Жўйлангардаги тарихий ёдгорлик – масжид кундан кун харобалашмоқда, мутасаддилар эса жим
Жиззах вилоятининг Янгиобод туманида Жўйлангар қишлоғи бор. Тарихи жуда қадимларга бориб тақалади.
Қишлоқ қачон пайдо бўлган деган саволга тарихий манбалардан шу қишлоқда туғилиб вояга етган Муҳиддин Нарзиқуловнинг «Жўйлангар қишлоғи» рисоласидан ушбу маълумотларни топдик: «Жўйлангар қишлоғи ҳудудида Катта қиртепа ёдгорлиги мавжуд. Умумий майдони 7-8 гектар бўлган ушбу тепаликдан топилган керамика идишлари, тангалар, ёзма манбалар шаҳар милоднинг X-XIII асрларидан маълум бўлганлигидан дарак беради. Тарихий ёдгорликларнинг бирортасига археологик, тарихий ва маданий ёдгорлик эканлиги тўғрисида лавҳа ўрнатилмаган».
Тарихчининг ёзишича: «Қомусул аълом» ва «Ислом фатҳлари» китобларда 20 дан ортиқ майда тарқоқ ҳукмдорлар қўлида бўлган ўлкамизга ислом дини VII асрнинг иккинчи ярмида етиб келади. Демак, қишлоқнинг тарихи қанчалик узоқ бўлса у ердаги тарихий обидалар ҳам шунчалик қадимий.
Қишлоқда яқин-яқингача иккита масжид бўлган, унинг бири ер билан бир бўлиб йўқ бўлиб кетган, иккинчиси Юқори масжид хароб аҳволга келиб қолган. Меъморий нуқтаи назардан Самарқанд обидаларидан қолишмайдиган Пастки масжидни Нурматбой, Юқори мачитни эса қариндоши мулла Иноғом ҳожи қурдирган экан. Афсус, советлар даврида улар бузиб ташланган.
Машҳур Юқори масжиднинг қолдиғи мавжуд бўлган катта тепаликнинг (лангарнинг) атрофига сувли хандақ қазилган, ёв келганда одамлар ўша масжидда жон сақлаган ҳам масжидни, ҳам ўзларини сақлашган. Тахминан XV асрларга тегишли бўлган қишлоқнинг тарихини, ўтмишини ўзида жамлаган биргина ёдгорлик ҳам кунпаякун бўлиш арафасида.
Ташқаридан қарасангиз тепаликда жойлашган, қаровсиз қолиб кетган каттагина чайлани эслатади. Аммо унинг ичида ота-боболаримизга тегишли бўлган бутун бир тарих мавжуд. 9 та бир бирини такрорламайдиган нақшли устун, шифтига чизилган нақшлар... Ҳозир улар емирилаяпти, синаяпти чунки қаровсиз.
Шу ерда яшайдиган отахон Абдураҳмон Қодировнинг айтишича 1950-1960 йилларгача 500 нафарга яқин одам номоз ўқишган.
«Жўйлангар қишлоғи» рисоласи муаллифи Муҳиддин Нарзиқулов:
– Ўзбекистонда қишлоқлар кўп, лекин юз йиллаб, минг йиллаб тарихга эга шаҳар ва қишлоқлар бизнинг меросий бойлигимиз ҳисобланади. Рисолани ёзишдан олдин Самарқанддаги тарихчи ва археолог олимлар билан суҳбатлашганимда Жўйлангар дегани чилангарни яна сув, қуёшни, нонни англатади деган фикрларни айтишган. Қадимий қишлоқларни охиригача архелогик текширувлар олиб борилмади. Бу масжидни тузатишга, реставрация қилишга ёрдам бераман деган ҳомийлар топилади, фақат ҳужжат ишларига рухсат берилса бўлди. Агар бу ёдгорлик тузатилса унга борадиган йўллар таъмирдан чиқарилади, бир зиёратгоҳга айланади. Аллоҳнинг даргоҳини обод қиламан деганлар кўп. Энг ёмони қишлоқда масжид қуриш мақсадида буни бузишмоқчи бўлишган, хабар топиб етиб келдим қишлоққа. Мен бу масалани бир неча бор кўтардим. Кўп масъулларга айтдим, бирортаси эътибор қилмади. Охирги марта кўриб келганимдан кейин ҳатто касал бўлиб қолдим. Маданий ёдгорликлар агентлигигача чиқдим. Улар назоратга оламиз, дейишди. Аммо ҳали бирон ҳаракат бошланганини эшитмадик. Кун ўтаяпти, вақт ўтаяпти, ҳар бир дақиқа уни йўқотишимиз учун катта вақт ҳисобланади. Одамларда ҳалиям масжидни тозалаб юрибди, дея малоамт қилишади деган қўрқув бор. Унинг устини асли қандай бўлса шундайлигича ёпиш керак, кейин аста-секинлик билан ичи таъмирланса бўлади...
Қолган фикрлар, масжиднинг бугунги кундаги аҳволи билан эса видео орқали кенгроқ танишасиз. Ва ўйлаймизки, бу фожиага масъул ташкилотлар бефарқ бўлмайди.
Барно Султонова
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter