Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ҳарбий бўлишни орзу қилган робототехник (видео)

Рoботoтехника келажакнинг муҳим соҳаси бўлиб, технологик тараққиётнинг ажралмас қисми ҳисобланади. У инсонларнинг ҳаётини осонлаштириш, ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш ва янги имкониятларни кашф қилишда муҳим рол ўйнайди.

Наврўз Эргашев минглаб ёшларга билим улашиб, уларга технология оламида ўз ўрнини топишига кўмаклашаётган ижодкор ва ташаббускор шахс. У Бухородаги робототехника ўқув маркази асосчиси, ёш авлоднинг интеллектуал салоҳиятини ошириш йўлида меҳнат қилаётган ҳақиқий лидер. Ўзининг фидойилиги, жасорати ва орзуларига содиқлиги билан ёшларни келажак учун тайёрлашда катта ҳисса қўшяпти. Илгари ҳам Наврўз Эргашевнинг фаолияти билан танишган эдик. Бу гал эса унинг ташаббуси билан фаолияти йўлга қўйилган марказнинг муваффақиятлари ва келажак режалари тўғрисида суҳбатлашамиз.

Суҳбат аввалида у ўзининг мактаб йилларидаги ҳаёти, болаликдаги орзулари ҳақида гапириб берди.

— Мактаб давриданоқ кўп соҳаларга қизиққанман ва барчасини ўрганишга ҳаракат қилганман. Бир қанча тўгаракларга қатнаганман. Инглиз тили, рассомчилик, гитара чалиш ва ҳатто, совундан гуллар ясаш тўгаракларида ҳам иштирок этганман. Спортнинг бир эмас, турли йўналишларида мураббийлардан дарс олганман. Кикбоксинг,  кураш, футбол ва бокс спорт турларида ўзимни синаб кўрганман. «Бир йигитга қириқ ҳунар оз», деганларидек, ҳар соҳадан оз-оз кўникма ва билимларим бор, дейди у.

Кўплаб соҳалардан хабардор экансиз, аммо, қизиғи шундаки, нега айнан рoботoтехника сизнинг асосий ишингизга айланди?

— Тўғриси, бу қизиқишларимнинг ҳаммаси эмас. Болалигимда жанговор фильмларни кўп томоша қилардим ва 6 ёшимда ҳарбий бўлишни орзу қилганман. Ҳарбийликка қизиқишим ортидан ҳар соҳани билишга интилдим, айниқса, спорт билан ҳаётимни боғладим. Чунки ҳарбийлар учун соғлом ва бақувват бўлиш кераклигини билардим. Бироқ,  тақдир тақазоси билан робототехник бўлиш насиб этди. Ўз касбимни яхши кўраман ва соҳада ишлаш менга завқ бағишлайди.

Робототехника бўйича дастлабки таълимни қаерда олгансиз ва устозларингиз ким бўлган?

— Бухоро шаҳридаги Политехника коллежининг пайвандловчи йўналишида таҳсил олганман. Техника борасидаги дастлабки билимларим шу муассасадан бошланган. Kоллежда ўқиб юрган кезларимда илк катта ютуқни қўлга киритганимни яхши эслайман. Негаки, бу ютуқ бугунги кундаги муваффақиятларимнинг негизи, деб ҳисоблайман. Ўшанда пайвандловчи ёшлар ўртасида ўтказилган танловда ғолиб бўлгандим. Танловдан кейин мени Россиянинг Сочи шаҳрига ўқишга таклиф қилишди. У ерда ҳам ўқиб, ҳам ишладим. Устозим Елена Енаковадан роботатехниканинг асосий билимларини ўрганганман. Соҳани пухта эгаллаб, яширмайман, 2 минг долларгача пул топардим. Россиядаги робототехника марказида устозлик қилишдан ташқари, веб-дастурчи сифатида «Inform unity» компаниясида ишлаганман.

Россияда муқим ва каттагина даромадли ишни топган бўлсангиз, нима сабаб бўлдики, Бухорога қайтдингиз?

—Магистратурани битиргач, олийгоҳнинг аспирантурасида ўқишга ҳам таклиф қилишди. Шароитим ҳавас қилишга арзигулик бўлган. Лекин Россияда кўплаб халқаро танловларда қатнашиб, унда рус халқи ёшларининг иштирокини, соҳадаги билими ва ғалабадан кўзи ёниб турганини кўриб, бизнинг ватанимизда ҳам ёшлар ана шундай ютуқлардан яйрашини истадим. Менда ўзбек ёшлари халқаро майдонларда робототехник сифатида ғолибликларни қўлга киритишида ҳисса қўшиш иштиёқи кучлилик қилди.

2019йилда «Robot and Me» ўқув марказини ташкил этиш жараёнида дастлаб қандай режаларни ишлаб чиққансиз?

—Ростини айтсам, ҳеч қандай режам бўлмаган. Чунки, бу борада тажрибам кам бўлган. Россияда қандай дарс ўтган бўлсам, бу ерда ҳам шуни қўллашни истагандим. Бироқ, бу усул ўхшамади. Чунки соҳани ўрганиш учун тил билиш ҳам зарур. Барча назарий билимлар ва атамалар рус тилида ўзлаштиришга мўлжалланган. Шу 6 йил давомида ўзбек тилига асосланиб дарс дастурларини мослаштиряпмиз. Дарс бериш усуллари йилдан йилга ўзгариб бораяпти.

Рoботoтехника соҳасида бугунги кунда шогирдларингиз қандай натижаларни қўлга киритишаяпти?

—Шогирларим илгари, асосан, республика доирасида ўтказиладиган танловларда иштирок этишган. Эндиликдаги режамиз халқаро мусобақаларда ҳам қатнашиш. Яқинда бир шогирдим 162 та давлат вакиллари иштирок этган Швецариядаги «First global challenge» танловида иккинчи ўринни қўлга киритди. Бу марказимиз учун ҳам, устоз сифатида мен учун ҳам катта ютуқ, деб биламан.

Наврўз Эргашевнинг ижодкорлиги, нафақат, ёшлар балки, бутун жамият учун катта илҳом манбаидир. У ҳар бир ишида юқори сифат ва самарадорликни биринчи ўринга қўяди. Марказ ходимлари эса билим улашиш, интилиш ва ҳаракат орқали улкан марраларга етиш мумкинлигини исботлаяпти. Уларнинг ишлари технологик тараққиётга қўшилган улкан ҳисса сифатида қадрланиши шубҳасиз.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг