётгани шундоққина шу аёлнинг юзида намоён эди. Озғин, рангпар, кўзлари киртайган бу қирқнинг нари берисидаги Истат исмли бу аёлнинг бир пайтлар латофатли бўлганининг изларигина қолган мунгли чеҳраси ҳамон кўз ўнгимда. Эрталаб ширчой ва тутмайиз берилди нонуштага. Истат опа бизга хизмат қилиб бир чеккагинага бориб чўнқайдилар.

– Келин, ўзингизга ҳам солинг ширчойдан. Мана нон, тутмайиз. Еб олинг. –буюрдилар Акобирхўжа амакимуллом. Опа ийманибгина сўридан пастдаги шолчада нонушта қилдилар. Қанчалик очлик ва йўқчилик бўлмасин берухсат емадилар ва шоша-пиша еб бетарбиятлик намоён этмадилар. Нонуштадан кейин ҳамма ўз иши билан бўлди. Пешин, кечда ҳам вазифаларини адо этган Истат опа раҳматлик қайнонам ва янгапошшом тугиб берган тугунчани олиб қайта-қайта раҳмат айтганча хайрлашиб уйларига кетдилар. Хуфтондан сўнг аёллар пахтадан чигит ажратиб ўтирганимизда янгапошшом ғалати алфозда гапириб қолдилар:

– Ойянганинг келинлари берганимиздан бошқа яна тугуни бормиди? Иккита тугун кўтариб кетди. Бири каттагина... Ҳайронман... Ҳеч нимасиз келувди шекилли?

Дарҳол тафтишу текширишдан сўнг бир сопол кўзачадаги асал ва бир мўнди(мўнди – теридан тикилиб атрофига ип ёки мато ўралган идиш) чарви ёғ сават остидан йўқолиб қолганини айтиб қолишди. Эртасига бетоброқ бўлсаларда Ойянганинг ўзлари келдилар ва янгамиз кечаги воқеани минг истиҳола билан  баён қилдилар.

– Ойянгажон, бу бир аниқлик киритмак мақсадида сўралди. Асло туҳмат, гумон қилинмаги ниятинда эмас. Равону рўшан фаҳмингиз билан бизни тушунасиз деган умидимиз бор, – деб сўзларини тугатдилар. Ойянганинг шусиз ҳам рангпар юзлари янада оқариб кетди. Оғизлари ярим очилиб анграйгандек қараб туришлариша раҳмим келиб ичимда қариндошлардан андак ранжидим. Эл-улус саҳар бир бўлак қотган нонни шимиб кунни пешинга етқазади. Намозишом маҳали тўртта жийдами, ғўлинми(ўрик қоқи), тут майизми топган топар, топмаган кунжара, ҳаром эт еб жон сақлаган маҳалда бу қилиб турганлари тўғрими дея ранжидим.

– Ойпошшожон, оқшом Истат бир тугунчада егулик, иккинчисида ўзининг пахталик нимчасини ва шол рўмолини тугиб олиб кириб борди. Ҳаво илиброқ қолганига киймадим деди. Бошқа нарса олиб бормади, Худо шоҳид!

Бир умр ҳалол хизмат қилган Ойянга ёш боладек гоҳ унга гоҳ бунга жавдираб қарар эдилар.

– Ман олдиндан айтдима, ойянгажон? Гумон ёки шубҳа, ўғри тутишмас бу. Аниқлик киритмоқ холос...

Янгапошшом ғалати чимирилиб қўйганларидан англадимки улар норизоликда. Тахминим тўғри чиқди. Янгапошшом Ойянгага деярли дўқ оҳангида гапирдилар.

– Одам ишонадиган гап гапиринг Ойянга! Сизнинг деганингизга ишонар бўлсак у замон ёғ-асал қай гўрга кетибдур?! Одамлар очидан ўлиб ётганда ҳар ҳола салқитимиз бўлсада етимларингизни тўйдириб турганига шукру раҳматми бу?!

Ойянга лаблари боланикидай бурилиб йиғламоқдан бадтар алпозда дедилар:

– Етимларимнинг бошидан қасам келинпошшожон! Агар шуларни олиб бориб невараларимга едирар бўлса илоҳим оғзига олганидан то эртасига етмасин! Илоҳи омин Аллоҳу Акбар!

Оғир сукунат чўкди. Сўз ортиқча эди. Ўша куни Ойянга хизматда қолмадилар. Йиғлаб-йиғлаб ортларига қайтиб кетдилар. Уларнинг ортидан қараб қолган баримизнинг кўнглимизда ғашлик, дийдамизда ёш қолди.

То ҳануз елкалари чўкиб кетиб бораётган Ойянгам раҳматликнинг елкасига ямоқ солинган қавима чопонлари, йиртиқ калишлари ва эски тивит рўмоллари кўз ўнгимда. Кечга яқин ўлгур хумчаю мўнди топилиб турибтику! Нон сандиқнинг ичигамас ортига қўйилган экан. Бир ҳафта кутдик. Ойянга келмадилар. Акобирхўжа амакимуллом нон, новвот, бироз ёғ олиб ўзлари бордилар. Ойянга касал ётган эканлар. Ажриқнинг томирига кепак ва кунжара, беданинг қуруқ баргини қўшиб пўтти(барча масалиқлар аралаштирилиб хамирдай қорилади ва думалоқланиб тандир  ёки тош ўчоқ деворига ёпилади) қилиб бераётган экан Истат келин.

– Бир кунгина ишга бормай ўлай амакимулложон. Ҳар на болаларимнинг оғзи ошга етиб турган эди. Ойим ётиб қолгандан бери топсак пўтти, топмасак кепак қайнатиб еяпмиз, – деб  йиғлабдилар.

Амакимуллом узримизни етказиб хизматга боришни тайин қилиб қайтибтилар. Лекин барибир Ойянга қайтиб бизнинг уйга қадам босмадилар. Буни орият  дейдилар ойпочожоним!

Ўйламай айтилган гап бир инсонни касал қилиб сар бо такия(боши ёстиққа) қилди. Тўтамуллом ва янгапошшом ҳафта, беш кунда имкон юзасидан егулик юбориб туришарди. Ойянга раҳматлик бетоб бўлсаларда ўринларидан туриб кутиб олар, хижолат бўлиб йиғлар эканлар.Камбағал бўлсада орияти осмон эди у замонлар одамларнинг...

Истат келиннинг фарзандлари топарман, тутармон бўлиб бойиб кетишди. Лекин ҳар доим бизнинг оиладан кимни кўришмасин қўл кўкракда эҳтиромда бўлишади. Уларнинг фарзандлари, набиралари ҳам ҳатто инчунин. Буни тузга ҳурмат дейди қизим...

***

1903 йилда туғилган раҳматли Муяссарпочо Арслонхўжа қизи яъни Муяссар аммамулломиз бобомга, яъни онамнинг оталарига сингил, онамга амма эдилар. Катта ёшдаги қариндошлар аммамулло деб, биз тўтамулло деб чақирар эдик. Ҳофизайи Қуръон, Ҳадиси Қудс, Чор Китоб, Фузулий, Лутфийни деярли ёд билур эдилар.

Ва биз улардан шундай ҳикояларни эшитиб улғайдик... Бир сабаб бўлиб эсимга тушди. Ўша сабаб эса оч маймунлар галаси емиш, бананга қандай чувиллаб ташланишса одамларнинг текин музқаймоқ ва эҳсонлар тарқатилаётган жойга шунақа ёпирилишганини кўрганим бўлди. Мана бу халқнинг маънавияти!..

P/S: Бухоро шаҳридаги Сомонийлар истироҳат боғига невараларимни олиб чиқдик 1 июнь куни. У ерда ҳам текин музқаймоқ, эҳсон ва совғалар тарқатилди. Лекин халқ ёпирилмади, талашмади. Навбат билан бориб олишди. Баъзилар ҳатто ўша томонга боришмади ҳам... 1 июндаги баъзи машмашаларни кўриб ўз ҳамшаҳарларим билан фахрланиб қўйдим. Хурсанд бўлдим. Ойянгаларнинг авлодлари ҳали ҳам ориятини йўқотмаганидан ғурурландим...

                                    Зейл Лейла Мустафасайяр facebook саҳифасидан олинди

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг