Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Бу дунёда кўрмаган гўзалликларимни жаннатларда кўраман, иншааллоҳ! (видео)

Шаҳрихоннинг «Найнаво» қишлоғида бир шоир йигит бор.

Ақлли, зукко, қобилиятли, ҳар томонлама интилувчан ва ҳамиша кулиб туради. У билан гаплашиб зерикмайсиз. Қишлоғидаги энг сўнгги янгиликлару, жаҳон айвонида содир бўлаётган воқеаларгача, техника оламидаги кашфиётлару, янги чоп этилган китобларгача ҳаммасидан сизни хабардор қилади. Турли латифалар тўқиб гапириб, ичакларингизни узади. Ҳали тўгаракка кетган, ҳали қайсидир тадбирда, ҳали машинкасини чиқиллатиб шеър ёзаётган, ҳали компьютерни титкилаётган. Андижонда унинг бормаган кутубхонаси, ўқимаган китоблари деярли қолмаган. Университет талабаси, бўлғуси педагог гўзал шеърлар, ҳажвиялар ёзади. Китоблари бир неча бор чоп этилган. Шеърларида дард, муҳаббат, садоқат, эзгулик, Яратганга илтижо, шукроналик, ҳаммаси бор. Ва... бу шеърлар игна билан ёзилган.

Ҳа, «бири кам дунё», деб шунга айтсалар керак-да. Бу ўктам, ҳаётга чанқоқ йигитнинг кўзлари —туғма ожиз.

Яратган ҳеч кимни фарзанди билан синамасин экан. Гўдаклигидаёқ нобуд бўлган эгизак қизларидан кейин Одинахон ва Давронбек Юлдашевларга яна ота-оналик бахти насиб этди. Эр-хотин чақалоққа умид билан Зокиржон деб исм қўйдилар. Аммо...

— 7 ойлик бўлгунича ўғлимизнинг кўзлари ожизлигини сезмаганмиз, — дейди Одинахон Юлдашева. — Атрофдаги ҳаракатларга ҳеч қандай реакция билдирмаётганини кўриб текширтирсак, шунақа ҳолат. Бормаган дўхтиримиз, ётмаган  шифохонамиз қолмади ҳисоб. Ҳатто, Москвадаги кўз соҳасининг етук мутахассисларигача олиб бордик. «Кўз гавҳарининг ортида ўсимта бор, шу кўриш функциясига ҳалақит беряпти. Жарроҳлик амалиёти ўтказиш мумкин, аммо, 5 фоизгина кафолат бера оламиз!» дейишди. Дадаси ўзи шифокор бўлгани учун, асоратларини ўйлаб розилик бермади. Не қилайлик, тақдирнинг ёзуғи шу экан.

Зиёли оила бу синовларни тақдирнинг инъоми, Яратганнинг ҳикмати сифатида қабул қилди. Ёлғиз фарзандининг келажаги учун бор имкониятларни ишга солди. Дунёни англаш, уни ҳис этиш истагидаги шўх болакай кўзи ожизлар учун мўлжалланган махсус брайл ёзувида  таълим олди. Илмга чанқоқ қалби билан барчасини ўзлаштирди. Билим олишга, китоб ўқишга бутун вақтини сарфлади.

Ҳар бир инсоннинг яширин, индивидуал қобилияти бўлади. Зокиржонга ҳам туғма истеъдод, қалам инъом этилган эди. Шеъриятга ошуфта йигит шеърлар ёза бошлади. Ижодкорларнинг адабий тўгаракларига бориб қалами чархланди.

Бугун мен сабрнинг ажри, мукофоти бўлишига чин дилдан ишондим. Чунки, буни ўз кўзларим билан кўрдим. Зокиржон билан «Иқбол» газетасида ишлаб юрган кезларим танишгандим. Ўша пайтлар у таҳририятга шеър кўтариб келиб турарди. Гоҳида дадаси билан, гоҳида ёлғиз ўзи. «Кўзлари кўрмаса, йўлни қандай топиб келаркин?», «Уйига эсон-омон етиб олдимикан?», деб хавотирланган онларим кўп бўлган. Аммо, Зокиржон тиришиб-тирмашаверди, ўз олдига қўйган мақсадлари, орзуларига сабру матонати билан мана, бирин-кетин эришяпти.

Андижон Давлат университетига ўқишга кирди, ҳадемай ўзи ёқтирган соҳанинг дипломини олади. Айни кунларда Шаҳрихон туманидаги 41-умумтаълим мактабида ўқувчиларга она тили ва адабиёти фанидан дарс беряпти.

Вилоят ижодкорларининг «Нафосат» клуби аъзоси, «Озор берма дилимга», «Олисдаги муҳаббатим», «Шукрона» китоблари муаллифи.

Солиҳа қизга уйланди, соғлом ўғилли бўлди. Одина опа билан Даврон ака ҳам 30 йиллик сабрларининг мевасини тотишяпти. Набирасини еру кўкка ишонишмайди.

— Кўзим ожизлиги орзуларимга эришишимда ҳеч қачон тўсиқ бўлмаган! – дейди Зокиржон. – Мен буни дард эмас, бахт сифатида қабул қиламан. Муҳими, қалб кўзи кўр бўлмасин! Бу дунёда кўрмаган гўзалликларимни жаннатларда кўраман, иншааллоҳ!

Муаззам ИБРАГИМОВА

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг