Италиялик «Робинзон Крузо» 85 ёшида вафот этди
Италиянинг Буделли оролида (Сардиния яқинида жойлашган) ўттиз йилдан ортиқ ёлғиз ҳаёт кечирган Мауро Моранди 85 ёшида вафот этди. 2021 йилда Италия ҳукумати оролга Миллий боғ мақомини бергач, у катта дунёга қайтган. Тамаддунни қайтадан кашф этган Моранди ҳатто ижтимоий тармоқда саҳифа очган, оролдаги ҳаёти ҳақида китоб ёзган.
Мауро Моранди Буделли оролида яшовчи ягона инсон экани маълум бўлгач, матбуот уни «Робинзон Крузо» деб таърифлай бошлади. Моранди тарки дунё қилиб яшаганидан доим фахрланиб келган.
Умуман олганда, Моранди ҳам Робинзон Крузо каби кема воқеаси сабабли оролда қолиб кетган. Фақат ихтиёрий равишда. 1989 йилда Полинезияга катамаранда сузиб кетишга уринганида кемаси чўкиб кетади. Ўзи эса шу оролда қолиб, одамлардан йироқда яшашни ихтиёр қилади.
Унинг бахтига Буделли оролига қаровчи одам шу пайтда пенсияга чиқиб кетаётганди. Моранди фурсатни бой бермай унинг ўрнини эгаллаб, ўттиз йилдан зиёд гўзал табиатли оролни кўз қорачиғидек асраб келди.
Замонавий Робинзон 2021 йилда оролдан қайтганидан сўнг, ўзи туғилиб ўсган ва жисмоний тарбий ўқитувчиси бўлиб ишлаган (Италия шимолидаги) Модена шаҳрида яшаган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter