Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Мен бошлиқман (ҳажвия)

Мен бошлиқман (ҳажвия)

Мендан қанақа бошлиқ чиқиши мумкин? Йўқ, жамоа ичида шарманда бўлишни хоҳламайман. Ахир, бирор кимсага овозимни кўтариб гапиролмасам, кимнидир ҳақорат қилишимни-ку тасаввур қилиш қийин, умримда, ҳатто пашшага озор етказмаганман. Хўш, нега энди мен бошлиқ бўлишим керак?

– Сен мутахассиссан, – дея илгари катта лавозимларда ишлаб, энди корхонамизда кадрлар бўлимини бошқараётган, ўзининг сўзи билан айтганда, нафақага чиққунча, бир-икки йил эрмак учун ишлаётган киши менга далда берди. – Бундан ташқари, бошқа номзодлардан фарқинг бор: дипломлисан.

– Йигирма йилдан буён дипломим бор эди, нега илгари эътибор бермадиларинг?

– Барча олий маълумотлилар ўзларини тижоратга уришган. Сен эса ўз касбингга содиқсан. Корхонадан кетмадинг. Яшавор!

– Барибир менга тўғри келмайди. Ишчи-хизматчиларга қаттиқ гапиролмайман.

– Гапирасан. Раҳбарлар сенга аччиқ-аччиқ гапирганидан сўнг, сен ҳам қўл остингдаги ходимларингга қаттиқ гапиришга мажбур бўласан.

– Ходимлар гап қайтаришса-чи?

– Нима деяпсан? Раҳбарга, ҳатто у ноҳақ бўлган тақдирда ҳам гап қайтариш мумкин эмас.

– Ахир, мен ниҳоятда беозорман.

– Раҳбарликка кўтарилгунча ҳамма беозор бўлган. Бошлиқ бўлиб бир оз ишласанг, оёғинг остидаги филни ҳам чўмолидек эзғилаб ташлайсан.

Хуллас, каминани бошлиқ қилиб тайинлашди.

Бир кунда ўзгариб қолмадим, менимча... лекин одамларнинг бошқача бўлиб қолганига ишонгим келмайди. Биринчи кундан ҳайрон қолдиргани – атрофдагиларнинг менга бўлган муносабати тубдан ўзгарган эди. Илгари ҳамкасбларим билан саломлашсам, индамай ўтиб кетган тақдирда ҳам эътибор бермасдим. Энди ҳамма салом бериб ўтади. Гоҳида алик олмасам ҳам, уларнинг салом берган ёки бермаганига эътибор қаратадиган бўлдим. Илгари ҳамкасбларим билан бирор масалада келишолмасак, дарров баҳс-мунозара авж оларди. Энди эса ҳеч ким менинг фикримга эътироз билдирмайди. Аввалига ажабландим. Уларни олдингидек баҳслашишга чорладим. Қайда! Қаршимда мум тишлагандек, сукут сақлашдан нарига ўтишмайди. Кейин ўзим ҳам, тўғри фикр айтаётган бўлсам керак, деган хаёлга бордим. Яна бир оз ўтиб эса, бу қўл остимдаги ходимларнинг ҳар гапимни тасдиқлаб туришлари натижасида бўлса керак, менинг ҳар қандай айтган гапим мутлақ тўғри деган хулосага келдим.

Кайфиятим бўлмаган вақтларда кимга, нима учунлигининг фарқи йўқ, тўғри келган ходимимга қаттиқ гапирадиган, ҳатто уларни ҳақоратлайдиган бўлдим. Ҳайрон қоламан, қани бирортаси миқ этса! Олдинига, агар гап қайтаришса, нима деб жавоб беришимни ўйлардим. Лекин уларнинг бош эгиб, жим туришлари ҳеч қандай хавотирга ўрин йўқлигини кўрсатди. Чунки бошлиқ – ходим ўртасида таомил шунақа экан. Мен бошлиқманми, гап қайтаришлари мумкин эмас. Бошлиқ ҳамиша ҳақ экан.

Гоҳида ўйлаб қоламан, нега мен илгари бошлиқ бўлмаганман? Раҳбарлик тажрибасига эга кадрлар бўлими бошлиғи энди мен билан ўта эҳтиёт бўлиб суҳбатлашса-да, унинг ичидан суғуриб олгудек қилиб гапларига қулоқ тутаман.

– Бизда раҳбарликка ўқитишмайди, – дейди кадрлар бўлими бошлиғи фақат иккимиз бўлишимизга қарамай, негадир овозини пасайтириб. – Раҳбарликка тайёрлашмайди. Кўпинча бунинг учун омад қўл келади.

Демак, менга омад кулиб боққан.

Шундай бўлса-да, мен кадрлар бўлими бошлиғининг қачонлардир, мен бошлиқ бўлишдан бош тортган вақтларда айтган гапларини эсимдан чиқармайман.

«Сен бошлиқ бўлганинг билан маълум иш жараёнида бир воситачисан, холос. Юқоридан келган топшириқни жамоага етказасан. Жамоа бажарган топшириқни юқорига етказасан. Ҳеч нарсага аралашмасанг, ўзбошимчалик қилмасанг олам гулистон! Акс ҳолда...»

Акси бўлиши мумкин эмас. Мен ҳеч нарсага аралашмайман, ўзбошимчалик қилмайман. Юқоридан берилган топшириқни сўзсиз бажараман. Чунки мен бошлиқман-да!..

Хуршид Нуруллаев.

 

 

 

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг