Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Таниқли шоир ва таржимон вафот этди

Таниқли шоир ва таржимон вафот этди

Фото: Ёзувчилар уюшмаси.

11 феврал куни Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир ва таржимон Борис Пак вафот этди. Бу ҳақда Ёзувчилар уюшмаси хабар берди. 

Борис Пак 1932 йилда Корея Республикасида туғилган. У Ўзбекистонга тўрт ёшлигида келган. Тошкент давлат педагогика институти (ҳозирги Тошкент давлат педагогика университети)ни тамомлаган.

Борис Пак рус тилида ижод қилган. Айни пайтда соф ўзбек тилида гаплашган. Унинг илк китоби “Ты по звёздам идёшь” (“Юлдузлар бўйлаб борасан”) 1968-йилда чоп этилган. Шу пайтга қадар унинг болалар учун “Загадки – отгадки” (“Топишмоқлар – жавоблар”, 1969), “Как Петрушка съел ватрушку”, (“Петяжон қандай қилиб сузмали парамачни еди”, 1972), “Учимся думать” ( “Фикрлашни ўрганамиз”, 1978), “Звёздная лебедь” (“Юлдузлар аро оққуш”, 1986), “Лунние качели” (“Ой ҳалинчаги”, 2008), “Солнышко” (“Қуёшча”, 2016) каби қатор шеърий тўпламлари, шунингдек, “Время бьёт, не целясь, в висок...” (“Вақт шапалоқ туширар кутилмаганда”, 2011) номли сайланмаси нашр этилган. Кўпгина шеърлари куйга солинган бўлиб, улар бугунгача болалар томонидан севиб ижро этиб келинади, қўшиқлари турли йилларда грампластинкаларга ёзилиб, тарқалган.

Борис Пакнинг “Песня наш друг” (“Қўшиқ ҳамроҳимиз”), “Слушайте малыши” (“Тингланг, болажонлар”), “Подорожник” (“Баргизуб”) ва бошқа шеърларига басталанган қўшиқлар Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси фондида сақланади.
Борис Пак Юсуф Шомансур, Хайриддин Салоҳ, Тўлқин, Маъруф Жалил, Ошиқ Эркин каби ўзбек, Холмурат Сапаров, Саъдулла Аббазов каби қорақалпоқ, Амет Мефаев, Решид Мурат, Сейтумер Эмин каби татар шоирларининг шеърларини рус тилига таржима қилган. Унинг шеърлари ўзбек, қорақалпоқ, қозоқ, қирғиз, болгар, корейс, озарбайжон ва бошқа тилларга таржима қилиниб, чоп этилган.

1992-йилда у “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими” фахрий унвони билан мукофотланган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг