Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Биз бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз!»

«Биз бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз!»

«Маънавият фестивали» барчани эзгу мақсад йўлида бирлаштирмоқда

Мамлакатимизда Янги Ўзбекистонни барпо этишдек эзгу мақсад йўлида кенг қамровли ислоҳотлар олиб борилаётган бир даврда, тараққиётнинг муҳим асослари бўлган маънавият ва маърифатга эътибор кундан-кунга ортиб бормоқда. Шу жиҳатдан жамиятда маънавий муҳитни яхшилаш, ёш авлодни билимга чорлаш, ҳар бир фуқаронинг юрт тақдирига дахлдорлик ҳиссини кучайтириш, қолаверса қалблардаги шукроналик туйғусини намоён этиш, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш ғояларни кенг тарғиб қилиш, саҳоват ва кўмак, катталарга ҳурмат, кичикларга иззат туйғуларини умумий ижтимоий ҳаракатга айлантириш орқали жамиятда соғлом маънавий муҳитни қарор топтириш масалалари ҳар доимгиданда долзарб.  

Айни кунларда юртимиз бўйлаб «Биз бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз!» шиори остида ўтказилаётган «Маънавият фестивали»нинг мақсадларидан бир ҳам самимий, бағрикенг, оқ кўнгил халқимиз билан дийдорлашиш, суҳбатлашиш, маданий тадбирларни туҳфа этишга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Ватанимиз мустақиллигининг 33 йиллиги муносабати билан Республика Маънавият ва маърифат маркази, Маданият вазирлиги, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди, «Маърифат» тарғиботчилар жамияти, Ёшлар ишлари агентлиги ва Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамкорлигида ташкил қилиб келинмоқда. 

Таъкидлаш ўринлики, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан республикамиз бўйлаб бир неча йилдан буён ўтказилиб келинаётган ушбу фестиваль кўпчиликнинг қалбидан жой олди, десак ҳеч муболаға бўлмайди. Фестиваль сабабли илм-маърифат, санъат аҳли, киноактёрлар энг чекка қишлоқ, овул, маҳаллаларда бўлиб, одамлар билан юзма-юз суҳбатлашмоқда. Уларнинг дарду ташвишлари, қувончу ютуқларига шерик бўлишиб, ҳамдарду ҳаммаслак бўлаётгани аҳолининг кайфиятини кўтараётгани ҳам рост гап. Шундай мулоқотлар орқали юртдошларимиз орасида ўзаро меҳр ришталари боғланмоқда, юракларга эзгулик куртакларини қадамоқда.

«Маънавият фестивали» Қорақалпоғистоннинг Мўйноғидан Андижоннинг Хонабодигача, Самарқанднинг Нурободию, Наманган вилоятининг Янгиқўрғонигача кириб борди. Жумладан Қашқадарё вилояти Қамаши туманининг энг чекка ҳудуди тоғли Толли қишлоғи, Сурхондарё вилоятининг энг чекка ҳудудларидан бири Сариосиё туманидаги Кундаи жўвоз қишлоғига ёки Наманганнинг қўшни республика билан 500 метр масофа ажратиб турувчи Ҳазратишоҳ қишлоғига тарғиботчиларнинг бориши, халқимиз учун кутилмаган бўлди.  Албатта бундай учрашувлар кўнгилларда изсиз кетмайди. Зеро одамлар қалбида юксак инсоний фазилатлар, илм-маърифат, меҳр-саҳоват, ҳамжиҳатлик, бирдамлик каби туйғуларнинг жўш уришини ўзи ҳам маънавиятдир. 

Фестиваль доирасидаги тадбирлар турли локацияларда, хусусан, ҳудудлардаги маданият ва санъат масканлари, марказий майдон ва ўйингоҳлар, меҳрибонлик ва мурувват уйлари, имконияти чекланганлар ва махсус тарбия муассасалари, ҳарбий қисмлар, корхона, ташкилотлар, энг чекка, олис ва чегара ҳудудлар, маҳалла, қишлоқ ва овул фуқаролар йиғинларида ўтказилмоқда.

Мазкур тадбир дастури ранг-баранг бўлиб, бир қатор лойиҳаларни қамраб олган. Хусусан, аҳоли ва ёшлар орасида китобхонлик, меҳр-оқибат, ватанпарварлик, олиб борилаётган ислоҳотларга дахлдорлик каби туйғуларини оширишга қаратилган «Ватан мадҳи» номли мусиқий концерт дастури, «Мутолаа марафони», «Энг маъанавиятли маҳалла» танлови, «Маърифат тур», «Зиёлилар форуми», «Уч авлод учрашуви», «Оила маънавият қўрғони», «Маърифат соати», «Инсон қадри», «Аждодларга эҳтиром», «Маънавият кубоги» спорт мусобақаси, «Миллий бирдамлик» каби ижтимоий лойиҳалар шулар жумласидан.

Тадбирларда Республикадан 70 нафарга яқин маърифат тарғиботчилари, олимлар, зиёлилар, кино ва театр актёрлари, таниқли санъаткорлар ҳамда 120 нафардан зиёд маҳаллий тарғиботчилар иштирок этишмоқда.

Бугунгача Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё, Наманган Фарғона, Самарқанд, Сурхондарё, Андижон, Жиззах, Хоразм вилоятларидаги чекка қишлоқ, маҳалла ва овулларда  тарғибот тадбири, маънавий-маърифий суҳбатлар ва гала-концерт дастурлар ташкил этилди. Тадбирларда уюшмаган ёшлар, нуронийлар, хотин-қизлар, профилактик ва пробация ҳисобида турувчилар, ижтимоий ҳимояга муҳтож ва имконияти чекланган оила вакиллари иштирок этишди. 

Шунингдек, «Кинокарвон» лойиҳаси орқали миллий ғурур ва ифтихор туйғуларини кучайтиришга қаратилган «Илҳақ», «Ўзбек қизи», «Абдулла Орипов», «Эврилиш», «Аёл қисмати», «Баҳодир Ялангтўш» каби ўндан зиёд миллий бадиий фильмлар намойиш этилди.

«Маънавият фестивали» доирасида ўтказилган тадбирлар натижасида Ватанимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ва эришилган ижобий натижалар аниқ ҳаётий мисоллар орқали аҳолига содда ва тушунарли шаклларда етказилмоқда.

Энг чекка қишлоқ, овул ва маҳаллаларда ўтказилаётган жонли мулоқотлар, шеърият кечалари, концерт дастурлари ва ижодий учрашувлар орқали аҳоли, айниқса, ёшларимиз қалбига мамлакатимиздаги ижтимоий-иқтисодий ва маданий-маърифий жараёнларга дахлдорлик, ўзаро меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик ва шукроналик каби чин инсоний туйғулар кириб бормоқда.  

Тарғибот-ташвиқот ишларида замонавий усуллардан кенг фойдаланиш орқали аҳоли орасида китобхонлик, миллий қадриятлар шунингдек, санъат, маданият, жисмоний тарбия ва спорт кенг тарғиб этилмоқда.

Чекка қишлоқ, овул ва маҳаллаларда ўтказилган тадбирлар, илм-маърифат, адабиёт, санъат ва маданият намоёндалари билан ижодий учрашувлар, маърифий мулоқотлар аҳолига ўзгача кўтаринкилик, хуш кайфият бахш этмоқда.

Бир сўз билан айтганда, бу йилги «Маънавият фестивали» орқали мамлакатимизнинг энг чекка ҳудудларидаги аҳоли қалбига том маънода «Биз бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз!» деган эзгу ғоя кириб бормоқда.

«Маърифат» тарғиботчилар жамияти Ахборот хизмати

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг