Минимализм, оддийлик ёки ҳашаматнинг қиймати
Уйингиздаги йиллаб ишлатилмаётган буюмлардан воз кечиш ҳақида ўйлаб кўрганмисиз? Умрингиз давомида машаққат билан топган пулингизни мана шундай бир неча йиллаб ишлатилмайдиган буюмлар учун сарфлаганингиз ҳақидачи? Агар шундай бўлса, демак сиз кераксиз буюмлар учун меҳнат қилаётган бўлиб қолмаяпсизми?
Уйингиздаги ортиқча кийим-кечак, жиҳозлар, идиш-товоқ — буларнинг барчаси ҳаётингизга мазмун олиб кира олдими? Наҳотки одам бахтли яшаши учун фақатгина ҳашамнинг ўзи етарли деб ўйласангиз...
Яқинда Жошуа Беккернинг минимализм ҳақидаги китобига кўзим тушиб қолди. Айнан бизнинг турмуш тарзимиз ниҳоятда бир хиллигига, ўзимиз хоҳлагандай яшашимизга стереотипларнинг халақит бериши ва минимализмнинг етишмаслиги сабаб эмасмикан, деб ўйлаб қолдим.
Сизга кичкина мисол: тўй қиляпсиз, келадиган меҳмонларнинг эркакларига чопон, аёлларига мато сотиб оласиз, албатта, яхшигина пул сарфлайсиз. Айтингчи, совға қилган чопон ёки ўша матони совға эгалари киядими? Йўқ, сандиғида йиллар давомида тураверади. Бу, яъни сизнинг ишлаб топган пулингиз керак эмас бир матога айланиб, ҳеч нарсага яроқсиз ҳолда сандиқда ётибди, дегани. Энди тасаввур қилинг, Ўзбекистонда ҳар бир хонадонда худди шундай чопону ва матолардан иборат сандиқларни... Агар уларни бир жойга тўпласангиз, энг катта бозорга ҳам сиғмай кетса керак. Минимализм ўзи нима? Жошуа Беккер нима учун айнан шу мавзуга қўл урган?
Минимализмни оддий турмуш тарзи фалсафаси дейишади
Жошуа Беккер «Минимализм — бу биз энг яхши кўрган нарсаларни онгли равишда тарғиб қилиш ва бизни улардан чалғитадиган ҳар бир нарсадан воз кечишдир», дейди. Сизга ҳаётда энг қадрли бўлган нарсани аниқ тушунишга асосланган минимализмнинг ажойиб таърифи.
Минимализм ҳақида нотўғри тушунчалар ҳам мавжуд. Бир хиллар минимализм деганда бор нарсани ташлаб юборишни тушунишади.
Лекин сизнинг ҳаётингиз учун ҳеч қандай маънога эга бўлмаган нарсалардан халос бўлиш орқали бошқа нарсаларга эришиш мумкинлигини ўйлаб кўринг. Сиз кераксиз нарсалардан қутулиш орқали кўпроқ вақт, макон, осойишталик, эркинликка эришишингиз мумкин экан.
Минимализм кам нарсаларингиз бўлишини англатмайди — бу энг муҳим нарсалар учун кўпроқ жой демакдир. Минимализм — бу сиз фойдаланмайдиган ёки сизга керак бўлмаган ва шунчаки жой эгаллаб ётган нарсалардан халос бўлишни англатади. Мутахассисларнинг фикрига кўра, минималист бўлиш жуда осон. Сиз тозалашга, нарсаларни тартибга солишга, нарсаларни топишга, уларни таъмирлашга, жойдан жойга кўчиришга озгина вақт сарфлайсиз, яъни ҳаётингизни соддалаштирасиз.
Кўпчилик минимализмни оддийликка қиёслашади. Аслидаям шундай. Оддийлик — бу тежамкорлик, шунингдек пулни тежаш имкониятларини излашдир. Яъни харидга нисбатан онгли муносабатда бўлишни ўрганишингиз мумкин. Манбаларда келтирилишича:
Вақтингиз кўпаяди
Сиз сарф харажатни камайтириш эвазига яқинларингиз билан ўтказадиган сеҳрли дақиқаларни кўпайтиришингиз мумкин. Сиз сотиб олган нарсалардан кўра, сеҳрли дақиқалар узоқ вақт давомида эслаб турилади. Минималист турмуш тарзи ва фикрлаш асосида айнан шу ғоя ётади. Бугунги ахборот оламида интернетдан харид қилиш ва шунчаки нима сотиб олмоқчи эканингизни ўйлаш учун кўп вақт сарфлашни тўхтатасиз. Бунинг ўрнига, сизга ёқадиган машғулотлар учун вақт ажратасиз.
Пулингиз ортади
Минималистга айлансангиз бу сизнинг пулингизни янада масъулият билан сарфлашни бошлаганингизни англатади, фақат керакли нарсаларни ва баъзида қувонч келтирадиган нарсаларнигина сотиб оласиз ва сиз табиий равишда пулни тежайсиз.
Хотиржамлик кучаяди
Қанча уйингизда ортиқча нарса бўлмаса, руҳиятингиз шунча тинч бўлади. Сизда фақат сизга ёқадиган нарсалар бўлса, уйингиз чиндан ҳам дам оладиган жойга айланади. Биринчидан, сизнинг фикрингиз энди янги харидларни қидириш билан банд эмас. Иккинчидан, сизда мавжуд бўлган нарсалар уларни тўғри ҳолатида сақлаш учун жуда кам вақт талаб этади.
Ўтмишдан озодлик
Ўзингизнинг барча нарсаларингизни биринчи марта синчковлик билан кўриб чиқсангиз, бу нарсаларнинг кўпчилигига боғлиқлик аниқ бўлади. Ушбу нарсаларнинг аксарияти энди қиймат ёки қувонч келтирмаслигини унутманг. Сизни хурсанд қилмайдиган нарсадан халос бўлмаслик эса қатъиятсизлик белгисидир. Ва бу қатъиятсизлик сизни чинакам хоҳлаганингиздек яшашингизга тўсқинлик қилади. Шунинг учун, энди ҳаётингизга қиймат келтирмайдиган ҳамма нарсадан воз кечинг — ва сиз янги нарсалар учун эшиклар қандай очилишини сезасиз.
Экологияга фойдаси бор
Барча нарсаларингизни текширганингизда, аста-секин қайсиларини тарк этишни ва халос бўлишни хоҳлаётганингизни аниқроқ англай бошлайсиз. Нарсалардан халос бўлиш, агар улар ҳали ҳам кимгадир хизмат қилишлари мумкин бўлса ташламанг. Нарсаларингизни бериш ёки сотиш орқали сиз нафақат бировни хурсанд қилишингиз, балки озгина пул ишлашингиз ҳам мумкин. Ва атроф-муҳит учун ҳам фойдали, чунки одамлар ўз нарсаларини ахлатхонага юбориш ўрнига, уларга иккинчи умр беришади. Бундан ташқари, янги харидларга нисбатан кўпроқ масъулиятли бўлиш орқали сиз ресурсларни тежашингиз мумкин.
Соғлиққа ҳам фойдали
Стресс миқдори камайганлиги сабабли, бўш вақтингиз ошгани сайин, сизнинг фаровонлигингиз табиий равишда яхшиланади. Сиз танангизни ва соғлиғингизни янгича қадрлашни бошлайсиз ва унга ғамхўрлик қилишни хоҳлайсиз. Фитнесингизни яхшилашга ёрдам берадиган янги гаджет сотиб олиш ўрнига, шунчаки сайр қилиш ёки жисмоний машқлар билан шуғулланасиз.
Ўзингизга ишонч ортади
Инсон истакларининг чегараси йўқ. Сиз ҳар доим яхшироқ, янги ва чиройли нарсага эга кишини топишингиз мумкин. Бироқ, сиз менталитетингизни минималистикка ўзгартирсангиз, ўзингизнинг қадрингизни эгалик қиладиган нарсалар билан боғлашни тўхтатасиз. Сиз бошқа одамларнинг нарсаларига эътибор беришни тўхтатасиз. Сизда ўзингизга, ўз қарашларингиз ва қадриятларингизга ишонч уйғонади — ушбу доимий пойгани тўхтатасиз ва озодликка эришасиз.
Энди катта-катта муваффақиятларга эришган машҳур одамларнинг ҳаёт тарзига эътибор беринг-а. Чунки кўпгина муваффақиятли одамлар ушбу ғояни қўллаб-қувватлайдилар ва ҳаётда уйғунликка интилишади.
Масалан программист, миллиардер, филантроп Марк Цукербергнинг қимматбаҳо буюмларнинг улкан шкафини йиғиш ва уни дунёга намойиш этиш имкониятига эга, лекин у оддий кийимларни афзал кўради. Уни тез-тез одатдаги кулранг футболка кийган ҳолда кўриш мумкин. Цукерберг 2014 йилги интервюсида: «Мен ҳақиқатан ҳам жамиятга қандай қилиб энг яхши хизмат қилиш билан боғлиқ бўлмаган саволлар сонини камайтириш учун ҳаётимни тозаламоқчиман. Ҳақиқатан ҳам аҳмоқона ёки енгилтак нарсаларга куч сарф қилсам, ўз ишимни бажара олмаслигимни ҳис қиламан», деганди.
IТ соҳасидаги яна бир даҳо Стив Жобс ҳам минимализм тарафдори эди. У доимо содда кийинган, уйида унинг деярли мебеллари йўқ эди, фақат зарур нарсалар бўлган. Стив Жобснинг дизайндаги минималист ёндашуви Apple маҳсулотларида ҳам акс этди.
Стив Жобснинг шиори: «Концентрация ва соддалик бу менинг мантраним. Оддийликка эришиш мураккабликдан кўра қийинроқ. Аниқ фикр юритишни бошлаш ва бирон оддий ишни бажариш учун кўп ишлаш керак».
Собиқ машҳур актёр Хайден Кристенсен 37 ёшида ватани Канадага қайтишга қарор қилди. Ҳозир у оиласи билан фермада яшайди ва пичан тайёрлайди. У ортиқча нарсадан воз кечиш орқали биз кўпроқ нарсани оламиз деган назарияни яна бир бор тасдиқлайди.
Америка киноактёри ва режиссёри, «Оскар», «Олтин глобус» мукофотлари совриндори Рассел Кроу қимматбаҳо машиналар билан улкан қасрда яшаш ҳашаматини тарк этди. У орзусини рўёбга чиқарди ва оиласи билан Австралияга кўчиб ўтди. Улар энди кичик фермерлар шаҳарчасида яшайдилар.«Мен Австралияда бемалол яшайман. Сиднейда энг яхши нарсалар бепул: қуёш бепул, порт ва пляж ҳамма учун бепул».
Машҳур актёр Киану Ривзни метрода учратишлари мумкин. Пул у учун ҳаётининг мазмуни эмас. У бутунлай бошқача қадриятларга эга. Шу сабабли, Киану Ривз саратон касаллигига қарши курашиш фондини ташкил қилди ва мунтазам равишда муҳтожларга, кам таъминланганларга хайрия ва совғалар қилади.
Актриса ва проюссер Сара Мишел Геллар турмушга чиққач ҳаётини тубдан ўзгартирди, бор эътиборини оиласига қаратди. Сара онасининг ўргатганларини эслади: дўконларда чегирмали купонлардан фойдаланинг ва фақат керакли нарсани сотиб олинг. У қимматбаҳо кийимларни сотиб олишнинг маъносини кўрмайди ва ўз-ўзига ёрдам бериш учун ресторанга боришдан кўра саёҳатга чиқишни афзал кўради.
Барно Султонова тайёрлади
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter