Курскдаги ҳужумга жавоб қайтариш учун рус қўшинлари Украинадан олиб чиқиляпти – WSJ
Украина қуролли кучларининг Россия ҳудудига ҳужуми Москвани шошилинч равишда ўз кучларини тўплашга мажбур қилаётганга ўхшайди. Бу ҳақда Ғарб ОАВси ҳамда Украина ва Литва сиёсатчилари ўз тахминларини илгари суришяпти.
Wall Street Journal нашри эса америкалик расмийларга таяниб, Россия Украина қуролли кучларининг Курск вилоятидаги ҳужумига жавоб қайтаришни ташкил қилиш мақсадида ўз қўшинларининг бир қисмини Украина ҳудудидан олиб чиқаётганини ёзди.
Нашрнинг таъкидлашича, экспертлар Россияга қанча қўшин қайтариб кетилаётганини ва кучларни қайта тўплаш қандай оқибатларга олиб келишини ҳали аниқламаган. Аввалроқ Киевда ҳам Украина қуролли кучларининг Курск вилоятидаги амалиёти Москвани ўз ҳарбий контингентининг бир қисмини Украина ҳудудидан олиб чиқишга мажбур қилаётгани айтилганди.
Литва расмийлари, шунингдек, Калининград вилоятидан россиялик ҳарбий хизматчиларнинг кўчирилиши ҳақида хабар берган. Ушбу воқеалар фонида Bloomberg агентлиги Россия армияси ҳарбий кадрлар етишмаслигини бошдан кечирмоқда, деган хулосани беряпти.
Аввалроқ Украина президенти Владимир Зеленский Россиянинг Курск вилоятидаги 74 та аҳоли пункти Украина Қуролли кучлари назорати остида эканлигини маълум қилганди. У ерда 7 августдан минтақавий даражадаги фавқулодда ҳолат режими жорий этилган бўлса, 9 августдан бошлаб федерал даражадаги фавқулодда ҳолат режими амал қилмоқда.
14 август куни Белгород вилоятида минтақавий даражадаги фавқулодда ҳолат режими жорий этилди, деди губернатор Вячеслав Гладков. Аввалроқ Украина Қуролли кучлари томонидан Шебекино шаҳрини ўққа тутгани сабабли аҳолининг 50-70 фоизи уни тарк этгани маълум бўлган эди.
Айнан қанча россиялик эвакуация қилингани ҳозирча номаълум. Илгари Курск вилояти ҳукумати чегара ҳудудидан 120 минг киши кўчирилгани ҳақида гапирган эди.
Россия Мудофаа вазирлиги чоршанба куни эрталаб маълум қилишича, ўтган тунда 117 та Украина дрони 8 та ҳудудда – Курск, Воронеж, Белгород, Нижний Новгород, Волгоград, Брянск, Орёл ва Ростов вилоятлари устидан уриб туширилган.
Москва Украина қуролли кучларининг ҳудудга чуқурроқ кириб боришини тўхтата олганини даъво қилмоқда.
Президент Путин Украинанинг Курск вилоятидаги амалиётини Киевнинг Россиянинг Донбассдаги ҳужумини тўхтатиш ва музокаралар позициясини мустаҳкамлашга уриниши деб атади.
Украина Ташқи ишлар вазирлиги, ўз навбатида, трансчегаравий операция Украина ерларини Курск яқинидан етказилган ҳужумлардан ҳимоя қилишга қаратилганини тушунтирган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter