Эски ҳаммом – эски тос (ҳажвия)
Айтилган ҳар гапга фаришталар омин дейиши тўғри экан. Исботи мана: шаҳар ободонлаштириш бошқармасининг катта мутахассиси Чангиев туман ободонлаштириш бўлимининг бошлиғи этиб тайинланди.
Чангиев илгари туман ободонлаштириш ходимларини ҳамиша танқид қиларди. «Чиқиндилар нега ҳар куни олинмайди? Кўчанинг хазонларини ариққа супуриб ташлаш мумкин эмас. Агар мен бошлиқ бўлганимда …»
Мана энди ўзи бошлиқ бўлди. Истагини бажариш имконияти мавжуд. Биринчи галда кўчанинг икки ёқасидаги ариқларни тозалаш керак. Бу ариқларнинг йиллаб тозаланмаганига ўзи гувоҳ. Шу боис меҳнат жамоасининг асосий қисми фаррошлар бўлган бўлим ходимлари билан эрталабки танишув йиғилишида у ишни ариқларни обдон тозалаш кераклиги ҳақида кўрсатма берди.
Тушдан сўнг Чангиев кўчаларни айланишга чиқди. Бўлим ходимларининг барчаси кўчаларга бириктирилган, фаррошлар ариқларни тозалаш билан банд. Фақат тиркама бўлмагани боис ариқ ичидан чиқарилган хазон ва ахлатлар кўча четига уюм-уюм қилиб тўпланганди.
Чангиевга ҳамроҳ бўлиб юрган бош муҳандис чиқиндиларни ташийдиган техника ёқилғи олиши билан ҳозир келиб кўчаларни тозалаши ҳақида изоҳ берди.
Чангиев ишхонасига қайтганида унга тезлик билан шаҳар бошқармасига етиб бориш кераклигини айтишди. У ерда Чангиевдан кўчалар нега тозаланмаётганлиги ҳақида сўрашди. Янги бошлиқ кечгача ҳаммаси тозаланишига ваъда берди. Лекин кўчаларни айланиб ҳали ҳам машиналар чиқмагани ва бош муҳандисдан бугун ёқилғи таъминоти ҳал бўлмаганини англади.
Чангиев кеч соат еттида масъул ходимлар билан йиғилиш ўтказишни белгилаб, унгача экология ва санэпидстанция идораларига бориб, кўчалар тозаланмагани ҳақида тушунтириш хатларини ёзиб келди.
Йиғилишда барча масалалар муҳокама этилиб, тасарруфдаги олтита техникадан тўрттаси носозлиги, иккита техника ёқилғи йўқлиги туфайли ишламаганлиги, маблағ танқислигидан эҳтиёт қисмлар олинмаётганлиги маълум бўлди ва яна кўплаб муаммолар ўртага ташланди. Уч соат давом этган йиғилиш охирида Чангиевни телефонга чақиришди. Шаҳар ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи эртага шаҳарга меҳмонлар келаётганлиги, унгача кўчалардаги ариқлардан чиқарилган чиқиндиларни тозалаш зарурлиги ҳақида кўрсатма берди.
Чангиев янги ишининг биринчи куниёқ аҳволи танглигидан асабийлашиб, мажлислар хонасига қайтар экан, эртага кутилаётган тадбирни ўтирганларга маълум килди. Узоқ давом этган музокарадан сўнг ўринбосар, бош муҳандис ва фаррошлар бошлиғининг таклифи, яъни техникалар ишга тушиб кетгунга қадар кўчаларда тўпланган ахлатларни вақтинча ариққа суриб ташлаш фикри маъқулланди. Чангиев бу таклифга қўшилмасликнинг иложи йўқлигини сезиб турарди.
Хуршид Нуруллаев
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter