Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Нега асабни бузасиз? (ҳажвия)

Нега асабни бузасиз? (ҳажвия)

Ҳаётда бенуқсон киши топилмаса керак. Ҳар қандай одамнинг ҳеч бўлмаса битта камчилиги бўлиши турган гап. Шундай экан, бировларнинг камчилигидан қайғурмаслик керак. Сиз асабингизни бузганингиз билан асаббузар одам ўз камчилигини бартараф этармиди! Йўқ. Қон билан кирган жон билан чиқади, деган ибора бежиз айтилмаган.

– Ҳисобчилар ҳар куни ишга кечикиб келишади, – дейди йиғилишда кадрлар бўлимининг бошлиғи куйиниб.

– Ҳамманинг олдида уларни бекорга изза қилди-да, – деб шивирлайман мен ёнимдагиларга. – Барибир ишга кечикишади. Бу уларнинг камчилиги.

– Сўнгги вақтларда омбор мудири кўп ичадиган одат чиқарган, иш вақтида ҳам қип-қизариб юради, – дейди бош муҳандис қизишиб. – Бунинг олдини олиш керак.

– Иши ғалвали, – тушунтираман уни юпатиб. – Ўзини шу билан овутади. Ундан кейин ичишга ружу қўйган одам болага ўхшайди, ичма деганинг билан баттар ичади. Бу ҳам бир камчилик-да.

– Ишчиларнинг шароитини яхшилашга ажратилган маблағ ишлатилмай қолибди-ку, нега назорат қилмадингиз? – дейди завод директори мендан ўпкаланиб. – Касаба уюшмаси раисининг ўзи бепарво бўлса, қолганлардан нима кутиш мумкин?

Асабингизни бузманг, ўртоқ бошлиқ, дегим келади-ю, лекин бефойда! Директорнинг камчилиги – беҳуда асабини бузишида. Мени бепарво деб аташи янгилик эмас. Олдинги иш жойимда ҳам бу гапни кўп бор эшитганман. Ахир мен ҳам одамман-ку! Ўзимга яраша нуқсонларим бор. Бепарволигим, лоқайдлигим балки камчилигимдир? Шундай экан, нега асабни бузасиз? Феълингизни кенг қилсангиз-чи!

Хуршид Нуруллаев

 

 

 

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг