Бухорода «Насриддин Афанди» фестивали ўтказилди

Бухорода 1 апрель – кулги ва мутойиба куни муносабати билан «Насриддин афанди» фестивали ўтказилди.
Мазкур қувноқ фестиваль халқ оғзаки ижоди қаҳрамонлари саналган Насриддин Афанди, Мулла Мушфиқий, Ёртиқулоқ каби донишмандларнинг зукколик, ҳозиржавоблик фазилатларини тарғиб қилиш, сайёҳларга Бухоронинг туризм йўналишидаги имкониятларини намойиш этиш орқали халқлар ўртасидаги маданий-маърифий алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган. Афанди фестивали карвони юриши (марши)да қатнашган минглаб аҳоли ва иштирокчилар «Арк» қўрғонидан «Лаби Ҳовуз» мажмуасига безатилган манзилни босиб ўтишди.
Фестиваль томошаларининг асосий қисми Нодир Девонбеги мадрасаси олд майдони ҳамда Хўжа Насриддин ҳайкали ўрнатилган боғ ўртасида ўтказилди. Фестиваль Бухоро шаҳар ҳокими Қурбон Турсунов ҳамда вилоят ҳокими ўринбосари Ботир Шаҳриёровларнинг табрик сўзи билан очилди. Бунда сўз санъати усталари, аскиячилар ва ёш ҳаваскорлар ижросидаги ичакузди ҳангомалар, қўшиқлар, театрлаштирилган томошалар халқимизнинг бетакрор кулгу санъати имкониятлари намойишига айланди.
«Насриддин Афанди ёки Хўжа Насриддин XIII асрдан бери Ўрта Осиё, Яқин Шарқ, Хитой, Кавказорти ва Болқонда тарқалган латифалар, ривоятлар ва эртаклардаги ҳажвий характердир. Насриддин Афанди ҳақиқатан ҳам мавжуд бўлган ёки йўқлиги ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ, аммо тарихчилар ва йилномачилар унинг келиб чиқишининг бир нечта манбаларини келтирадилар. Улардан бирига кўра, Афандининг ватани Бухоро, бошқасига кўра, у умуман Хитойда туғилган. Аммо буларнинг барчаси кўпгина мамлакатларда унинг шарафига ёдгорлик ўрнатилишига халақит бермайди. Шунга қарамасдан, Бухоро шаҳрининг марказий майдонидаги Лаби-Ҳовуз ансамблида 1979 йилда ўрнатилган Хўжа Насриддиннинг бронза ҳайкали тенгсиз ва машҳур. Биргина ҳайкалнинг ўзи ҳар куни, ҳар дақиқада Бухоронинг қадим атмосферасига қувонч ва кулгу бағишлаб туради», - деди вилоят Маданият бошқармаси бошлиғи Шерзод Тилавов.
Афанди образини 2007 йилдан буён қойилмақом бажариб келаётган театр санъати актёри Баҳриддин Розиқов ижросидаги кўнгилочар дастурлар, маҳаллий аҳоли ҳамда хорижлик сайёҳларга кўтаринки кайфият бағишлади. Қизиқчию аскиячиларга ҳолининг ҳам уларга қўшилишиб, аскиялар қилишгани халқнинг ҳажву мутойибага, кулгига ўч эканини яна бир карра исботлади.
«Хўжа Насриддин — Ўрта Осиё ва Яқин Шарқ миллий фольклорининг миллий қаҳрамони. У ҳақдаги машҳур ҳазил ва ҳикояларда асрларки, сақланиб келинган хаёлий ҳаёт билан ажралиб туради. У ўзининг содиқ шериги бўлган эшак билан шаҳарларни кезади. Одамларга завқу-шавқ уйғотади. Афандининг образини яратиб келаётганим мен учун фахр. Ҳеч ким мени исмим билан чақирмайди. «Афанди», «афандим» дейишади. Бугун ҳам ушбу фестивалнинг асосий сабабчиси – Афанди, яъни камина. Кўпчиликка маълумки, мен Ҳожибой Тожибоевнинг Бухородаги шогирдиман. Аммо Ҳожибой Афандининг, яъни каминанинг шогирдим (ҳазиломуз). Халқимизнинг тўй-томошаларида, байрамларида хизмат қилиб, устозлар руҳини шод этаётган бўлсак, шунга шукрона келтирамиз», - дейди Баҳриддин Розиқов.
Фестиваль давомида афанди тўғрисидаги миллий ва ҳажвий фильмлар намойиши, таниқли ҳажвчи шоир-ёзувчиларнинг ҳажвий китоблар тақдимоти, давра суҳбатлари ва концерт дастурлари қизғин кечди.
- Хўжа Насриддин ҳақида жуда кўп эшитганман. Майдонда ўрнатилган қувноқ ва ҳақгўй чеҳрали Хўжа Насриддиннинг ҳайкалини кўриб, у ҳақдаги ажойиб латифалар эсимга тушди. Қизиқчиларнинг чиқишини гитлар таржима қилиб берганида мириқиб кулдим. Халқингизнинг оғзаки ижоди бойлигига қойил қолдим. Бухоронинг кулгилари бошқача экан, - деди абу-дабилик сайёҳ Маҳмуд Али Заид.
Франциялик сайёҳнинг билдиришича, Насриддин Афандини Германияда ҳам яхши танишади.
- Бир неча йиллар олдин «Афанди латифалари» китоби Германияда ҳам босилганидан хабарим бор. Бундан ташқари, бугунги фестивалда Насриддин Афанди тўғрисидаги миллий ҳажвий фильмлар намойишию, сўз усталарининг ҳажвий чиқишлари миллатингизнинг маданий мероси билан яқиндан танишишимизга туртки бўляпти, - деди у.
«Насриддин афанди» фестивали «Шарқ таомлари» фестивалига уланди. Бунда миллий ҳамда бухороча маҳаллий таомлар кўргазмаси ташкил этилди.
Фестиваль сўнггида моҳир қизиқчилар, рассому ошпазларга, сўз санъати усталарига эсдалик совғалари топширилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter