«Россия томони узр сўраши керак» – озарбайжонлик депутат
Озарбайжон парламенти депутати Расим Мусабеков, Россия томони Озарбайжон фуқаро самолётига ҳаво ҳужумидан мудофаа воситалари билан қилинган ҳужум учун узр сўраши кераклигини билдирди.
«Самолёт Россия ҳудудида, Грозний осмонида уриб туширилган. Буни инкор этишнинг иложи йўқ», - деди Миллий Мажлиснинг Халқаро муносабатлар қўмитаси аъзоси, сиёсатшунос Расим Мусабеков.
Унинг айтишича, Россияда айрим шахслар бу воқеанинг изини яшириш учун оммавий ахборот воситаларида маълум ҳаракатларни амалга оширмоқда.
Бироқ, унинг фикрича, бунинг ўрнига Россия томони вазиятга мувофиқ равишда ҳаракат қилиши ва узр сўраши лозим.
«Бу ишни содир этганлар жиноий жавобгарликка тортилиши, ҳалок бўлганлар ва жабрланганлар учун товон тўланиши керак. Агар шундай қилинмаса, муносабатлар, шубҳасиз, бошқа йўналишга ўтади», - деди Мусабеков.
Маълумот учун, 25 декабрь, чоршанба куни Боку-Грозний рейсини бажараётган AZAL самолёти Қозоғистон ҳудудига қулаб тушган ва бунга сабаб сифатида аввалига қушлар билан тўқнашув айтилган бўлса-да, кейинчалик самолёт Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа ракетаси томонидан уриб туширилгани ҳақидаги маълумотлар ўртага чиқа бошлади.
Озарбайжон президенти Илҳом Алиев бу борада ўз фикрини билдириб, ҳалокат сабаблари ҳақида гапиришга ҳали эрта эканини айтган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter