Энди ҳоким бир вақтнинг ўзида маҳаллий кенгашга бошчилик қилмайди
Энди ҳоким бир вақтнинг ўзида вакиллик ҳокимиятига бошчилик қилмайди. Президент томонидан имзоланган Қонун (ЎРҚ-976-сон, 17.10.2024 й.) билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Қонун билан айрим қонун ҳужжатларига ҳокимларнинг ҳамда халқ депутатлари Кенгашларининг ваколатларини аниқлаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Жумладан, «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонунидан вилоят, туман, шаҳар ҳокими бир вақтнинг ўзида тегишли ҳудуддаги вакиллик ҳокимиятига бошчилик қилиши ҳақидаги норма чиқариб ташланмоқда.
Ҳокимларга тегишли халқ депутатлари Кенгашлари сессиясига масалалар киритиш, зарурат бўлганда Кенгаш сессияси чақирилишини талаб қилиш ва тегишли халқ депутатлари Кенгашининг қонунчиликка зид бўлган қарорларини бекор қилиш учун Сенатга ёки судга мурожаат қилиш каби қатор янги ваколатлар берилмоқда.
Шунингдек, халқ депутатлари Кенгашларига депутатлар орасидан сайланадиган раис бошчилик қилиши, у ўз фаолиятини жамоатчилик асосида амалга ошириши белгиланмоқда, уни ваколатлари муддати тугагунига қадар лавозимидан озод қилиш тартиби назарда тутилмоқда.
Бундан ташқари, халқ депутатлари Кенгашлари ва ҳокимлар томонидан қабул қилинадиган ҳужжатларни Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорларини ишлаб чиқиш, келишиш ва рўйхатдан ўтказишнинг ягона электрон тизимида рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги талаб мустаҳкамланмоқда.
Бунда ушбу тизимда рўйхатдан ўтказилмаган ҳужжатлар ҳақиқий эмас деб ҳисобланади ҳамда ҳуқуқий оқибатларга олиб келмайди.
«Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Қонунга Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорларини ишлаб чиқиш, келишиш ва рўйхатдан ўтказишнинг ягона электрон тизимига маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари эълон қилинадиган расмий манба мақоми берилишини назарда тутувчи ўзгартириш киритилмоқда.
Кенгашларга сайланадиган раис бошчилик қилишига оид ўзгартиришлар вилоятлардаги, Тошкент шаҳридаги кенгашларга нисбатан - навбатдаги сайлови якунлари бўйича, туман, шаҳар давлат ҳокимиятининг вакиллик ва ижро этувчи органларига нисбатан – 2026 йил 1 январдан эътиборан амалга киритилади.
Қонун лойиҳаси Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилиб, Олий Мажлисга бир гуруҳ депутатлар ташаббуси билан киритилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter